Меню

Қашқадарё

06.05.2017 2554

ҚАЙНОНАЛАР КЕНГАШИ

Аммо  кейинги пайтларда оилавий ажримлар сонининг кўпайиб, айрим ёшлар оила масаласига енгил-елпи қараётгани ниҳоятда ташвишли. Қолаверса, фуқаролар йиғинларидаги яраштириш ва хотин-қизлар билан ишлаш комиссиялари ҳамкорлиги етарли эмаслиги, мазкур жамоатчилик тузилмалари таркибига маҳалладаги фидойи, обрўли, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фуқароларнинг жалб этилмагани фаолият самарадорлигига путур етказаётгани ҳам сир эмас.

Шунга мувофиқ, биринчи галда оилаларда маънавий муҳитни белгиловчи аёллар, қайноналар билан ишлашнинг янги механизмларини амалиётга йўналтириш, ёшларимизда оилага нисбатан улуғ қадрият, муқаддас даргоҳ сифатида қараш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фуқаролар йиғинлари ҳузурида “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмасини ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ана шундай эзгу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилаётган “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси оилалар фаровонлигини таъминлаш, муаммоларини ўрганиш, маънавий-иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш, шунингдек, оналик ва болаликни ҳимоялаш, баркамол авлодни вояга етказиш, соғлом ва юксак маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш вазифаларини қамраб олади.

- Тузилма таркиби муайян ҳудудда истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллардан тузилади, - дейди вилоят хотин-қизлар қўмитаси раиси Рисолат Эшқобилова. -Қайноналик илми ва санъати, келинлик илми тўғрисида суҳбатлар ўтказилади. Намунали оилалар ва қайноналар ўртасида кўрик-танловлар уюштирилади. Кенгаш аъзолари “Ота-оналар университети” машғулотларида ҳам фаол иштирок этиб, фарзандлар тарбиясига кўмаклашади.

Энг муҳими, ҳар бир оилага тегишли гап, содда айтганда, сир ўзгаларга ошкор қилинмайди. Бу қатъий белгиланган.

Дарҳақиқат, оилада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик, инсонпарварлик ва ватанпарварлик каби олий ахлоқий-маънавий муҳитнинг яратилишида  аёлнинг маънавий баркамоллиги, теран дунёқараши, саводхонлиги муҳим ўрин тутади. Ўйлаймизки, фуқаролар йиғинлари ҳузурида ташкил этилаётган “Қайноналар кенгаши” жамоатчилик тузилмаси айрим оилаларда кузатиладиган ўзаро келишмовчиликлар, тушунмовчиликлар, қарама-қаршиликларга чек қўйиб, оилалардаги бахтли ҳаётни таъминлашга, фарзандларнинг баркамол инсонлар бўлиб улғайишига хизмат қилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!