Меню

Қашқадарё

25.04.2024 5336

“Агрокўмакчи” – деҳқон ва фермерлар учун электрон ёрдамчи

Матбуот анжумани

Деҳқон ва фермерлар учун электрон ёрдамчи сифатида ишлаб чиқилган "Агрокўмакчи" мобил иловаси фойдаланувчига зараркунанда ва касалликлар ҳақида батафсил маълумотлар олиш имконини бериб, уларга қарши курашиш йўлларини ҳам ўргатади.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида сўз юритилиб, махсус видео роликлар орқали тушунчалар берилди.

“Ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги долзарб масалалар” мавзусига бағишланган бу тадбирда тупроқ таҳлилининг афзалликлари, озиқ-овқат хавфсизлигига риоя қилган ҳолда фитосанитар тоза экспортбоп маҳсулот етиштириш чоралари ҳақида маълумотлар берилди.

- Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси туман ва шаҳар инспекторлари томонидан вилоятимизда қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган  жами 419 минг 57 гектар майдондан 180 минг 769 гектар майдонда 22 минг 668 марта  дала назорати ишлари  ўтказилиб, “е-Fitouz” ААТ тизимига маълумотлар киритилди, - дейди  бошқарма бошлиғи Ғайрат Жўраев. - Қишлоқ хўжалигига иқтисодий зарар етказадиган зарарли организмлардан ҳимоя қилиш мақсадида 14 та экин тури бўйича 401 минг 392 гектар ер майдони карантин назоратидан ўтказилди. Шу жараёнда зараркунанда, касаллик ва бегона ўтлар учраши мумкин бўлган ер майдонлари  аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди. 2024 йил давомида вилоятимиздаги  5480 гектар боғ яроқсиз ва иқтисодий самарасиз боғлар рўйхатига киритилди, шунингдек, 2055 гектар яроқсиз ва иқтисодий самарасиз ток майдонлари аниқланди. Йил бошидан бугунги кунга қадар яроқсиз ва иқтисодий самарасиз деб топилган боғ ва токлар 100 фоиз бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига янгилари барпо қилинди.

Интерактив усулда ўтган анжуманда ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар томонидан берилган саволларга мутасаддилар жавоб қайтаришди.

Шоҳиста БОЗОРОВА

С.НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!