Меню
Қашқадарё
АЁЛ КИШИГА АВВАЛО ОНА ДЕБ ҚАРАСАК, ҲАММАСИ ЖОЙ-ЖОЙИГА ТУШАДИ
Сараланган сатрлар
Аёл - ҳаёт мазмуни, аёл - сирли тилсим: ҳали ҳеч кимга бу тилсимни якунигача тушуна олиш имкони насиб қилмаган. Дунё сўз санъати, тасвирий санъат, кинода бунга уринишлар кўп бўлган. Биргина оламга машҳур швед режиссёри Ингмар Бергманни оладиган бўлсак, унинг бутун ижоди аёл қалбини очиб беришга қаратилган, десак муболаға бўлмайди. Шундай бўлса-да, бу мавзуда ҳали кўплаб тадқиқотлар давом этаверади - асарлар ёзилади, бадиий фильмлар ишланади ва буларнинг бари аёл руҳиятини тушуниш йўлида кичик уриниш бўлиб қолаверади.
Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан газетанинг байрам сони чоп этишга тайёрланаркан, ушбу рукнда қайси адибнинг аёлларга бағишланган асаридан лавҳалар бериш ҳақида кўп ўйланди. Япон ёзувчиси Такэо Арисиманинг "Аёл", океанорти адиби Теодор Драйзернинг "Америка фожиаси", "Женни Герхарт", "Бахтиқаро Керри", ўзимизнинг ёзувчи Неъмат Арслон қаламига мансуб "Аёл сувратига чизгилар" ва ҳоказо...
Айни ўйлар қуршовида аёл, она, унинг оила ва жамиятдаги ўрни ҳақида гўзал фикрлар баён қилинган, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимовнинг "Мен буларни узоқ ўйлаб ёзганман. Илтимос, Сиз ҳам шошилмасдан ўйлаб ўқисангиз" деган сўзлар билан бошланувчи "Дафтар ҳошиясидаги битиклар" китобидан ўтадигани топилмаса керак, деган тўхтамга келдик. Буни китоб ва ундан келтирилган парчалар мутолааси асносида яққол ҳис этасиз.
* * *
Аёл қалби тескари магнитга ўхшайди: яқинлашсанг - узоқлашади, узоқлашсанг - яқинлашади.
* * *
Аёл сизни жуда қаттиқ севса, ҳушёр бўлинг. Оташин муҳаббат - рашкка, рашк - шубҳага, шубҳа - худбинликка, худбинлик - душманликка айланиши мумкин.
* * *
Аёл гўдак исини биринчи фарзанди туғилганидаёқ ҳис этади. Эркак эса гўдак иси нималигини неварали бўлганидан кейин англайди!... Биз - эркаклар доим кечикиб юрамиз...
* * *
Одамларга ҳайронсан. Ота-онаси тириклигида икки оғиз ширин сўзни текинга айтмайди-да, улар ўлганидан кейин минг-минг пул сарфлаб, ўша сўзларни қабртошга ёздириб қўяди...
* * *
"Аёл қавмини ипидан игнасигача биламан", дейсизми? О-о-о, сиз даҳо экансиз!
Айтинг-чи, шарқдан секундига беш-етти метр тезликда эсаётган шамол ўн дақиқадан кейин шимолга буриладими, жанубгами? Ярим соатдан кейин изғиринга айланадими, бўронгами?..
* * *
Танишдилар...
Севишдилар...
Турмуш қурдилар...
Фарзанд кўрдилар...
Тўнғичи нимжонроқ эди. Касал бўлиб, кўп куйдирди...
Ўртанчаси ўйинқароқ эди... Қамалиб чиқди...
Кенжаси қиз эди... Эркароқ ўсди. Турмуши бузилди...
Бир куни эркак кечаси уйғониб кетди. Узоқ ўй ўйлаб ётди. Қараса, аёли ҳам уйғоқ экан.
- Онаси, - деди. - Дунёга келиб нима кўрдик ўзи?
