Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР
***
Инсоннинг истагу хоҳиши имкониятлари билан бирга давру замонга ҳам мос келиши керак.
***
Маърифат ҳақида узоғу хўб гапирадиганларнинг ҳаммасини ҳам маънавиятли деб бўлмайди.
***
Иқтисодиёт, моддий ҳаётимиздаги камчилик – ана шу қусур бизни бошқаларга муте бўлиб яшашга мажбур қилади.
***
Расмий давлат идоралари давлат ишини қайси тилда, қайси алифбода юритсалар – шуниси “давлат тили”дир.
***
Олиму-фозилларнинг аксарияти моддий ва маънавий бой бўлганларнинг авлодларидир.
***
Ислоҳот – ҳеч қачон якунига етмайдиган ишлардир.
***
Шарқдан Ғарбга, Ғарбдан Шарққа “тош отиш” – бошқалардан хато изловчилар ва ўз камчиликларини билмайдиганларнинг доимий эрмагидир.
***
Ўз жонига қасд қилган одам, бу ҳаракати билан кимнидир жазоламоқчи бўлади.
***
Бобом деди: уйда ўтирсанг шарти кетиб парти қолган кампиринг ҳам иш буюришни яхши кўради, одат қилади.
***
Ўзини ўзи бошқара олмаган одам элу жамоага оқсоқоллик қилолмайди.
***
Орзу-мақсади улуғларнинг меҳнату мажбурияти ҳам катта бўлади.
***
Тарихга назар солинг: нафақат “доҳий”лар ҳатто диктаторлар ҳам фақат халқ номидан гапирганлар ва халқ номидан иш кўрганлар.
***
Аввало ўзингга, сўнгра фарзанду набираларингга талабчан бўл!
***
Раҳбар ҳар қандай масала бўйича таҳлили, хулосаси ва таклифи бўлмаса маъруза қилмаслиги керак.
***
Айрим миллатдошларимиз ўзбек тилига ажнабий сўзларни қўшиб гапиришни “замонавийлигу маданиятлилик” ҳисоблайди, афсус.
***
Оила – бу маконда нафақат райҳону атиргуллар балки тиконлар ҳам ўсиши мумкин.
***
Ўтмишига “тош отиш”ни одат қилган элу улуснинг порлоқ келажагига ишониш қийин.
***
Ҳамманинг бир хил фикрлаши – ҳеч кимда фикру эътиқод йўқлигидан далолат беради.
***
Уламо дебди: Аллоҳдан бошқанинг эътиборини қозонишга интилиш хушомадгўйликдир.
Абдишукур ОМОНОВ