Меню

Қашқадарё

07.03.2024 8241

АЁЛ - БОРЛИҚ КЎЗГУСИ, ҲАЁТ ГУЛТОЖИ

Ҳеч шубҳа йўқки, миллатнинг маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда оиланинг, айниқса, аёлнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Зеро инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда она бағрида шаклланади. Бироқ бугун аёлларимиз нафақат оилада яхши бека ва меҳрибон она, балки жамиятда етук мутахассис, ўз касбининг устаси сифатида ҳам олдинги сафларда меҳнат қилишмоқда.

Бу фаоллик ортидан асрлар давомида шаклланиб, дунёқарашларга сингиб кетган "аёл - хонадон бекаси" тушунчаси ўзгариб бораётгани ҳам рост. Бугун аёл - юксак минбарларда туриб дунё афкор оммасини тинчликни сақлашга чорлаётган сиёсатчи, узоқни кўра оладиган, етти ўлчаб бир кесадиган тадбиркор, инсоният тақдирини ҳал этишга қодир ўткир ақл-идрок эгаларига мураббийлик қилаётган меҳрибон   устоз...

Миллионлаб ўзбекистонлик аёлларнинг бугуни ва истиқболи ҳақида шахсан Президент қайғураётгани ва атрофидагилардан ҳам мана шундай куюнчакликни, масалага чуқур мулоҳаза ва теран ақл билан ёндашишни талаб қилаётгани сабаб уларнинг жамиятдаги тутган ўрни юксалди. Мамлакатимизда биринчи марта Парламентнинг юқори палатаси - Сенатда  Хотин-қизлар ва    гендер тенглик масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат-кенгашлари ташкил этилди.

Хотин-қизларнинг хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя этиш мақсадида кейинги 5 йил ичида 2 та қонун, Президентнинг 6 та фармон ва қарори қабул қилинди. 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий,  сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича Миллий дастур ишлаб чиқилди.

Вилоятимизда жорий йил 1 январь ҳолатига 3 миллион 560,6 минг нафар аҳоли истиқомат қилади ва уларнинг 1 миллион 756,4 минг нафари ёки 49,4 фоизи аёллардир. Бундан ўн йиллар илгари хотин-қизлар фақатгина ижтимоий сектор, айниқса, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларининг асосий қисмини ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб, мамлакатимиз иқтисодий ривожида катта аҳамиятга эга бўлган банк-молия, ишлаб чиқариш каби соҳаларда, автомобилсозлик, микробиология, фармацевтика, электрон ва электротехника саноати, ахборот-коммуникация технологиялари, сервис ва бозор иқтисодиёти хизматлари каби юқори технологияларга асосланган замонавий тармоқларда ҳам хотин-қизларимизнинг ҳиссаси тобора ортиб бормоқда. Вилоятимизда  меҳнатга лаёқатли бўлган хотин-қизларимизнинг 55 фоиздан зиёди мана шу соҳаларда фаол меҳнат қилмоқда.

Давлат ташкилотлари бошқарувидаги раҳбар хотин-қизлар 8,7, қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳасида 44,9, молия ва суғурта соҳасида 33, саноат тармоқларида 30,3,  яшаш ва овқатланиш борасидаги  хизматлар соҳаларида 46,1, таълим соҳасида 73,6, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар соҳасида 79,5,  профессионал, илмий ва техник соҳада 22,6, ахборот ва алоқа соҳасида 25,1 фоизни ташкил қилмоқда. Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Қашқадарёдан 4 нафар, халқ депутатлари вилоят кенгашида 20 нафар ҳамда халқ депутатлар туман ва шаҳар Кенгашларида 103 нафар депутат аёл самарали фаолият олиб боришаяпти. 

- Аёлларимиз билан ҳар қанча ғурурлансак арзийди, - дейди Ўзбекистон Қаҳрамони Муҳаббат Шаропова. - Бугунги кунда уй-рўзғорини бекаму кўст эплаётган ҳам, тадбиркорликнинг турли жабҳаларида қойилмақом фаолият юритаётган ҳам, юртимизнинг номини етти иқлимга таратаётган ҳам ўзбек аёлларидир. Халқона айтганда, жони қирқта аёлларимиз учун қирқ ҳунар нима бўлибди. Ахир мамлакатимизда хотин-қизларга меҳнат қилиш, изланиш, умуман айтганда, бор имкониятларини рўёбга чиқариш учун барча зарур шарт-шароит яратилган.

Меҳнатларим ортидан шу даражага эришдим. Ўзбекистон Қаҳрамони бўлдим. Ўшанда кўз ўнгимда бизни ўқитиш учун фаррош бўлиб ишлаган онам, меҳрибон отам, касбимнинг заҳматига мардларча кўнган ва қўллаган турмуш ўртоғим, мактабдан қайтишимни қош қорайгунча кутган қизалоғим гавдаланди. Ҳамкасбларим, шогирдларим қутловлари қалбимга шукуҳ берди. Мен, оддий математика ўқитувчиси учун бу ҳаяжонли эди...