- Билмасам, - деди аёли хўрсиниб...
...Боботоққа борганимда қуриб қолган иккита дарахтни кўргандим. Иккаласи бир-бирига суяни-и-иб турарди...
* * *
Хонадонингизда кекса одам борми? Бахтли экансиз! Дунё ташвишларидан тўйиб кетсангиз, шуларни зиёрат қилинг: ҳаёт абадий эмаслигини ўйлаб, таскин топасиз.
Хонадонингизда гўдак борми? Сиз ҳам бахтли экансиз... Дунё ташвишларидан тўйиб кетсангиз, гўдакни бағрингизга босинг: ҳаёт абадий эканини ўйлаб, таскин топасиз...
* * *
Энг тоза туйғу нима?
Биринчи маошингизни келтириб бериб, отангизнинг дуосини олганингизми?
Биринчи марта совға кўтариб келганингизда онангизнинг кўзида қалқиган ёшми?
Ногаҳон кўз юмган онангизнинг қабрини силаб йиғлаганингизми?
Тўнғич фарзандингизни илк бор мактабга етаклаб борганингизми?
Ҳаммаси... ҳаммаси покиза туйғулар... Аммо...
Бола эмизиб ўтирган аёлга зимдан разм солинг... Гўдагига термулиб бола эмизаётган онанинг кўзларига синчикла-а-а-б тикилинг...
Энг олий туйғу нималигини шунда кўрасиз!
* * *
Мункиллаб қолган аммам бўларди. Ўта художўй кампир эди. Болалигимда олдига ўтказиб қўйиб, бир гапни кўп айтарди.
- У қулоқ, бу қулоғинг билан эшитиб ол, болам. Одамнинг у елкасида ҳам, бу елкасида ҳам биттадан фаришта ўтиради. Ўнг елкангдаги фаришта умр бўйи қилган савоб ишларингни, чап елкангдагиси гуноҳларингни ҳисоблаб боради. У дунёга борганингда ҳисоб-китоб қилиб кўришади. Савобинг ортиқ бўлса, жаннатга, гуноҳинг ортиқ бўлса, дўзахга тушасан...
Саводсиз кампирнинг содда фалсафасида қанчалик чуқур маъно борлигини энди тушуняпман.
* * *
Аёл кишига аввало Она деб қарасак, ҳаммаси жой-жойига тушади.
* * *
Нар лочин емиш топиб келаркан. Мода лочин ўлжани полапонларига бўлишиб бераркан. Бирон фалокат бўлиб, мода лочин ўлиб қолса, нар лочин ҳар қанча емиш топиб келтирмасин, барибир, полапонлар очидан нобуд бўлар экан. Негаки, нар лочин ўлжани болаларига бурдалаб беришни эплолмас экан...
Табиат нақадар бешафқат, табиат нақадар доно!
* * *
Онасини беҳурмат қилган одам қўшни кампирни яхши кўраман деса, ишонмайман. Ўз халқининг тилини, маданиятини, тарихини ҳурмат қилмаган одам бошқа халқларнинг тилини, маданиятини, тарихини ҳурмат қиламан, деса ишонмайман.
* * *
Бошимга ташвиш тушса, бир нарсадан қаттиқ сиқилсам, онам тушимга киради. Қувончли дамларда эса, хоҳласам ҳам на онамни, на отамни тушимда кўроламан... Қизиқ...
* * *
Ишдан нега кеч келганингизни суриштирса, ҳайрон бўлманг.
Бўйинбоғингизни ечишга кўмаклашиш баҳонасида ёқангизни ҳидлаб кўрса, ҳайрон бўлманг.
Мажлисда нима масала кўрилганини сўраса, ҳайрон бўлманг.
Мажлисда неча киши қатнашганини сўраса, ҳайрон бўлманг.
Кимнинг ёнида ўтирганингизни сўраса, ҳайрон бўлманг.
Телефонингизнинг ранги қанақалигини сўраса, ҳайрон бўлманг.
