Меню
Қашқадарё
“АФРОСИЁБ” ПОЕЗДИ ШАҲРИСАБЗГА ИЛК ЙЎЛОВЧИЛАРИНИ ОЛИБ БОРДИ
Илгари халқимиз ҳаётини яхшилашга қаратилган ишлар ижросига бир неча йиллар кетган бўлса, бугун юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар рўёбига кўз очиб юмгудек лаҳза кифоя қилаяпти. Мана, биргина мисол. Давлатимиз раҳбари томонидан “Афросиёб” тезюрар поездини кўҳна ва навқирон Шаҳрисабзга олиб бориш ташаббуси билдирилганига ҳам ҳеч қанча вақт бўлмаганди. Бу ташаббус дарров амалга кўчди. Бир қарашда анча залворли туюлган бу кенг кўламли ишлар Президентимиз бошчилигида аҳоли манфаатларини кўзлаб юритилаётган қатъий сиёсат сабаб муваффақиятли ва сифатли якунланди.
Шаҳрисабзга “Афросиёб” тезюрар электропоезди қатновининг муҳим сана – Мустақилликнинг 27 йиллиги байрами арафасида йўлга қўйилгани эса барчани бирдек хушнуд этди. Тошкент шаҳридан йўлга чиққан мазкур замонавий темир йўл транспорти воситаси одатига кўра вилоятимиз марказида тўхтадию, ўз бағрига 200 нафардан зиёд йўловчини олиб, расман илк маротаба кўҳна Кеш томон сафарга чоғланди. Шу муносабат билан Қарши темир йўл вокзалида пойтахтдан келган бир гуруҳ меҳмонлар, воҳа фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимларидан иборат йўловчиларни кузатиш маросими ташкил этилди. Вокзал перронида карнай-сурнай садолари янгради. Кузатиш майдонида йиғилган маҳаллий ҳокимият масъуллари, темир йўл вокзали ходимлари, қўлларида гул ва байроқларни силкиб турган йигит-қизлар сафар иштирокчиларига оқ йўл тилашди. Соат 11 дан 58 дақиқа ўтганда маҳобатли электровоз меҳмонлар тўла вагонларни орқалаганча ўз жойидан қўзғалди.
Ҳақиқатан ҳам замонавий ва тезюрар деганича бор. Зум ўтмаёқ поезд тезлиги соатига 150 километрдан ошди. Шу кетишда йўл-йўлакай кўзга ташланган қанчадан-қанча уйлар, ишлаб чиқариш объектлари, дашту далалар бир зумда ортда қолаверди. Шубҳасиз, бунга зарур шарт-шароит яратиш учун ҳам озмунча машаққат чекилмади. Ўз номи билан электровоз бўлгандан кейин фақат электр энергиясидан куч олиб ҳаракатланиши табиий. Дастлаб иш Қарши-Китоб темир йўл участкасини модернизациялаш ва электрлаштиришдан бошланганди. Умумий узунлиги 124 километр бўлган ушбу темир йўлни янада обод этишга катта маблағ ва салоҳият сарф этилди. Тажрибали мутахассислар томонидан 94 километр масофани ташкил этувчи “Тошгузар-Китоб” линияси қисқа муддатда тўлиқ электрлаштирилиб, юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар қатнови учун мослаштирилди.
- Бугунги замонавий электровозлар ҳар жиҳатдан афзал, - дейди “Афросиёб” йўловчиларидан бири, темир йўл соҳаси фахрийси Шавкат Шайкулов. – Биринчидан, жуда тез, шу билан бирга, энергиятежамкор экан. Тутун чиқариб, атроф-муҳитга, экологияга зарар ҳам етказмайди. Биз ишлаган даврларда фақат тепловозлар бўларди. Ўзим ҳам 30 йилга яқин машинист сифатида меҳнат қилиб, шундай тепловозларни бошқарганман. Қаршидан Термизга қатнардик. Тезлик ҳам ўзига яраша, бир неча кунимиз поездда ўтиб кетиб қоларди. Бу ҳам етмагандек, устимиздан солярка ҳиди анқирди. Ҳозир-чи, бутунлай бошқа манзара. Машинист кабинасида бир гард топмайсиз. Ҳамма жой ораста. Касбимни фарзандим ва неварам давом эттираяпти. Уларга ҳам замонавий электровозлар бошқаруви ишониб топширилгандан хурсандман.
“Афросиёб” шиддат билан елиб борар экан, вагон деразасидан теваракка қарайман. Бир вақтлар, мазкур темир йўл линияси йўналишида жуда эски, нурай деб қолган Ғузор, Қамаши ва Яккабоғ вокзаллари бўларди. Уларни вокзал деб аташ ҳам ножоиздек эди. Шунчаки номигагина қўр тўкиб турган бу бинолардан бугун асар ҳам қолмаган. Уларнинг ўрнида айни дамда ўз номига мос, замонавий янги вокзаллар қад ростлаган. Соҳа мутахассиси берган маълумотга қараганда, бу ишлар ҳам ана шу йирик лойиҳа доирасида амалга оширилган. Барча сигналлаштириш ва телекоммуникация тизими модернизация қилинган. Ҳар бир вокзалда ички қувват манбаи биноси қурилган. Қамаши-Яккабоғ ҳамда Яккабоғ-Танхоз станцияларини боғловчи темир-бетон кўприк, сув ўтказиш сунъий иншоотлари мавжуд талабларга мос равишда янгидан барпо этилган.
