Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ ҲАР БИРИМИЗНИНГ УМРИМИЗНИ СОДДА ОДАМ ФИРИБГАРГА ЎЗ ПУЛЛАРИНИ БОЙ БЕРГАНДЕК СОВУРЯПТИ
Сараланган сатрлар
Инсон иши кўпайганда бўш вақтнинг, касаллик етганда саломатликнинг қадрига ета бошлайди. Аслида бу икки неъмат кўпчиликда бор, фақат уни борида қадрлашни, унумли фойдаланишни билмаймиз.
Энди ўйлаб кўринг: умрининг саноқли кунлари қолганини билган киши ҳаётга қандай қарайди? Қай тарзда умр кечиради? Майда-чуйдаларга, ҳою ҳавасларга ўралашиб қоладими? Йўқ, албатта. Дунёдан армонсиз, афсус ва пушаймонсиз кетмоқ учун икир-чикирлар, ўткинчи ҳислардан баландда туришга ҳаракат қилади, ўзи истагани, орзу қилгани каби яшаш кўйида бўлади. Бироқ бунинг учун саноқли кундан сўнг умр поёнига етишини билиш шартми? Барибир ҳам қачондир бу ёруғ оламни тарк этамиз-ку!..
Шундай экан, турли ёмонликлардан тап тортмай, дунёга берилиб яшашдан не наф? Аслида кўп муаммоларнинг туб илдизи ўзимизни бу оламда абадий яшайдигандек тутишимизда эмасми?
Немис адиби Эрих Мария Ремарк қаламига мансуб "Қарзга олинган умр" романи шу каби саволлар билан юзма-юз қилади бизни. Икки жаҳон урушидан кейин турғунлик, беморлик билан юзма-юз келган инсонларнинг яшашга, бахтли бўлишга иштиёқи ўқувчини тўлқинлантириб юборади.
Китоб мутолаасидан кейин ҳаётнинг, унинг ҳар бир дақиқаси қадрига ета бошлайсиз. Ҳаёт гўзал ва умр қисқа экани, бинобарин, ундан мазмун топиш ҳар бир кишининг қўлида.
Ремаркнинг бу романида ҳаёт ва ўлим ҳақида, айниқса, ўлим ҳақида кўп мулоҳаза юритилган. Ўлимки, ҳаётдан умидворлик бор.
* * *
Қарзга олинган умр. Умрки, ҳеч нарсага ачинмайсан, чунки энди йўқотадиган нарсанинг ўзи йўқ.
Бу - ўлимга маҳкумлигингни била туриб севиш.
Бу - ҳар қандай вазиятда ҳам қувонч учун сабаб топа олиш.
Бу - мусибат чегарасида севиниш ва ҳалокат чегарасида таваккал қилиш.
Келажак йўқ. Ўлим шунчаки сўз эмас, ҳақиқат.
Ҳаёт эса давом этмоқда. Ҳаёт гўзал!..
* * *
Фақат ақлга таяниб яшаб бўлмайди. Инсоният туйғу билан яшайди, туйғуларга эса ким ҳақлигининг фарқи йўқ.
* * *
Ўзингни матадор деб ўйласанг-да, ҳар доим буқа бўлишга тўғри келади.
* * *
Ҳар доим ва ҳар қаерда кавш қайтарадиган одамлар бор. Улар ҳатто дўзахга ҳам ўзлари билан бутерброд олволишади.
* * *
Парижга бир асирни қатл этиш учун олиб келишади. Совуқ бўлгани учун йўл чўзилиб кетади. Йўлда аскарлар исиниб олиш учун вино ичишга тўхташади. Улар раҳм қилиб ўлимга ҳукм қилинган асирга ҳам ичкилик беришади. У бутилкани қўлига олади ва аскарларга тикилиб, шундай дейди: "Умид қиламанки, ҳеч бирингизнинг юқумли касалингиз йўқ". Шундан кейингина винодан ичади. Ярим соатдан кейин бошидан жудо бўлади.
* * *
Ўзимни худди мангу яшайдиган одамлар даврасига тушиб қолгандек ҳис қилаяпман. Ҳар ҳолда, улар ўзларини шундай тутишяпти. Хаёлларига фақат пул, ҳаёт ҳақида унутиб қўйишган.
* * *
Уруш пайти ҳамма, агар тирик қолсам, буткул бошқача яшайман, хатоларимни такрорламайман, деб ўзига сўз берганди. Одамзод тез унутади.
* * *
Ҳар бир эркак агар у аёлга ёлғон гапирмаётган бўлса, аҳмоқона сўзларни гапиради.
* * *
Бахт нима ўзи?
Унинг нималигини ким ҳам биларди? Балки у жар ёқасида мувозанат сақлашдир.
* * *
Одамларни тезликни ошириш ҳуқуқи берилгани - бу ўзини Худо санаши керак, дегани эмас. Айтишларича, инсон мияси ишлаб чиқарадиган восита ёрдамида ўз шахсий тезлигидан ўзиб кетар экан. Бу - ёлғон. Бургут патларига ёпишиб юқорига кўтарилган бит ўз тезлигидан ошиб кетган бўлмайдими?
* * *
Наҳотки, бирор нарсани англаши учун киши фожиани, қашшоқликни, азобни, ўлим нафасини бошидан ўтказиши керак?
* * *
Ҳар бир одам битта, ягона декорацияда яшайди. У бу дунёда фақат шу қоплама мавжудлигига ишонади. Декорацияларнинг сон-саноғи йўқлигини билмайди. У ўзининг декорацияси фонида токи у эскириб, жандага айланиб, худди эски латтадек танасига ёпишиб қолмагунча яшайди. Шунда одам энди донишманд кексалик келди, мен хом хаёлларга берилиш одатини ташладим, дея ўзини алдайди. Ҳақиқатда эса ҳеч нарсани тушунмаган бўлади.