Неча киши қўнғироқ қилганини сўраса, ҳайрон бўлманг.
Қаерда тушлик қилганингизни сўраса, ҳайрон бўлманг.
Буфет нечанчи қаватдалигини сўраса, ҳайрон бўлманг.
Нима овқат еганингизни сўраса, ҳайрон бўлманг.
Буфетчининг ёши нечадалигини сўраса, ҳайрон бўлманг.
Сизга чойни қайси қўли билан узатганини сўраса, ҳайрон бўлманг!
Борингки, офтоб қайси томондан чиққанини сўрасаям ҳайрон бўлманг.
Қизиқувчанлик - аёлнинг табиий одати!
* * *
Одам ҳамма нарсага тўйиши мумкин. Бойликка... Амалга... Шон-шуҳратга... Худонинг ўзи кечирсин-ку, ҳатто... ҳаётга ҳам... Қариб-чуриганида "омонатингни ола қол, яратган Эгам", дейдиганлар, чин дилдан гапиради...
Одам ҳамма нарсага тўйиши мумкин. Фақат бир нарсага - Меҳрга тўймайди. Бу масалада шоҳу гадо баробар.
Ҳолбуки, дунёда бундан арзон нарса йўқ. Бир оғиз ширин Сўз, бир чимдим Меҳр кимни ўлдирибди! Биз эса шуни ҳам бир-биримиздан аяймиз...
* * *
Бир нарсани кўп кузатдим. Она овқатга ўтирган замон чақалоқ йиғлайверади. Кексалар, бунақа пайтда болани шайтон чимчилайди, дейдилар. Билмадим... Худонинг ўзи кечирсин-ку, менимча гап шайтонда эмас. Бу - Тангрининг она меҳрини синаш усулларидан бири бўлса ажабмас...
* * *
Хотин кишининг жони қирқта бўлади, десалар ажабланманг. Негаки у битта жонни ўзига олиб қолиб, ўттиз тўққизтасини фарзандларига беради...
* * *
Америка билан Ўзбекистон ораси ўн беш минг чақирим. Австралия билан Канада ораси йигирма минг чақирим. Аммо америкалик сенаторнинг хотини ўз фарзандини ўзбекистонлик деҳқоннинг хотинидан камроқ яхши кўрмайди. Австралиялик абориген аёл ўз фарзандини канадалик миллионер аёлдан кўпроқ яхши кўрмайди.
* * *
Ҳаётимда кўп дастхат ёзишга тўғри келган. Китоблар, альбомлар, суратлар... Фақат бир гал дастхат ёзиш мушкул иш эканини билганман.
Олис вилоятга борганимизда етимхонага таклиф қилишди. Дастурхон тўкин эди. Ширинликлар... Болаларнинг ўзи пиширган кулчалар... Томоғим хиппа бўғилиб, сув ҳам ўтмай қолди. Кейин концерт қўйишди. Болалар хушчақчақ қўшиқ айтаяптию, йиғлаётганга ўхшайди. Қизалоқлар шўх-шўх рақсга тушаяптию, кўзларида мунг бор, ғусса бор... Бир қизалоқнинг оёғидаги туфличалари икки хил.
Учрашув охирида етимхона журналига дастхат ёзишни илтимос қилишди. Узоқ ўйланиб қолдим. Сўнг ёздим: "Шу даргоҳдаги болаларнинг ота-онаси ўлган бўлса, Худо раҳмат қилсин. Тирик бўлса, юзи қаро бўлсин, қаро бўлсин, қаро бўлсин!"
* * *
Ой қуёшдан нур олади. Қуёш қанча ёрқин порласа, ой шунча тиниқлашади.
Эркак қанча кўп меҳр берса, аёлнинг ҳусни шунча очилади...
* * *
Дунёда энг бебаҳо, аммо ҳамиша текинга тарқатиладиган хазина бор. Бу - Она меҳри...
НАСРИДДИН тайёрлади.