Меню

Қашқадарё

13.07.2017 1848

ҲАЁТ КУЗАТУВЛАРИДАН ҚАЙДЛАР

* * *

Шоқолу тулкилар шеру йўлбарсларни ҳар қадамда алдашга ҳаракат қиладилар.

* * *

Шоқолу тулкилар билан курашга киришган шер фақат кулги бўлади.

* * *

Яхши раҳбарлар қадрини ёмон раҳбарлар билан ишлаганимиздагина англаб етамиз.

* * *

Ҳеч кимга керак бўлмаслик, ёлғизлик инсоннинг энг катта бахтсизлигидир.

* * *

Ҳарбий қуроллар ишлаб чиқарувчилар ва қурол сотувчилар ҳамиша элу халқлар, давлатлар ўртасида урушлар бўлиб туришини истайдилар.

* * *

Қонунлар шунчалик аниқ ва тушунарли ёзилиши керакки, айрим “ақлли” юристлар бу қонунни ўзининг фойдасига буриб юбормасинлар.

* * *

Ёшликдаги беғуборлигу самимийликни улғайганда сақлаб қолиш аксариятимизга насиб этмайди.

* * *

Мақтанчоқликни одат қилганлар ҳеч қачон ҳаммани ҳайратга соладиган муваффақиятга эришмайдилар.

* * *

Ўзига боғлиқ масаланинг ечимини топа олмаган ходим раҳбарининг душманларидан биридир.

* * *

Бир пайтлар одамлар илму ҳунарсизлиги ва ногиронлиги учун уялишган, кўпчиликдан узоқроқ бўлишга интилишган бўлса, ҳозирги кунда аксарият шундай инсонлар бу камчиликларини пеш қилиб тирикчилик қилишга интилмоқдалар.

* * *

Бир умр ғирромлигу муттаҳамликни одат қилиб яшаётганлар ҳам Аллоҳнинг марҳаматию жаннатидан умидвордир.

* * *

Айрим диний илмдан хабарсизлар ҳам дину Аллоҳ номидан иш кўриб, тирикчилик қилишга ҳаракат қиладилар.

* * *

Нодону жоҳилга илму ҳунар ўргатган, тартибга чақира олган одамгина ҳақиқий олиму донодир.

* * *

Айримларимиз раҳбарларимизнинг фикру мулоҳазасига риоя қилмасак-да, ташвишу муаммоларимизда раҳбарларимизни айблашга ҳаракат қиламиз.

Абдишукур ОМОНОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!