Меню

Қашқадарё

04.08.2022 4733

АЁЛ – ИХТИРОЧИ, ДИЗАЙНЕР, ЎҚИТУВЧИ, ҲУНАРМАНД...

Тадбир

Бутун юртимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” ҳафталиги ўтказилмоқда.

Шу муносабат билан Қарши шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида тадбир ташкил этилиб, унда юртимизда хотин-қизларни, айниқса, ихтирочи ва ҳунарманд аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, шунингдек, мазкур ҳафталикнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

-  Ҳафталикни ташкил этишдан мақсад иқтисодиёт тармоқларининг турли йўналишларида ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти билан шуғулланаётган, ўз қобилиятини намоён этаётган иқтидорли хотин-қизларни излаб топишдан иборат, - дейди Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раиси Юлдуз Раҳмонова. – Қолаверса, янги лойиҳаларни тарғиб қилиш, истеъдодларни кашф этиш, олима аёллар, ўқитувчи, ихтирочи, муҳандис, лойиҳачи, дастурчи, шифокор, фармацевт, тадбиркор, ҳунарманд, аграр соҳа вакилалари ва иқтисодиётнинг бошқа соҳаларида фаолият юритаётган мутахассис хотин-қизлар ҳамда талаба ва ўқувчи қизларнинг ташаббуслари ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳам кўзда тутилган.

Мономарказдаги тадбирда ҳунарманд аёллар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш этилиб, бу ерда ҳунар ўрганаётган кўплаб хотин-қизлар билан учрашувлар ўтказилди.

Ҳафталик 6 августга қадар давом этади.

Абдураззоқ МУРОДОВ

Муаллиф олган суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!