Меню
Қашқадарё
АЙИҚНИ ЕНГГАН ПОЛВОН
Табиатан жуда кучли ва эпчил бўлган Тўла полвоннинг болалик ва ёшлик даври машаққатли йилларга тўғри келган. Отаси вафот этгач, қишлоқнинг подасини боқиб тирикчилигини ўтказар, баъзан зерикмаслик учун далада ҳар куни бузоқ, кейин ҳўкизларни кўтариб машқ қилар, қудуқнинг қовғаси (теридан тикилган катта челак)ни бир ўзи тортиб, юзга яқин қорамолни суғорарди. Аслида зилдек оғир қовғани қудуқдан подачи ва чўпонлар туя ёки от билан тортишган.
Яна бир куни уч киши катта қопдаги буғдойни отга орта олмай, овора бўлиб турганда, Тўла полвон келиб қолиб, қопни бир ўзи даст кўтариб, отга ортиб берган экан.
Хуллас, Тўла полвонни кўрган, билган, у ҳақда эшитган кишилар полвон билан боғлиқ мана шундай кўплаб воқеаларни айтиб юришади.
Ҳамқишлоғим Бахтиёр бобо (раҳматли) тўй ва курашларда кўп юрган эмасми, воҳамиздан етишиб чиққан машҳур полвонлар, чавандозларнинг кўпини биларди. Айниқса, Тўла полвон ўсмирлик даврларида маълум муддат Бахтиёр бобонинг тоғаси уйида яшагани боис, уни жуда яхши таниган. Тўйкурашларга бирга бориб, совринни олиб қайтган. Шу боис Бахтиёр бобонинг Тўла полвон ҳақидаги ҳикоялари янада мароқли эди.
- Ўттизинчи йилларнинг ўрталарида ўспирин бола эдим, тоғам мулла Иброҳим туман молия идорасининг бошлиғи бўлиб ишларди, - дея ҳикоя қилиб берганди Бахтиёр бобо. - Тоғам бир куни уйига нотаниш йигитни отига мингаштириб келди ва оила аъзоларига Тўла полвон деб таништирди. Мен уни илк марта шунда кўрганман. Тўла полвон ўрта бўйли, кенг елкали, қўл-оёқлари бақувват, хушсурат йигит экан.
Полвон тоғамнинг боғида ишлаб, мол-ҳолига қараб юрди. Баъзан тенгдош жўраларим билан унинг ёнига бориб, полвонлик, чавандозлик ҳақидаги суҳбатларини мириқиб тинглардик. Ана шундай дамларда унинг кўзлари чақнаб кетар, бизларни кураш тушишга ундар, турли усулларни эринмасдан ўргатар эди.
Тўла полвон яхши чавандоз ҳам экан. Санчиқул қишлоғида мулла Иброҳим, Маҳмарўзи бой, Бердиёр чавандозларнинг улоқчи отлари билан кўпкариларда қатнашарди. Полвон ўз номи билан полвон-да...
Ўша йилларда одамлар ҳар йили эрта кўкламда Қоратепа ариғида ҳайров қилишиб, сув йўлини тозалашар эди. Бир ҳайровда Тўла полвон ҳам иштирок этди. Можор қишлоғидан бир момо савоб учун ҳайровчиларга бир пақир угра ош олиб келади. Тўла полвон момонинг қўлидан челакни олиб, чўккалаб ўтирганча бир кўтаришда ошни ичиб, уни бўшатди ва момодан “Ошдан яна борми?”, деб сўради. Момо полвонга ҳайратланиб қарабди “Ош бору, сенга эмас, бошқаларга”, дейди.
Яна бир йили қиш қаттиқ келиб, қалин қор ёғди. Кунларнинг бирида қорнинг оғирлигини кўтара олмай, тоғамнинг қўрасининг йўғон устуни бехосдан синиб кетади ва қўйлар бостирма тагида қолади. Қарсиллаган товушни эшитган Тўла полвон югуриб келиб тоғамни чақирибди. Сўнгра зилдек ёғочни елкасига олиб, тоғам қўйларни ҳайдаб чиққунча бостирмани кўтариб турибди. Шу воқеадан кейин тоғамнинг полвонга меҳри янада ортиб кетади. Қолаверса, беш-олти ёшли қизлари Ҳожарбиби ва Руёбойлар ҳам Тўлабойни худди туғишган акаларидек яхши кўришар, у эса қизалоқларни елкасида кўтариб, ўйнатиб юрар, менинг уларга ҳавасим келарди.
