Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ ДАВОМИЙЛИГИНИНГ МУҲИМ ОМИЛИ
Суратда ифодаланган манзарани кўз олдингизга келтиринг: инсондай мукаммал яратилган хилқатнинг майиб-мубталоликка гирифтор қилинган ҳолатидан кўра аянчлироқ яна нима бор? Яшаши, кун кечириши, ўз-ўзини идора қилиши учун зарур бўлган ҳаётий муҳим аъзоларининг кўпидан айрилган, айни пайтда суянадиган тиргагидан ҳам айрилаётган одам нажотни фақат кўкдан – самодан кутади. Табиат ва инсон муносабатлари, экологик муаммолардан таъсирланган рассом ўз муносабатини нега шу қадар аянч тасвирда ифодалагани ҳам ўйлаб кўрса арзийдиган масала. Дунё ҳамжамиятининг илғор фикрли кишиларини кейинги пайтларда ниҳоятда ташвишлантираётган глобал экологик муаммоларнинг олди олинмаса ёки уларнинг ҳаётимизга таъсири бироз бўлса-да, юмшатилмаса, маълум вақтдан сўнг рассом чизган аянч сурат Ерда ўз аксини топиши тайин. Айниқса, табиатдаги биологик хилма-хиллик кейинги йилларда кескин камайиб бораётгани ҳам муҳим муаммолардан биридир.
Биологик хилма-хиллик нима? Оддий тилда тушунтирганда, биологик хилма-хиллик танада қўл, оёқ сингари таянч ҳаракат, кўз, бурун, тил каби сезги, тери, соч, тирноқ каби ҳимоя аъзоларининг ўзаро бир-бирига боғлиқ ҳолдаги ҳаракатидир. Яъни юқоридаги аъзоларнинг бутунлиги инсоннинг тўрт мучаси соғломлигидан дарак берса, биологик хилма-хиллик (ёки биохилмахиллик) занжирининг мустаҳкамлиги табиатнинг завол топмаслиги, ундаги муҳим жараёнларнинг давомийлигини таъминлайди. Маълумки, қўл оёқнинг, оёқ кўзнинг, кўз қулоқнинг вазифасини бажара олмайди. Қачонки, ҳар бир аъзо ўз ишини эплай олсагина, инсон бирор ҳаракатни мустақил қила олади. Табиатда ҳам худди шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Унинг занжиридаги ҳар бир халқанинг ўзига хос ўрни ва вазифаси қатъий белгиланган. Тропик ўлкаларда каркидон ёки филнинг табиий-биологик вазифасини сақоқуш ё киви қушининг зиммасига юклаб бўлмайди. Ёки оддийгина чувалчанг бажарадиган юмушни илон қилиб бера олмайди. Худди шунингдек, ўтхўр жониворларнинг табиат занжиридаги ўрнини йиртқичларга, қушларнинг юкини судралиб юрувчиларга юклаш мумкин эмас. Озуқа занжирида, яшаш муҳитини барқарорлаштиришда, турларнинг табиий популяциясида ҳар бир жонивор, қуш, ўсимлик, балиқ ё бошқа сув жониворлари, ҳатто майда микроорганизмларнинг ҳам алмаштириб бўлмайдиган ўз ўрни, аҳамияти бор.
Биохилмахилликнинг мутахассислар томонидан берилган таърифи эса қуйидагича: биологик хилма-хиллик - тирик организмнинг мураккаблиги, ўз функцияларини ўзи созлаш қобилияти ва улардан ҳар томонлама фойдаланиш имкониятини акс эттирувчи биологик объектларнинг фарқланадиган турлари ёки ҳодисалари сони ҳамда улар ҳаётининг давомийлиги, тадрижийлиги. Ушбу омилни уч йўналишга бўлиб ўрганиш мумкин: генетик хилма-хиллик; турлар хилма-хиллиги; экотизимлар хилма-хиллиги. Генетик хилма-хиллик Ер юзидаги тирик организмлар генетик ахборот ҳажмини ўз ичига олса, турлар хилма-хиллиги, дейилганида, тирик организмларнинг турлари назарда тутилади. Экотизимлар хилма-хиллиги эса биосферадаги яшаш муҳити, биотик жамоалар турли-туманлиги ва экологик жараёнларнинг турличалигини ифодалайди.
