Меню
Қашқадарё
“ҲАЁТ ФИЗИКАДАН ИБОРАТ...”
Асли Қарши туманининг Қўрғонча қишлоғида туғилган Турсун Содиқовнинг севиб ўрганган, кейинчалик ҳаётий мақсадига айланган фани - физика эди. У бу фанни ҳаётнинг ўзи деб биларди. “Ҳаёт физикадан иборат, - дерди у талабаларга, - эътибор беринг, бу жуда оддий гап: бутун борлиқнинг ҳаракати физика қонунларига асосланади ва шу билан ҳаёт давомийлиги таъминланади”.
Турсун Содиқов бир умр физика ўқитувчиси бўлиб ишлади. Дастлаб мактабда (бу Иккинчи жаҳон уруши даврларига тўғри келади), сўнг университетда фаолият кўрсатди. Айниқса, Қарши давлат университети (ўша пайтларда пединститут)даги дастлабки йиллар талабаларга ҳаётнинг муҳим сабоқларини берди.
Ўша йилларда институтда физика лабораториялари ва зарур асбоб-ускуналар мавжуд эмасди, ёш физикнинг биринчи иши физика лабораториялари ташкил этиш ва уларни жиҳозлашдан бошланди. Шу асосда ҳозирги физика кафедрасига асос солинди.
- Турсун Содиқов 1958 йилда физика-математика факультети тарихида биринчи бўлиб илмий-тадқиқот ишларини бошлаб берган, - дейди унинг шогирди, техника фанлари номзоди Ботир Хайриддинов. – Шу билан бирга, ўша йили гелиополигон ташкил этилиб, гелиотехника бўйича илмий-тадқиқот ишларига асос солинди. Иқтидорли талаба ва ёш ўқитувчилардан иборат гелиотехниклар мактаби яратилди. Асқар Вардиашвили, Бахтиёр Холлиев, Саъдулло Маматов, Баҳриддин Нуриддинов ва бошқа олимлар шу мактаб сабоғини олишган. Гелиополигон базасида тайёрланган 2 та докторлик ва 10 дан ортиқ номзодлик диссертацияси унинг нуфузини кўрсатиб турибди.
Турсун Содиқов илм излаб толмайдиган одам эди. Унинг ташкилотчилиги билан 1955 йилда физика лабораториясини электр қуввати билан таъминлайдиган кичик шамол электростанцияси ўрнатилади. 1960 йилда радиоузель ташкил қилинган бўлса, кейин планетарий, ундан сўнг техник воситалар кабинети (ҳозирги ахборот технологиялари марказининг негизи) фаолияти йўлга қўйилади.
Домланинг университет учун қилган хизматларидан яна бири – 1995-1998 йилларда университет тарихи музейини ташкил этгани бўлди. Қолаверса, ўқув даргоҳи тарихига доир бир қатор китоблар ёзди. У илм даргоҳида бирга ишлаган сафдошлари ҳақида “Ёднома” китобининг 3- ва 4-қисмларини ёзганида, 90 ёшда эди.
Инсоннинг иккинчи умри у амалга оширган эзгу ишларда, фарзандлари камолида давом этади, дейдилар. Шундай экан, ўрнак олишга арзийдиган эзгуликка тўла ҳаёти билан Турсун Содиқов хотираси ҳамиша барҳаёт.
Нодира БЕГМАТОВА,
Қарши давлат университети ўқитувчиси