***
- Тўла полвон 17-18 ёшларида ҳақиқий полвон сифатида эл назарига тушди. Тўй ва сайилларда биринчи товоқни олиб, давраларни тўхтатиб кўядиган бўлди.
Самарқандда яшайдиган Присян полвон (асли кавказлик) Тўла полвоннинг довруғини эшитиб, у билан курашиш мақсадида Чияли қишлоғидаги катта тўйга келади. Биринчи товоқни Тўла полвон олгач, талаб қилиб майдонга чиқди.
Ўша даврада мен ҳам бор эдим. Худди афсоналарда тасвирланган девдек барзанги Присян полвоннинг қаршисида Тўла полвон кўзимга ёш боладек кўринди. Кучига ишонган арман полвони ҳатто рақибига назар солишни ҳам ўзига эп кўрмади. Тўла полвон эса хотиржам давра айланди. Сўнгра кураш бошланди. Присян полвон қўлларини ёзиб келди. Тўла полвон билакларини ўйнатиб унга яқинлашди. Биринчи қафасда полвонлар бир-бирини синаб кўришгач, иккинчи қўлда Тўла полвон “Ё, пирим!” дедию, машҳур армани полвонига қўшпойча солди. Рақиб бутун гавдаси билан гурсиллаб майдон ўртасига йиқилди. Эл “Ҳалол!” деб ҳайқирди. Мағлуб полвон уялганидан йиғлаб даврадан чиқиб кетди. Зотга берилган тойни қишлоққа миниб қайтарканман, негадир қўшиқ айтгим келди, ғолиб Тўла полвон эмас, гўё ўзим эдим.
Эртасига тоғам Тўла полвоннинг шарафига элга ош берди.
Полвоннинг довруғи кетди.
***
- Ўша йили ғалла мўл бўлди, тўйлар қизиди. Тоғли Ғилон қишлоғидан бўлган бир киши айиқ боласини боқиб катта қилган, уни кураш тушишга ўргатган экан. У қишлоқма-қишлоқ юриб, айиқни тўйларга олиб борар, лекин айиқ билан олишишга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди.
Бир йили Чироқчида ўтадиган Рамазон ҳайити сайлига тоғдан айиқ полвон келармиш, у билан ким курашса, зотига туя қўйилар эмиш, деган шов-шув тарқалди. Тўла полвон бу гапни эшитиб, сайилга борди. Дарҳақиқат, айиқ полвон келган экан.
Катта кураш бошланди. Аввал ёш полвонлар, сўнгра атоқли полвонлар куч синашди. Кураш охирида баковул даврани тартибга чақириб, баланд овозда эълон қилди:
-Тоғдан айиқ полвон келган. Кимки унга чиқса, зотига нор туя қўйилади. Талабгоринг, айиқ билан курашишга юраги урганинг ўртага чиқ!
Шу пайт баланд бўйли бир киши баҳайбат кулранг айиқни эргаштириб даврага чиқди. Қурғур “Айиқполвон” белига белбоғ боғлаган, худди алплардек икки оёқда давра айланди. Унинг ҳайбатию, шаштини кўрган зўрлар жим бўлиб, писиб қолишди.
Баковул яна товуш берди:
- Элдошлар, кўнгилларинг ўзларингдан қолсин, яна бир чақираман, агар талабгор бўлмаса, туя “Айиқполвон”га кетади.
Давранинг адоғида ўтирган Тўла полвон чидай олмади, даврага отилиб чиқди. Тоғам уни қайтармоқчи бўлди, аммо халойиқ: “Олиш”, “Қайтма” деб унга далда берди. У аввал кексалардан дуо олди. “Илоҳо, йигит пири қўлласин, Тўлабой. Лекин айиқнинг қучоғига борма”, дейишди улар. Айиқ полвон рақибини кўриб, ғалати бўкирди. Бу унинг Тўла полвонга: “Менга бекор чиқдинг, жувонмарг кетасан”, деганимиди?! Ё, бўлмаса...