Маълумотларга қараганда, Ер юзидаги таксономик жиҳатдан аниқланган турларнинг сони 13 миллионга яқин. Ҳозиргача аниқланган турлар эса 1,75 миллионни ташкил қилади. Бу турларнинг 750 минги ҳашаротлар, 41 минги умуртқали ҳайвонлар, 250 минги ўсимликлардир. Қолган қисми мураккаб турдаги умуртқасиз ҳайвонлар, сувўтлари, микроорганизмлардан иборат. Бу бутунлик инсон билан қўшилиб, табиатдаги биологик хилма-хилликни ташкил этади. Бироқ кейинги даврда табиатга антропоген ва техноген таъсирнинг кучайганлиги, бунинг натижасида иқлим ўзгариши рўй бериб, глобал исиш, атмосфера ифлосланиши, табиий ҳудудларнинг кескин камайиши, дунё уммони сатҳининг кўтарилиб бориши ва сувининг катта ҳажмда ифлосланиши юз бераётгани сабабли биохилмахилликка ҳам путур етиб бораётгани сир эмас. Бу омилнинг кескин камайиб бориши тез орада Ер сайёрасидаги яшаш учун қулай биомуҳитнинг йўқолишига сабаб бўлиши мумкин. БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунга келиб, сайёрамиз аҳолиси тез суръатларда кўпайиб бораётгани ҳолда, ҳайвонот дунёси учдан бир қисмга камайиб бораяпти. Жумладан, сут эмизувчиларнинг 21 фоизи, судралиб юрувчиларнинг 30, қушларнинг 12, акулаларнинг 17 фоизи Ер юзидан буткул йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу албатта жиддий кўрсаткич.
Ушбу масала дунё афкор оммасининг эътиборини тортиб, инсониятни жиддий ташвишга солди. Шу боис, 1992 йилда Рио-де-Жанейро шаҳрида атроф-муҳит муҳофазаси масалаларига бағишлаб ўтказилган бутунжаҳон саммитида БМТ томонидан Биологик ранг-баранглик тўғрисидаги Конвенция қабул қилинди ва бир йилдан сўнг у халқаро ҳужжат сифатида кучга кирди. Ўша пайтнинг ўзидаёқ мазкур конвенция қисқа муддатда дунёнинг 188 мамлакати томонидан ратификация қилинди. Бу эса биохилмахиллик мавзуси аксарият давлатларнинг кун тартибидаги асосий масалага айланганидан далолат беради. Ўзбекистон бу конвенцияни 1995 йилда ратификация қилди ва шундан бери мамлакатимизда флора ва фаунани ҳимоя қилиш, табиий ҳудудларни муҳофазалаш, биохилмахилликни асраш юзасидан кўплаб хайрли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, 1998 йилда Биохилма-хилликни сақлаш миллий стратегияси ва ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, тасдиқланди. Унда биохилма-хилликни сақлаш соҳасида минтақавий ва маҳаллий ҳаракат режаларини тузиш ва амалга ошириш, халқаро конвенциялар ҳамда минтақавий битимлар шартларини бажариш борасидаги халқаро алоқа ва ёрдамларни мувофиқлаштириш каби вазифалар белгиланган. Шунга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда кўплаб табиий ҳудудлар, йўқолиб ёки камайиб бораётган ҳайвон, қуш, ўсимлик турлари давлат муҳофазасига олиниб, қўриқхоналар, махсус ўрмон хўжаликлари, экологик марказларда кўпайтирилаяпти.
Мамлакатимиздаги биохилма-хилликни 27 минг ўсимлик ва ҳайвон турлари ташкил этади. Булар сирасига 97 турдаги сут эмизувчи, 424 турдаги қуш, 58 турдаги ҳашарот, 83 турдаги балиқ кириб, ўсимлик турлари 4 мингдан ортиқлиги аниқланган. Уларни асраб-авайлаш, кўпайтириш, келажак авлодга етказиш бугуннинг долзарб вазифаларидан ҳисобланади.
Биологик хилма-хиллик Ердаги ҳаёт давом этишининг энг зарурий, энг шарт бўлган омилидир. Уни асраб қолиш – муқаддас вазифа. Ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаро бу ишга онгли равишда бош қўшмоғи, биохилма-хилликни сақлаш учун ҳаракат қилиши лозим. Бир дона гул экиш, бирор жонивор ё балиқнинг ноқонуний овланишига тўсқинлик қилиш орқали, жуда бўлмаганда, атрофдагиларга биологик хилма-хилликнинг нима эканини тушунтириш йўли билан ҳам бу муқаддас вазифани бажаришга ҳисса қўшиш мумкин.
Хуршида АБДУЛЛАЕВА тайёрлади.