* * *
Ҳаёт. У ҳар биримизнинг умримизни содда одам фирибгарга ўз пулларини бой бергандек совуряпти.
* * *
Осмон ҳамма жойда акс этади, ҳатто кўлмакларда ҳам. Худо ҳам ҳамманинг кўнглида акс этади.
* * *
Ҳар доим аҳволи сеникидан оғирроқ одамлар топилади.
* * *
Демак, доим бироз бўш жой қолдириш керак экан, расмни охиригача чизиш шартмас, бўлмаса хаёлотга ўрин қолмайди.
* * *
Токи қулаётганингни эслар экансан, демак, ҳали ҳеч нима йўқотилмаган. Ҳаёт ақлга зид фикрларни яхши кўради шекилли, сенга ҳаммаси жойида бўлиб туюлган пайтда, кўпинча кулгили ҳолатга тушасан ва жар ёқасига келиб қоласан. Лекин ҳаммаси тугади, деб ўйлаганингда, ҳаёт сенга туҳфаларини тақдим эта бошлайди. Сен бармоғингни ҳам қимирлатмайсан, омаднинг ўзи ортингдан кучукчадек югуриб юради.
* * *
Муҳаббатнинг акси - ўлим. Муҳаббатнинг аччиқ сеҳри бизга қисқа вақтга бўлса-да, ўлимни унутишимизга ёрдам беради. Шундай экан, оз бўлса-да, ўлим билан таниш бўлганлар муҳаббат билан ҳам таниш бўлади.
* * *
Одам ҳақиқатдан севиб қолса, қанчалар бесўнақай ва беўхшов бўлиб қоларкан-а. Ўзига бўлган ишонч ҳам аллақаерга йўқоларкан. Ўзини ёлғиз сезиб, мақталган тажрибаси ҳам худди буғдек ҳавога сингиб, ўзини муаллақдек ҳис қиларкан.
* * *
Сўзлар худди фавворага ўхшайди, уларга бир муддат қулоқ соласан, кейин эса сўз билан ифодалаб бўлмайдиган нарсаларни ҳам эшита бошлайсан.
* * *
Шунчаки арзимаган нарсалар - ҳаёт учун муҳим ўрин тутиши мумкинлигини унутмаслик керак.
* * *
Бугунги кунда бахт сўзининг маъносини ҳаддан ортиқ бўрттириб юборишяпти. Шундай замонлар бўлганки, бу сўз умуман ишлатилмаган. У пайтлар уни "ҳаёт" сўзи билан алмаштиришмаган. Шу нуқтаи назар билан ҳинд, юнон, хитой адабиёти гуллаган даврни ўқинг. У даврларда одамлар моҳиятида бахт сўзи бўлган ҳиссиётлар билан эмас, балки ўзгармас, ёрқин ҳаётий туйғулар билан қизиқишган. Бу туйғулар йўқолса инқироз бошланади, чалкашликлар, романтика, бахт кетидан аҳмоқона пойга бошланади, бу эса ҳаётни ҳис қилишни сунъийлаштиради.
* * *
Фожиа ва кулгили томони шундаки, дунёдаги барча одам энг бадавлат корчалондан тортиб, энг камбағал шўрликкача ўзларини худди ўлмайдигандек, абадий яшайдигандек тутишади. Агар биз доим ўлим ҳақлигини англаган ҳолда яшаганимизда эди, анчагина шафқатли ва марҳаматли бўлардик.
* * *
Энг ақлли одамлар ҳам кутилмаган даражада аҳмоқ бўлишлари мумкин.
* * *
Муҳаббат ҳам худди вақтга ўхшайди, ортга қайтариб бўлмайди. Қурбонлик ҳам, ҳар нарсага тайёрлик ҳам, қаттиқ истаса ҳам ҳеч нарса ёрдам бера олмайди. Муҳаббатнинг қайғули, бешафқат қонуни шунақа.
* * *
Баъзида марҳумнинг буюмларига қараш унинг ўзига қарашдан кўра оғирроқ.
* * *
Узоқ умр кўриши кутилаётган одам вақтга умуман эътибор бермайди. У олдинда бутун ҳаётим турибди, деб ўйлайди.
Кейин ҳаётини сарҳисоб қилар пайт келганда қараса, чин маънода яшаган кунлари бир неча кун ёки бир неча ҳафта бўлиб чиқади.
* * *
- Мен бир одамни билардим, у ўз ҳаётини шу қадар қадрлардики, лекин ёши саксонга етганда, бирдан қувноқ бўлиб қолди. Бу ўзгаришни қария қуйидагича изоҳларди: энди ҳаёти учун қўрқишга ҳам кам вақт қолибди. Чунки унинг артериосклерози бор, инфаркт бўлишга ҳам улгурган. Илгари у йигирма, ўттиз, ҳатто қирқ йил олдиндан башорат қилишига тўғри келгани учун қаттиқ қўрққан ва хотиржам яшай олмаган.
- Қандай ғамгин ҳикоя.
* * *
Ҳеч нима ўзининг аксисиз яшай олмайди, худди нур соясиз, ҳақиқат ёлғонсиз, сароб ва мавжудликсиз яшай олмагани каби. Булар шунчаки бир-бири билан боғлиқ тушунчалар эмас, балки бир-бирининг ажралмас бўлаги...
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.