Меню
Қашқадарё
АГАР МУАММО 3-4 ЙИЛДАН БЕРИ КУН ТАРТИБИДА БЎЛСА, НЕГА ШУ ВАҚТГАЧА УНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ЧОРАЛАРИ КЎРИЛМАДИ?
Қарши шаҳрида айни ёз остонасида "булоқ кўз очди". Ўзи ҳаво ҳам исиб кетди, кишининг нафаси қайтади, сув, салқинлик бўлгани яхши-да, хўш, қаерда экан ўша "булоқ", дерсиз?
Бу жой шаҳарнинг Ислом Каримов ва Насаф кўчалари кесишган нуқтасида, "Умида" чойхонаси берисида. Суратда жазирама-қуруқ кунларда машиналар сув кечиб юрганини кўраяпсиз-ку, худди шу манзилда кўз очган ўша "булоқ". Балки оқова сув тошиб, йўлларни тўлдирган бўлса, масалага у қадар жиддий қарамаса ҳам бўларди. Муаммо шундаки, чоғроқ "кўл" ичимлик суви қувури тешилиши натижасида пайдо бўлган. Бир неча кундан бери томчиси тиллога тенг неъмат тонналаб исроф бўлаяпти ҳамки, биров қувурни ямаш ҳақида қайғурмаётганга ўхшайди.
- Бу ерда 3-4 йилдан бери аҳвол шу, - дейди "Сувоқова" корхонаси Қарши шаҳар филиали раҳбари Улуғбек Авазов. - Чунки қувурлар эскириб кетган, ўрнатилганига 40-50 йиллар бўлган. Шунинг учун янги қувур ўрнатиш билан малакали мутахассислар шуғулланиши талаб этиларди. Бугун (27 май назарда тутилмоқда - таҳририят) шу бўйича тендер бўлиб ўтди, ғолиб қурувчи яқин кунларда қувур ўрнатиш ишларини бошлайди.
Масъулнинг таъкидлашича, пандемия шароитида шаҳарда ичимлик суви таъминотини яхшилаш учун республика бюджетидан 16,5 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бунда даставвал Қарши шаҳридаги диагностика биносидан вокзалгача, ички ишлар бошқармаси биносидан курантгача ва яна бир неча миттитуманлар сув таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.
Демак, тендерда ютган қурувчи то ишни бошлагунича "булоқ" сувидан "баҳраманд" бўлишга мажбурмиз.
Биласиз, нефтга "қора олтин" деб баҳо берилади, бугун ўша "олтин"нинг бир тури - бензин 4 минг сўм бўлса, қадоқланган 1 литр сувнинг баҳоси 2 минг сўм. Кўриниб турибдики, "сувтекин" деган ибора бугун ўз аҳамиятини йўқотган. Сувнинг баҳоси ўша "қора олтин" қийматига яқинлашиб қолган.
Шундай экан, вилоят аҳолисининг ичимлик суви билан таъминланиш даражаси республика миқёсида жуда паст экан, сувни исроф қилмайлик, муаммо бўй кўрсатганда ғимирлаб қолиш ўрнига вақтида бартараф қилиш чораларини кўрайлик. Бир куни уволи тутмасин!
Н.ХЎЖАЕВ
БОБУРБЕК олган суратлар.