Тўла полвон шердек оҳиста давра айланиб, қулай фурсатни кута бошлади. Айиққа қайси усулини қўлласа бўлади? Уни қучоқлаб, қўш пойчага олиб бўлмайди. Қучоқласа, айиқ белига шикаст етказиши мумкин. Яхшиси, уни елкадан ошириб уриш керак.
Тўла полвон айиққа тик бориб, чап қўли билан айиқнинг кўзини шамғалат қилиб, босқондек ўнг қўли билан айиқнинг чап билагига уриб, жонсизлантирди. Сўнг жониворнинг ўнг қўлидан ушлаб, даврани икки марта айлантириб, бошидан ошириб ташлади. Айиқ унинг елкасидан худди сомон тўлдирилган қанордек ошиб кетди. Даврадагилар қийқириб юборди. Тўла полвон зудлик билан даврани тарк этди. Ғазабланган айиқ бўкирганча рақибини излаб қолди. Ўша пайтдаги Чироқчи туман милицияси бошлиғи Аҳмад Рустамов Тўла полвоннинг елкасига ўзининг чопонини ёпди.
Биз туяни етаклаб қишлоққа қайтдик.
Эртасига Тўла полвон ўнг елкаси ачишаётганини айтди. Қарасак, айиқ панжасининг изи экан.
Орадан йиллар ўтди. Тоғам Тўла полвонни уйлантириб, хизматига рози бўлиб, юртига кузатиб қўйди.
***
Чироқчилик атоқли полвон Абдурашид Мирзаев ҳам ўзининг “Курашнинг қайта туғилиши” китобида Тўла полвонни хотирлайди.
“Зўрлар олишганда майдон ларзага келади. Икки алп узоқ кураш тушди. Кучлар тенг келди. Даврани бошқараётган Норқора бобо мухлисларга икки машҳур полвоннинг кучлари тенг келди, энди уларни ажратиб қўяйлик деб рухсат сўрайди. Халойиқ баралла “Майли шундай бўлсин, Мавлон Мавлонда, Тўла Тўладан қолсин”, деб ҳайқириб розилик берди” дея ёзади муаллиф.
Абдурашид Мирзаев шунингдек, ўша йилларда эл-улус орасида Тўла полвон ва яна бир машҳур Мавлон полвон ҳақидаги баҳслар, уларнинг қайси бири зўрлиги борасида тортишувлар қанчалик қизиганини ҳам мароқ билан эслайди. У бунга мисол қилиб қишлоқ одамлари кулишиб айтиб юрадиган бир воқеани келтиради: “Бир маъракадан қайтаётган икки чол эшаклари устида ўтиришганча тортишиб бораётир. Чунки, уларнинг иккови икки уруғдан, бири Мавлон зўр деса, иккинчиси йўқ, Тўла полвон зўр дейди. Охири эшакни ниқтайдиган халачўплар жанги бошланди. Одамларнинг “Э, бу чолларга нима бўлган ўзи” деган қарашлари улар учун ҳозир ёт эди.
Охири рақиблардан бири ўзига келиб, ”Эҳ, Мавлониям, Тўла полвониям қурсин. Бу омон бўлгурлар хўп иш қилди-ёв, Абдусаматбой. Лекин бугун биз улардан ҳам кўпроқ иш қилдик. Жанжаллашиб уйимиздан икки чақирим нарига ўтиб кетибмиз-ку”, деган экан...
Дарҳақиқат, Тўла полвон элнинг ор-номуси деб майдонга тушиб, бирор марта мағлуб бўлмаган. Шу боисдан унинг номи йиллар оша элнинг хотирасида яшаб келаяпти. Тўла полвон 1946 йилда вафот этган ва ундан Менгир исмли ўғли ва бир қиз қолган. Ўғли деҳқончилик билан шуғулланган ва уйланиб икки ўғил ва тўққиз қизли бўлди. Бугун машҳур полвоннинг набираси Абдимурод Тўлабоев қишлоғидаги 67-ўрта мактабда директор бўлиб фаолият юритмоқда.
Халқимизнинг “Оққан дарё яна оқади” деган гапи бор. Ишонамизки, куни келиб полвоннинг авлодларидан худди бобосидек енгилмас курашчилар етишиб чиқади.
Ўролбой ҚОБИЛ,
Қамаши тумани