Опа-сингилларимизни руҳлантирган янги бир тизим ҳақида айтмай бўлмайди. Бу дунёнинг ҳеч бир мамлакатида андозаси бўлмаган янги тизим "Аёллар дафтари"нинг  шакллантирилганлиги бўлди. Бу "дафтар" муаммоси бор хотин-қизларнинг ҳаёти, истак ва дардларини ифода этади. Вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасидан олдинган маълумотга кўра, 2023 йилда "Аёллар дафтари"га киритилган 87 минг  857 нафар хотин-қиз (100 фоиз)га кўмаклашилди. Вилоятдаги 1 минг 61 нафар уй-жойга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизнинг барчасига  ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 225 нафарига уй-жой ажратилди, 836 нафарига 1,5 миллиард сўм ижара тўловлари тўланди. Шу билан бир қаторда 2 минг 551 нафар хотин-қизга деҳқончилик қилиш учун 1 минг 144,7 гектар ер майдони ажратилди. 3 минг 388 нафар хотин-қизга "Аёллар дафтари", Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармалари ҳисобидан 10 миллиард сўмлик субсидиялар ажратилди.

- Мамлакатимизда аёлга бўлган муносабат ўз тарихий илдизларига эга, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари - оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Комила Каромова. - Аждодларимиз доимо аёлларни қадрлашга, уларга нисбатан ҳурмат ва иззатда бўлишга даъват этишган. Маърифатпарвар олим Абдулла Авлоний "Қизлар билим олишга ҳаммадан кўпроқ интилишлари лозим, зеро, бу билимлар билан улар келажак авлодни тарбиялайдилар",  деб ёзган эди. Дарҳақиқат, уларнинг бугунги фаолияти ҳам давлатимиз эътиборида. Масалан, биргина  2023-2024 ўқув йили учун вилоят ҳокимининг 2023 йил 16 декабрдаги қарори билан эҳтиёжманд оила вакиллари, етим ёки ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган 150 нафар талаба хотин-қизнинг олий таълим олишини моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида тўлов шартномасини тўлаб бериш билан боғлиқ харажатларга 256 миллион  сўм маблағ ажратилди. Вилоятдаги 14 минг 373 нафар хотин-қизга олий таълим муассасалари, техникум, шу жумладан, сиртқи ва кечки таълим шаклида ўқиётган хотин-қизнинг таълим контрактини тўлаш учун 7 йил муддатга жами 214,1 миллиард сўмлик фоизсиз таълим кредитлари берилди. 2023 йилда эҳтиёжманд оилалардаги 4 минг 327 нафар қиз олий таълим  муассасаларига имтиёзли 4 фоизли квота асосида ҳамда 5 йиллик иш стажига эга бўлган 1 минг 510 нафар хотин-қиз қўшимча давлат гранти асосида ўқишга кириши учун тавсияномалар берилди.

Қутлуғ ташаббус асосида - жамоатчилик ўртасида катта обрў-эътиборга эга бўлган аёлларни ўз сафида бирлаштирган "Оқила аёллар" ҳаракати йўлга қўйилди ва бу эзгу ҳаракат том маънода жамиятимиз овозига, маҳалланинг виждонига айланиб бормоқда. Оқила аёлларнинг саъй-ҳаракатлари билан вилоятимиздаги 800 дан зиёд маҳаллада "Бувижонлар маърифати", "Қизлар сайли", "Дугоналар давраси" каби туркум маърифий тадбирлар, "Энг ибратли оила", "Энг китобхон оила", "Энг намунали уй бекаси", "Маҳалламиз чеварлари", "Эпчил келинчак", "Ибратли хонадон бекаси" кўрик-танловлари ўтказилиб, оилада аёлнинг, келиннинг, қизларимизнинг   мавқеини ошириш борасидаги амалий ишлар қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ижтимоий фаол хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эл-юрт олдида кўрсатган хизматларини муносиб рағбатлантириш мақсадида 2018 йилнинг 2 февралида "Мўътабар аёл" кўкрак нишони таъсис этилган эди. Жорий йилгача вилоятимиздан 85 нафар аёл шу муносиб номга сазовор бўлди, бу йил улар сафи яна 18 тага кўпайди. Шунингдек, юртимизда ҳар йили Зулфия номидаги Давлат мукофоти танловининг ташкил этилиши ташаббускор ва ноёб истеъдодли  қизларни кашф қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ўтган даврда ўзининг аъло билими ва ҳулқи, таълим, фан, адабиёт, санъат, маданият, спорт соҳаларида ва жамоатчилик фаолиятида ўз иқтидорини намоён  қилиб келаётган 32 нафар қизимиз ушбу мукофотга сазовор бўлди.

Вилоятимиз спортчи қизларининг ютуқлари ҳам ҳаммамизни хурсанд қилмоқда. Яъни Токиодаги ёзги Паралимпия ўйинлари чемпиони  Асила Мирзаёрова, каратэчи Бону Эгамбердиева, самбочилар Бегойим Ҳайитова, Гулхайё Жўраева, Мушарраф Ибодуллаева, оғир атлетикачи Турсуной Жабборова, қўл жанги бўйича Ўғилой Жуманова, дзюдо бўйича юқори натижаларга эришган Фарангиз Холмуродова, бокс бўйича жаҳон чемпионати совриндори Райҳона Қодирова юртимизни жаҳонга танитишга муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Мамлакатимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва малакаси, маънавий-интеллектуал салоҳиятини намоён этиш учун шарт-шароит яратиш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар рўйхатини яна узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг барчаси, Президент таъбири билан айтганда, оила таянчи, жамият устуни бўлган оналаримиз, аёлларимиз, бутун халқимиз ҳаётдан рози бўлиши учун қилинмоқда.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!