Меню
Қашқадарё
ҲАЙИТ КУНЛАРИДА УЛКАН САВОБЛАРДАН БЕБАҲРА ҚОЛМАСЛИК УЧУН НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?
Қурбон ҳайити ҳижрий Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунида байрам сифатида нишонланади. Ҳайит кунлари мўмин-мусулмонлар ҳайит намозини ўқиб, эҳсонлар қилади ва ота-она, қариндош-уруғлар, ёру дўстлар зиёратига боради, қўни-қўшни, етим-есир, бева-бечора ва беморларнинг ҳолидан хабар олади. Шунингдек, узоқлашиб кетган қариндошлар ва айрим аразлашган дўст-яқинлар ҳайит баҳонасида бир-бирларидан узр сўрашиб, қариндошлик алоқаларини тиклаш ҳамда ярашиб олишга астойдил ҳаракат қиладилар. Зеро, силаи раҳмни узган ёки қариндошлари ва дўстларига гина қилган кишилар фазилатли кунларнинг улкан савобларидан бебаҳра қолиши ҳақида ривоятлар бор. Шу боис, бунга жиддий қараш керак. Бундай ҳолатларда ҳайитликлар бериш ҳам орадаги гина-кудурат кўтарилишига сабаб бўлади.
Шунингдек, халқимиз урф-одатларига кўра, ҳайит кунларда оталар фарзандларига сайил харжи берсалар, оналар эса қизларини ёнига олиб қўлларига хина қўйиб, кўзларига сурма суртадилар. Муқаддас динимизда бу ишларнинг барчаси ниҳоятда улкан хайрли ва савобли амаллардан саналиб, уларни бажаришга халқимиз алоҳида эътибор билан қарайди.
Қурбон ҳайити куни қилинадиган қурбонлик ислом динида молиявий ибодатлардан бири бўлиб, унинг моҳияти Аллоҳга бандалик қилган ҳолда, унинг неъматлари учун шукрона этмоқ ва фидокорлик қилмоқдир. Қурбонлик луғатда "яқинлашмоқ" маъносини билдирса, шариатда Қурбон ҳайити кунларида Аллоҳга маънавий яқинлашиш мақсадида ҳайвон (жонлиқ) сўйиб муҳтожларга тарқатиш тушунилади. Аслида, бой - қарзи ва яшаётган уйи ва зарурий эҳтиёжидан ташқари закот нисобига етарли маблағга эга ва муқим бўлган (ўз элида доимий яшаётган) ҳар бир мусулмон кишига қурбонлик қилиш вожиб ҳисобланади. Михнаф ибн Сулайм (р.а.): "Расулуллоҳ (с.а.в.) билан Арафотда турган эдик. Мен У зотнинг: Эй одамлар, ҳар бир уй аҳлига ҳар йили қурбонлик лозимдир", деганларини эшитдим", деди (Имом Термизий ривояти).
Қурбонликнинг ҳукми шундай: қурбонлик қилиш ҳанафий уламолар наздида қурбон байрами кунларида қарзидан ва асосий эҳтиёжларидан бошқа 20 мисқол (80,18 грамм) олтин ёки шу қийматдаги пул ёки мол-мулкка эга бўлган одам (эркак, аёл, балоғатга етмаган гўдак, ақли заиф бўлса ҳам) зиммасидаги вожиб амалдир. Балоғатга етмаган ва ақли заифларнинг молидан валийси қурбонлик қилади. Закотда молнинг нисобга етишидан ташқари, унинг тижорат моли бўлиши ва бир йил давомида камаймасдан туриши шарт қилинади, қурбонликда эса бу шартлар йўқ. Одамнинг яшаётган уйи (гарчи бу уй ўзиники бўлмаса ҳам), керакли уй ашёлари, либоси, улови, иш қуроллари ва шунга ўхшаган нарсалари асосий эҳтиёжи дейилади (масалан, яшаб турган уйидан ташқари нисоб миқдорига тенг ёки нисобдан ортиқ, мулк сифатида олиб қўйилган уй-жойи ёки ери бўлган муқим мусулмонга қурбонлик вожиб бўлади).
Фазилати: қурбонлик қилишнинг улуғ амал эканига Пайғамбар алайҳиссаломнинг қуйидаги ҳадислари гувоҳлик беради: "Қурбонлик кунлари Одам боласи қиладиган амаллар ичида қон оқизишдан (жонлиқ сўйишдан) кўра Аллоҳга маҳбуброқ амал йўқдир" (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари, ҳасан ҳадис). Яна Пайғамбар алайҳиссаломдан: "Қурбонлик ўзи нима?", деб сўрашганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "У оталарингиз Иброҳим алайҳиссаломнинг суннатидир", деб жавоб бердилар. "Ундан бизга қандай ажр бор?" дейишганида эса у зот: "Ҳар бир туки учун биттадан яхшилик берилур", дедилар (Ибн Можа ва Термизий ривоятлари).
Қурбонлик гўштининг учдан бирини садақа қилиш, учдан бирини келган меҳмонларга пишириб бериш ва учдан бирини кейинчалик ейишга олиб қолиш мустаҳабдир. Агар қурбонлик қилувчи серфарзанд бўлса, садақа қилиш ўрнига ҳаммасини оиласи эҳтиёжи учун қолдирса ҳам бўлади. Қурбонлик диний ибодат бўлишидан ташқари, айни вақтда унинг ахлоқий ва иқтисодий аҳамияти ҳам жуда катта. Қурбонлик қилган киши, гўштнинг бир қисмини моддий имконияти ночор оилаларга, етим-есирларга тарқатса ва бу билан уларнинг ҳам қозони қайнаб, хурсанд бўлишларига сабаб бўлса, улкан ажр-савобга эга бўлади. Муҳими, бу хайрли иш жамиятдаги ижтимоий ёрдам ва бирдамликнинг гўзал намуналаридан бири ҳисобланади.
Аллоҳ қилаётган қурбонлик ва ибодатларимизни даргоҳида бериё қабул айласин!
Сирожиддин ЖАҲОНОВ,
Китоб туманидаги Хўжа Илм Кони жоме масжиди имом-хатиби, "Хожа Бухорий" ўрта махсус ислом билим юрти мударриси