Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР
* * *
Бир кишининг ҳам, миллатнинг ҳам тили ва урф-одатини билмасдан қалбини забт этиб бўлмайди.
* * *
Диний илмдан яхши хабардор, тақводор инсонлар бошқа дин вакилларига ҳам юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатадилар.
* * *
Аксариятимиз аждодлардан қолган энг катта маънавий бойликлар - турли алифбода ёзилган китобларни ўқишдан маҳруммиз.
* * *
Номи улуғ, унвону нишон соҳибларининг аксарияти ўз давру замонида бахтли-саодатли ва завқу шавқ билан яшаганлар. Уларни ўзи яшаб ўтган давлату тузумдан жабрланган қилиб кўрсатишга уринмайлик.
* * *
Ғалаба қилишига ишончи бўлмаган киши ё курашга кирмайди ёхуд мағлуб бўлади.
* * *
Танқид - асослилиги ва таклиф билан таъсирлидир.
* * *
Камчиликларини ошкора айтишга қодир жамият, ўзини ўзи танқид ва муаммоларини бартараф қилиш борасида баҳс қила оладиган элу халқгина иллату нуқсонларидан тезроқ соқит бўлади.
* * *
Асоссиз ҳақорат — андишасизлик ва адабсизликнинг яққол намунасидир.
* * *
Яхши мутахассислар ҳар қандай давру замонда ўз ўрнини топиб яшайдилар.
* * *
Кўпчилигимиз "ўтмиш сарқитлари"ни қоралаб эътиборга тушишни, амал ва унвону нишон соҳиби бўлишни истаймиз.
* * *
Икки кишига ҳам, минг кишига ҳам бир бошлиқ керак.
* * *
Аксариятимиз ҳамиша ҳақликка даъвогарлик қиламиз.
* * *
Ислоҳотларнинг самарасини фақат вақт кўрсатади, келажак баҳолайди.
Абдишукур ОМОНОВ