Меню

Қашқадарё

31.08.2020 1338

Ҳайдовчи ЙПХ ходимига пул тиқиштирдими?

Шу йилнинг 29 август куни соат 08:30 ларда Ғузор тумани ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори З.Пардаев тумандаги буюм бозори рўпарасида хизмат олиб бораётган вақтида, “ЗИЛ” русумли юк автомобилини тўхтатган. Ҳужжатларни текшириш жараёнида ҳайдовчи, 1987 йилда туғилган И.Д. ушбу юк автомобилини бошқариш ҳуқуқини берувчи тегишли тоифа (категория)си бўлмаган ҳайдовчилик гувоҳномаси билан рулда эканлиги аниқлаган.

 

Ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Шундан сўнг, ҳайдовчи туман ИИБ ЙҲХБ катта инспектори Ф.Султоновнинг хизмат хонасига келиб, “ЗИЛ” юк автомобилини жарима майдончасидан олиб чиқиш эвазига 300 минг сўм миқдоридаги пулни пора тариқасида таклиф қилган. Катта инспектор эса мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилган.

Эртаси куни соат 15:35 ларда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро И.Д. пора сифатида 200 минг сўм пулни катта инспектор Ф.Султоновга хизмат хонасида бераётган вақтида далилий ашё билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси Ғузор тумани бўлими томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу ўринда бир мулоҳаза туғилади: хўш, ҳайдовчи нега бунча ишонч билан ЙПХ инспекторига пул тиқиштирди? Бу борада кўзи “пишиб” кетганмиди ё ЙПХдагилар пул олмаслиги ҳақидаги гаплар ҳақиқатга айланиб улгурдими?

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!