Меню
Қашқадарё
Қайнатиш сувни микропластик зарралардан тозалайди
Водопровод сувини қайнатиш уни микропластик зарралардан 90 фоизга тозалаши мумкин. Environmental Science and Technology Letters журналида чоп этилган тадқиқот натижалари шундан дарак беради.
Микропластиклар узунлиги 5 миллиметрдан кичик бўлган пластмасса чиқит бўлакларидир. Улар саноат чиқиндилари ҳамда истеъмол маҳсулотларидан атроф-муҳитга ёйилиб, океан ва атмосферада, қадоқланган сув ва инсон танасида ҳам учрайди.
Олимлар тадқиқот учун водопровод суви таркибини унда одатий учрайдиган минераллардан фойдаланиб ҳосил қилиб, суюқликка микропластик: полистирол, полиэтилен ва полипропилен зарраларини ҳам қўшишган.
Намуна 5 дақиқа қайнатилганидан сўнг тиндиришга қўйилган. Тадқиқотчилар ундаги микропластиклар концентрацияси кескин пасайганини қайд этганлар. Нисбатан қаттиқроқ сувда (унда карбонат кальций кўпроқ) микропластиклар сақланиши 90 фоизга пасайган. Бу ҳолат пластмасса кичик зарралари юқори ҳароратда карбонат кальций бўлакчалари ичига ютилиши билан изоҳланган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, микропластикларнинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш бўйича тадқиқотлар ҳали-ҳамон етарли эмас. Бироқ лаборатория шароитида микрополистирол (қаттиқ пластик ва полимер зарра)лар инсон ҳужайраларини зарарлаши исботланган, сичқонларда ичаклар яллиғланишини келтириб чиқарган ва фертиллик даражасини пасайтирган.