Меню

Қашқадарё

27.12.2021 1840

АЁЛ МЕҲР-МУҲАББАТГА МУНОСИБ

Семинар

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Конфликтли вазиятларда оилавий зўравонлик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш профилактикаси” мавзуида семинар ўтказилди.

Мазкур тадбир тўғридан-тўғри мулоқоттарзида ташкил этилиб, унда Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлардан прокуратура ва ички ишлар идоралари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ходимлари, психологлар қатнашдилар.

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтида иштирок этган вилоятимиз вакиллари, мутасаддилар мамлакатимизда “Аёлларга нисбатан зўровонликка қарши 16 кун” доирасида амалга оширилган ишлар, тадбирлар моҳияти ҳақида кенг маълумотга эга бўлдилар. Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг жамиятнинг фаол аъзосига айланишида маънавий кўмак, инсонларнинг эътибори муҳим ўрин тутиши тўғрисида билдирилган фикр-мулоҳазалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

-Оилавий можаролар кўпайишининг асосий сабабларидан бири ота-оналарнинг никоҳ масаласига юзаки ёндашишидан, деб биламан, - дейди вилоят аёллар реаблитация ва мослашув маркази раҳбари Коммуна Исмоилова. – Аёлларга нисбатан зўравонликнинг юзага келиш омиллари жуда кўп. Бу масаланинг ҳал этилишида бирдамлик, ҳамфикрлик ва ҳамжиҳатлик зарур. Бугунги тадбирнинг ҳам республика миқёсида ўтказилиши ҳам унинг қанчалар долзарблигини англатади.

Тадбир давомида мавзуга оид видеоролик намойиш этилди. Одамларни ўзгалар тақдирига бефарқ бўлмасликка ундовчи бу видеотасвирларни шунчаки, таъсирланмасдан кўришнинг иложи бўлмади.

Семинар якунида вилоятда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш, айниқса, психологларнинг самарали фаолият олиб боришини таъминлаш, бу борадаги муаммолар ечими ҳақида таклифлар билдирилди.

А.МУРОДОВ

 

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!