Меню
Қашқадарё
АЁЛЛАР ТЕЛЕФОНИДАГИ БЕҲАЁ ФИЛЬМЛАР
Мазкур қонунбузарликларга ибо-ҳаё ва иффат соҳибалари бўлмиш аёллар томонидан ҳам қўл урилаёгани ниҳоятда ачинарли. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан порнографик мазмундаги материаллар билан боғлиқ аниқланган 62 та (7 минг 961 дона порнографик мазмундаги видеолавҳалар, ўйин карталари ва суратлар) қонунбузарлик ҳолатларидан 7 таси айнан аёллар томонидан содир этилган.
Мисол учун, 2017 йил 5 июль куни “Санкт-Петербург – Қарши” йўналишидаги 640-сонли авиарейс билан Қарши халқаро аэропортида парвозини якунлаган Қарши тумани Янгиобод қишлоғида истиқомат қилувчи Барно Ўролова (барча исм-фамилиялар ўзгартирилган) белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда, унга тегишли “Samsung SM G361H/DS” маркали қўл телефони хотирасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 31 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа борлиги аниқланди.
Шунингдек, Барно билан ҳампарвоз бўлган Сурхондарё вилояти Термиз туманида истиқомат қилувчи Асила Санаеванинг ҳам қўл юклари холислар иштирокида йўловчи божхона декларацияси асосида божхона назоратидан ўтказилганда, декларацияда кўрсатилган “Alcatel 5070D” маркали қўл телефони ва унга ўрнатилган хотира картасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши тақиқланган 72 дона порнографик мазмундаги видеолавҳа сақлаб келингани маълум бўлди.
Якунда фуқаролар Б.Ўролова ҳамда А.Санаевага нисбатан суднинг қарори асосида 449 минг 325 сўмдан жарима жазолари тайинланди. Ашёвий далил сифатида олинган қўл телефонлари нопок материаллардан тозаланиб, давлат эгалигига ўтказилди.
Маънавият – инсонни юксалтирувчи куч. Унинг асосини эса ахлоқ ташкил қилади. Ахлоқ – инсоннинг безаги, ҳусни. Ҳар қандай иллат унга озгина-озгинадан путур етказиши мумкин. Шу сабаб халқимизда миллий қадриятлар ва урф-одатларимизга содиқлик, ёшлар тарбиясида ибо ва ҳаёга эътибор қаратиш асосий мезонлар сифатида улуғланади. Ўсиб келаётган ёш авлоднинг маънавий онгини менталитетимизга хос бўлмаган ёт ғоялардан асраш эса келажакни муҳофаза қилиш демакдир. Демакки, миллат маънавиятига салбий таъсир кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Хуршид МИРЗАЕВ,
“Қарши аэропорти” чегара божхона пости бошлиғи