Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР
* * *
Илм ва ҳунар эмас, амал эгаллашга интилувчилар кўпдир.
* * *
Катта ва кучли бўрилар билан бирга овга чиққан бўрибаччалар кўпроқ увлайди.
* * *
Самимийлик ва мулойимликни кўпчилик ожизлик ҳисоблайди.
* * *
Инсонни фақат фикру сўзига эмас, асосан хатти-ҳаракатига қараб таърифлаш керак.
* * *
Меҳнатига яраша даромад олмайдиган давлат хизматчисининг фидойилиги ва ҳалолу поклигига ишониш қийин.
* * *
Буюк даҳолар ўз давридан олдинга ўтиб кетадилар, шу сабабли ё тан олинади, ё ўз фикру ғояларининг қурбонига айланади.
* * *
Ақлу фаросати етадиган гапларни айтмасанг "жинни"лар сени жиннига чиқаришади.
* * *
Шарқ фалсафаси: заиф инсон устидан қозонилган ғалаба мағлубиятга тенгдир.
* * *
Жамиятда қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимияти ўзаро мустақил ҳамда амалда бир-бирини тийиб туриш ваколатига эга бўлмаса, ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриб бўлмайди.
* * *
Мулку мансаб ва унвону нишон қайғуси кўплаб олиму фозилларни росту ҳақни айтишдан тийиб туради, сукут сақлатади.
* * *
Муқаддас зиёратгоҳлар савдо дўконига айланиб қолмаслиги керак.
* * *
Ўзини ўтган давру тузумдан жабр кўрган қилиб кўрсатувчиларнинг аксарияти ёлғончилардир.
* * *
Шарқ фалсафаси: ёқтирмаган кишиларимиз ёрдамига муҳтож бўлиш буюк бахтсизликдир.
* * *
Жамиятда сиёсий партияларнинг кўплиги - ошкоралик ва ҳуқуқий демократик давлат барпо қилинганлигидан далолат бермайди.
* * *
Бўрилар ҳам ўз уйи атрофида шерларнинг ов қилишига қаршилиқ қилади.
* * *
Ўтмишни ёмонлаб бугуннинг муаммосини ҳал этиб бўлмайди.
* * *
Айрим ёлғонлар шунчалик чиройли тарзда айтиладики, кўп эшитаверсанг унинг ёлғонлигига ҳам шубҳа қилиб қоласан.
* * *
Қалбда муҳаббат бўлмаса - мақсад, умид, завқ, интилиш ва курашиш ҳам бўлмайди.
* * *
Инсоният тарихида ўз ихтиёри билан тахтини топширган шоҳлар кам бўлган.
А.ОМОНОВ