Меню

Қашқадарё

16.01.2018 1840

АФВ ЭТИЛГАНЛАР ЖАМИЯТДА ЎЗ ЎРНИНИ ТОПАЯПТИМИ?

Аҳамиятли жиҳати, афв этишда маҳкум томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг ўз қилмишидан чин кўнгилдан  пушаймонлиги, жиноят натижасида етказилган моддий зарарнинг қоплангани ва бошқа оқибатларнинг бартараф қилингани, маҳкумнинг шахсини тавсифловчи маълумотларга, унинг ёши, соғлиғининг ҳолати, оилавий аҳволи, жазонинг содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражасига мутаносиблигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, жабрланганлар ва жамоатчиликнинг, жумладан, маҳкум яшаган маҳалла вакилларининг фикрлари ҳам атрофлича ўрганилди.

Мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда ҳам ушбу фармон ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, вилоят ҳокимлиги ҳузурида жазони ўташ жойларидан озод қилинган шахсларга ижтимоий-маиший жиҳатдан ва ишга жойлашишда ёрдам кўрсатиш бўйича махсус комиссия тузилиб, афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви ва ҳимоясига оид чораларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни ўз вақтида ва самарали ҳал этиш мақсадида ҳамкор ташкилотлар билан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Ижобий тавсифланиб, вилоят ҳудудига келадиган афв этилган шахсларни мутасадди ташкилотлар томонидан тўлиқ ҳисобга олиш, ижтимоий фойдали меҳнат билан бандлигини таъминлаш, вояга етмаганларни ота-оналарининг, васийлик ва ҳомийлик органларининг назоратига топшириш, шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда тақиқланган ташкилотларнинг собиқ аъзоларига нисбатан кўрилаётган тарбиявий таъсир чораларининг узлуксизлигини таъминлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилнинг 8 январь ҳолатида жазони ижро этиш, тақсимлаш ва қабул қилиш муассасаларидан фармонга асосан озод этилган 85 нафар шахс рўйхатга олинди. Уларнинг 77 нафари меҳнатга лаёқатли бўлиб, 59 нафари фойдали меҳнатга жалб қилинди, қолганларига ишга жойлашиш учун йўлланмалар берилди ва 2 нафари касаллиги сабабли вақтинча ишга жойлашмай турибди.

Рўйхатга олинганларнинг 1 нафари нафақахўр, 3 нафари (Косон, Қарши ва Деҳқонобод туманларидан) 2-гуруҳ ногирони, 2 нафари (Қарши шаҳри, Шаҳрисабз тумани) сил касаллигига чалинган. Рўйхатга олинганлар орасида вояга етмаганлар ва қаровсиз ёлғизлар мавжуд эмас.

85 нафар афв этилган шахсга 85 миллион 775 минг 520 сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 26 нафарида биометрик паспорт мавжуд бўлса, 33 нафарига янги паспорт олиб берилди, қолган кишиларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш марказига юборилди. Тез кунлар ичида янги паспортлар ўз эгаларига тарқатилади.

Озод этилганлар соғлиғини ва меҳнатга лаёқатлилигини аниқлаш мақсадида улар кўп тармоқли марказий поликлиникаларда лаборатория ва инструментал текширувдан ўтказилди. Тиббий кўриклар натижасида 20 та касаллик аниқланди. Шундан 2 та сил, 1 тадан онкологик, тери-таносил, наркологик ва 15 та бошқа касалликлардир. 10 киши стационар, яна шунча киши амбулатор шароитда даволаниб чиқди. Бошқа кишиларнинг даволаниши давом эттирилмоқда.

Рўйхатга олинганларнинг 6 нафари хотин-қизлар бўлиб, уларнинг ижтимоий ҳаётга мослашишлари учун хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Озод бўлган шахсларнинг яшаш манзилларидан маҳалла оқсоқоллари, нуронийлардан мураббийлар тайинланиб, уларнинг оилавий аҳволидан доимий равишда хабардор бўлиш чоралари кўрилди.

Конституцион тузумга қарши судланган 36 нафар шахсга нисбатан (Қарши шаҳри, Қарши, Чироқчи, Қамаши, Косон, Нишон, Ғузор, Китоб ва Шаҳрисабз туманларидан) тарбиявий таъсир чоралари кўриб борилаяпти.

Жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилаётган шахсларга Президентимиз бошчилигида олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг мазмун-моҳияти батафсил айтилиб, берилган имкониятнинг қадрига етиш   зарурлиги бўйича тушунтиришлар берилаётир.

Қарши шаҳрилик Зоҳиджон Мустафоев эндигина 30 ёшни қарши олган бўлса-да, ғўрлик қилибми, ҳаётда бир адашди, оқ билан қорани фарқлай билмади. Қилмишига яраша жазога тортилди.

– Жазони ижро этиш жойида қилган хатоларим ҳақида жуда кўп ўйладим, қаттиқ пушаймон бўлдим, – дейди у.   – Оила аъзоларим, яқинларим, кейинги ҳаётим ҳақида ўйладим. Президентимиз мени афв этганидан бениҳоя хурсандман. Адашган одамга кўрсатиладиган ёрдам бундан ортиқ бўлмаса керак: оиламга қайтганимдан сўнг 1 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам беришди, биометрик паспорт олдим. Ҳозир “Аслон сервис” хусусий корхонасида ишлаяпман. Ҳалол меҳнатим билан номимни оқлашга, юртимиз равнақига ҳисса қўшишга ваъда бераман.

Нишонлик Абдихалил Тошпўлатов ҳам афв этилганлардан. Чунки адашганини англаган, тузалиш йўлига кирган. Шунга муносиб бугун озодлик ҳавосидан баҳраманд, ишга жойлашган, кам-кўстини тўғрилаши, эркинликдаги дастлабки одимларини қўйиб олиши учун моддий ёрдам олган. “Бизни кечириб, ишонч билдирган, ғамхўрлик ва бағрикенглик кўрсатган давлатимизга, халқимизга раҳмат”, дейди у.

Умуман олганда, афв этиш тўғрисида фармон нафақат демократик давлат ва фуқаролик жамиятининг устувор тамойилларини, балки халқимиз минг йиллардан буён асраб-авайлаб келаётган қадриятларни, бағрикенглик ва мурувват каби олий фазилатларни ифодалаши билан эътиборга моликдир. Ишонамизки, кечирилган ҳар бир шахс ўзига билдирилган ишончни оқлаб, юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшади, жамиятда ўз ўрнини топади.

Исломбек САЛОМОВ, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш кўникма маркази бошлиғи 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!