Меню
Қашқадарё
ҲАЁТ ҲАҚИҚАТИ ВА ЖУРНАЛИСТ МАСЪУЛИЯТИ
Унда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Қашқадарё ҳудудий бўлинмаси, вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси масъул ходимлари, журналистлар иштирок этишди.
Маълумки, давлатимиз раҳбарининг журналистларга йўллаган байрам табриги доимгидек соҳа мутахассисларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтиромни ўзида намоён этади. Хусусан, Юртбошимизнинг бу йилги байрам табригида келтирилган "Журналист меҳнатининг нақадар машаққатли ва масъулиятли эканини чуқур англаган инсон сифатида мен, бугунги фурсатдан фойдаланиб, сизларнинг эзгу орзу-интилиш ва ташаббусларингизни доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканимни, сизларни ўзимнинг энг яқин ёрдамчим ва маслакдошларим деб билишимни такроран айтмоқчиман", деган сўзлари гарданига улкан масъулиятнинг залворли юкини олган ҳар бир журналистни руҳлантиради, янги марралар сари чорлайди. Бу эса ўз-ўзидан журналистларни ўз устида ишлашга, янада фаол бўлишга, ҳаёт ҳақиқатини акс эттиришда ўз позициясига эга бўлишга ундайди.
Тадбирда жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоят нашрларида чоп этилган таҳлилий-танқидий мақолалар, жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситалари самарадорлигини ошириш, жойларда аҳолини қийнаётган долзарб муаммоларни ёритишда ОАВ фаолияти юзасидан ҳам маърузалар тингланди.
Таъкидланганидек, вақтли матбуот нашрларида танқидий мақолалар чоп этилиши бўйича Қашқадарё вилояти республикада дастлабки ўринларда туради. Демакки, журналистлар ўз вазифасини баҳоли қудрат адо этишаяпти. Аммо мақолаларда кўтарилган масалаларнинг ижроси мутасадди идораларнинг бефарқлиги, лоқайдлиги сабаб фақат қоғозда қолиб кетаяпти. Фаолияти танқид қилинган идоралар масъуллари томонидан таҳририятларга йўлланган жавоб хатларида эса бир ёқламалик, муаммога юзаки ёндашиш сезилади.
Бундан ташқари, айрим нашрлар ўзига "сув юқтириш"ни истамай интернетдан кўчирилган ёки ҳали мақола даражасига кўтарилмаган намуналарни чоп этиб, бугунги жараёнлар, ислоҳотлар самараларини умуман ёритаётгани йўқ. Бундай нашрларда бугунги даврнинг қиёфасини, ижтимоий-сиёсий жараёнларни, маънавий-маърифий ҳаётни акс эттирган мақолаларни деярли учратмайсиз. Айрим нашрларда онда-сонда учраб қоладиган бир қарашда танқидий кўринадиган мақолалар замирида аллақандай тор манфаат ётгани яққол сезилади.
Давра суҳбатида, шунингдек, айрим таҳририятларда ихтисослашган журналистлар йўқлиги, малакали кадрлар тайёрлаш муҳити яхши шаклланмагани, бундан ташқари, журналистик маҳорат маркази кўринишида ташкил этилган айрим тўгаракларда машғулот ўтаётган мутахассисларнинг ўзи малакага муҳтож экани таъкидланди. Шундан келиб чиққан ҳолда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Б.ЎКТАМ