Меню
Қашқадарё
АЁЛ АЛДАНМАСИН, АДАШМАСИН
Шарқ ривоятларида айтилишича, тангри таоло аёлни яратаётиб, жамолини тўлин ойдан, қошу кўзини тундан, сочларини мажнунтолдан, ифорини гуллардан олган экан.
Афсуски, бугунги кунда бутун дунёга таҳлика солиб турган экстремистик кучлар, террорчи гуруҳ ва ёвуз ғояларга асосланган фитначи оқимлар ўз сафларига ана шундай таърифу тавсифга эга хотин-қизларни ҳам жалб этишга интилмоқда.
Нега айнан аёлларни?
Чунки аёл табиатан ишонувчан, руҳий кўмакка, далдага муҳтож хилқат. Бу гуруҳлар ана шундан ўз ғаразли ниятлари йўлида фойдаланишга ҳаракат килади. Улар биринчи навбатда манфур ғояларига ўз яқинлари – рафиқалари, опа-сингилларини эргаштиради. Улар орқали боқувчисини йўқотган, турмуш ўртоғидан айрилган, маънавий-моддий кўмакка муҳтож хотин-қизларни йўлдан оздиришга ҳаракат қилади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, кўп ҳолларда бирор касб-ҳунарга эга бўлмаган, уқуви йўқ, ҳаётда, турмушда оғирроқ зарбага учраган хотин-қизлар шундай гуруҳларнинг қармоғига тез ва осон илинади. Жумладан, Ғузор туманидаги маҳаллалардан бирида содир бўлган қуйидаги воқеа ҳаммамизни сергак бўлишга, атрофимиздаги ҳодисаларга бефарқ қарамасликка ундайди.
35 ёшли Дилдора (исмлар ўзгартирилган) эрининг вафотидан кейин қайнона-қайнотасининг хонадонига сиғмай, фарзанди билан ота уйига қайтган. Қўшниси Холида хорижда ишлаб келган ва шунинг ортидан тўқ яшайди. Дилдора унга ҳавас қилиб, у билан иноқлашишга, “яшаш”ни ундан ўрганишга ҳаракат қилади. Холида унинг бу истагини қўллаб-қувватлайди ва гўё ёрдам қўлини чўзади. Дилдорага ҳамширалик ишини йиғиштириб, ўзи каби чет элда ишлаб келишни маслаҳат беради ва йўл-йўриқ кўрсатишини айтади. Кунда, кун ора уйига чақириб, узундан-узоқ ваъзхонлик қилади, очиқ-сочиқ юришини тақиқлаб, уни ҳижоб ўрашга ундайди. Унга буткул ишонган Дилдора йўл ҳужжатларини тайёрлаб бериши учун паспортини Холидага беради.
Дилдоранинг “Қачон кетаман, қачон бой бўламан, ўша кун қачон келади ўзи?” деган саволларига Холида, тез орада, деб жавоб беради ва “ўлжа”си қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради. Бу орада Дилдора ишдан бўшайди, унинг Холида билан муносабатлари қуюқлашгани, хатти-ҳаракатлари ўзгариб қолгани уйдагиларида шубҳа уйғотади. Яқинлари Холида ҳақида суриштиришади. Натижада Дилдоранинг бошига тушиши мумкин бўлган оғир савдоларнинг олди олиниб, “бой хотин” одам савдоси билан шуғулланиши аниқланиб, кирдикорлари фош бўлади. У ҳам қонун, ҳам ўз қармоғига илинтирган кўплаб жабрдийдалар олдида жавоб берди.
Бу ҳолатда Дилдора мўмай пул топиш, даромад орттириш мақсадида ғаразгўйларнинг тузоғига илинган бўлса, яна айрим ҳолларда опа-сингилларимизнинг исломни ўрганишга бўлган қизиқиш ва иштиёқлари экстремистик тўдаларга қўл келади. Пухта диний маълумотга эга бўлмаган сохта устозлар уларнинг соддалиги ва ишонувчанлигидан фойдаланиб, диний билим бериш баҳонасида ўзларининг зарарли ғояларини улар онгига сингдиришга уринадилар.
Асл динимизга қарши бўлган, фақат айрим гуруҳ ва тўдаларнинг ғаразли мақсади учун хизмат қиладиган бундай ғояларга алданиб қолмаслик учун огоҳ бўлиш, ён-атрофда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга аввало соғлом ақл нуқтаи назаридан туриб баҳо беришни ўрганиш, аслни сохтадан, ростни ёлғондан ажрата билиш шарт. Азиз аёлларимиз буни яхшилаб англаб-тушуниб олишлари ўзлари учун ҳам, оилалари учун ҳам фақат фойда келтиради.
Абдулазиз МАХСУМОВ,
Ғузор туманидаги Батош жомеъ масжиди имом-хатиби.