Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР
* * *
Оломонга томоша керак, бугун олқишлаган оломон эртага таҳқирлашу осишга ҳам тайёр туради.
* * *
Лавозимга сайланган бошлиқлар сайловчиларга, мансабига тайинланган амалдор тайинлаш ҳуқуқига эга катта амалдорга хизмат қилишга интилади.
* * *
Олиму фозиллар, орифлару илм аҳли тўрга олиб чиқилмаса, қадрланмаса жамиятда маърифату маънавият ривож топмайди.
* * *
Назоратчи-текширувчилар қанча кўп бўлса қонуну қоидабузарлар ҳам шунча кўп бўлади.
* * *
Авому оломоннинг муҳаббати ўткинчидир.
* * *
Мақтовни ёқтирадиган раҳбарларни ҳамма мақташга ҳаракат қилади.
* * *
Айрим масалаларни ҳал этишга “яширинча йўллар” орқали борилса тезроқ ижобий ечимини топади. Начора?
* * *
Ночору муҳтожнинг дарду илтимосини эшитиб, ижобий ҳал қилиб беролмасанг ўзингдан ўзинг нафратлана бошлайсан.
* * *
Омадсизларнинг аксарияти “ҳалол ва пок”ликка даъвогардирлар.
* * *
Айёру хушомадгўйлар нафақат бошлиқлар, давру тизим ўзгарса ҳам ўзгармайдилар.
Абдишукур ОМОНОВ