Меню
Қашқадарё
Ҳайдовчини алдаб, машина салонидан телефон, антирадар ва пулни ўғирлаб кетди
Такси ҳайдовчиларига ҳам осонмас. Ахир машинага чиққан йўловчи ким, яхшими-ёмонми, нияти тўғрими-нотўғри, билиб бўлмайди. Демакки, шунга яраша эҳтиётни кўриб юрган маъқул – бу турли кўнгилсизликлар, дилхираликлардан муҳофаза этади.
Қарши шаҳридаги Қарлуқбоғот маҳалласида яшовчи Н.Ш. шу йилнинг 18 декабрь куни шаҳар бўйлаб ҳаракатланаркан, соат 18:45 ларда унинг бошқарувидаги “Ласетти” автомашинасига нотаниш йўловчи чиқади. Ўзини Азиз деб таништирган шахс ҳайдовчига Пахтазор миттитуманидаги “Кристал” савдо дўкони орқасида тўхташини айтиб, оёғи оғриётганини, дўкондан USB кабели олиб чиқишини илтимос қилади.
Ҳайдовчи машинадан тушиб кетгач, вазиятдан устомонлик билан фойдаланиб, бозор баҳоси 1 миллион 260 минг сўмлик “Самсунг Ж5” русумли телефон аппарати, 1 миллион 400 минг сўмлик антирадар ҳамда 468 минг сўм нақд пулни яширинча олиб, воқеа жойидан яширинади.
Орадан икки кун ўтиб эса соат 20:00 ларда Ислом Каримов кўчасида гўёки йўловчи сифатида фуқаро Ч.Б. бошқарувида бўлган “Спарк” автомашинасига ўтиради. Ҳайдовчига муҳим ишлар билан юрганини, тўрт-беш жойга олиб бориши лозимлигини айтади. Пахтазор миттитуманидаги кўп қаватли уйлар олдига боргач, ҳайдовчидан қимматбаҳо телефон аппаратини сўраб гўёки ўзини телефондан фойдаланаётгандек кўрсатиб, воқеа жойидан қочиб кетади.
Ички ишлар вазирлигининг “Постда” нашри ёзишича, ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ҳаракатлари давомида ушбу жиноятларни Қарши шаҳар Боғишамол маҳалласида яшовчи С.Б. содир этгани аниқланди. Ундан ўғрилик йўли билан қўлга киритилган нарса ва буюмлар тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.