Аҳамиятлиси, темир йўллар модернизация қилиниб, атрофи темир-бетон тўсиқлар билан ўралди. Китоб станциясида эса машинистлар дам олиш маскани бунёд этилди. Шу билан бирга, лойиҳа асосида поездларга техник хизмат кўрсатиш биноси ҳам қурилди. Бу дегани, узоқ йўлдан чарчаб келган машинист нафас ростлаши, бироз куч тўплаб олиши мумкин, поездни эса техник шай ҳолатга келтириш имкони мавжуд. Ушбу линияда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораси ҳам кўрилган. Шу мақсадда 14 жамланма йўл ўтказгичлар янгисига алмаштирилган. Қурилиш ишларига 100 га яқин илғор техника, 300 нафардан зиёд тажрибали мутахассис жалб қилинганини қайд этиш лозим. Эътиборлиси, соҳа энергетиклари томонидан темир-бетон устунларни ўрнатиш, уларга консоллар илиш, контакт симлари тортиш каби барча ишлар ўз вақтида, сифатли бажарилган.
Поездга чиққанимизда, Шаҳрисабзга 54 дақиқада етиб боришимизни айтишганди. Дарҳақиқат, “Афросиёб” манзилга етганида соат 12 дан 52 дақиқани кўрсатаётганди. Илк йўловчилар Китоб темир йўл станциясида тантана билан қарши олинди. Вилоят, Шаҳрисабз тумани ва шаҳри ҳокимликлари масъуллари, ҳудуд аҳолиси “Хуш келдингиз!” дея меҳмонларга ҳурмат кўрсатишди.
- Йўл азоби - гўр азоби, деб бекорга айтмайдилар, - дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Суюн Абдиев ўз ҳиссиётларини яширолмай. – Бунда ҳеч бир азоб йўқ, фақат роҳатланади киши, барча қулайлик муҳайё. Хизмат сифати ҳам юқори даражада. Шаҳрисабзга поездда боришга биров кўнмасди илгари. Йўлнинг ўзига икки ярим соатдан кўпроқ вақт кетарди. Қандай келганимизни ҳам сезмай қолдик. Бу каби барча ишларда халқни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам. Бир ҳақиқат борки, темир йўл ривожланса, аҳоли фаровонлиги ҳам юксалади. Бу каби ўзгаришлар мустақиллик айёмига тўғри келганида чуқур маъно бор, деб ўйлайман.
Барчанинг кўзида шоду хуррамлик. Айниқса, шаҳрисабзликлар барчадан кўра кўпроқ хурсанд. Фақат “Афросиёб” поезди келгани эмас, балки у ўзи билан келтирган ва келтириши муқаррар тараққиёт шиддати уларни шу қадар ҳаяжонга солгандир эҳтимол. Кеш диёрининг меҳмоннавозлиги шу билан ниҳояланмади. Сафар қатнашчилари Шаҳрисабзнинг тарихий маркази бўйлаб экскурсияни амалга оширишди. Мана, нимани кўришга ошиқади сайёҳатсеварлар - буюк ўтмишимизни, миллий ўзлигимизни. Ўз навбатида туризмни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга асос бўлади бу янгилик.
- Темир йўл борган жойга тараққиёт кириб боради, демак, унинг тезлиги ошса, ривожланиш суръати ҳам янада ошади, - дейди Мустақиллигимизнинг 27 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига кўра “Шуҳрат” медали билан тақдирланган, Қарши шаҳридаги “Дармон фарм” хусусий корхонаси раҳбари Анзур Нормуродов. – Кўринадики, мазкур лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилгани юксак иқтисодий самарадорликка ҳам эга. Туризм салоҳияти юқори баҳоланадиган Шаҳрисабзга сайёҳлар оқими бундан-да кўпайиши турган гап. Келган турист шунчаки томоша билан кифояланмайди, нимадир сотиб олади, қандайдир хизматдан фойдаланади. Бу эса хизмат кўрсатиш, миллий ҳунармандчилик каби етакчи иқтисодиёт тармоқлари янада равнақ топишини, оддий одамларни иш билан банд этиш даражаси тубдан яхшиланишини англатади. Бу ҳолат чет эл, маҳаллий инвестицияларга ҳам кенг йўл очади. Мева-сабзавот етиштириш, уни қайта ишлаш ва экспортга чиқариш борасидаги ютуқларимизни ҳисобга олиб, биз ҳам ушбу имкониятдан ўз ўрнида фойдаланишни, аграр туризмни ривожлантиришни мақсад қилганмиз.
Дарҳақиқат, “Афросиёб” тезюрар поездининг мамлакатимиз қадимий шаҳарлари – Самарқанд, Бухоро, Қарши ва Шаҳрисабзга қатновни амалга ошириши уларни бир йўлда бирлаштириш имконини беради, ўзига хос туристик занжир яратишга шароит ҳозирлайди. Бу эса кўҳна осори атиқаларни кўришга орзуманд бўлган маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун улкан қулайликлар тақдим этади.
Меҳмонларнинг Шаҳрисабзга саёҳати давомида муҳташам ресторанлардан бирида улар учун дастурхон ёзилди. Ёш эстрада хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар билан тадбир янада файзли ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими Зафар Рўзиев, шунингдек, соҳа мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари сўзга чиқишди. Мазкур янгиликнинг воҳа иқтисодиёти, ҳудуд аҳолиси ҳаётида қандай аҳамият касб этиши ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди. Юртимизда олиб борилаётган бундай улкан бунёдкорлик ишлари мамлакатимизнинг янада чирой очишида, дунё аҳлини ўзига чорлашида асосий омил бўлаётгани айтиб ўтилди. Шундан сўнг, “Афросиёб” поезди ўзининг илк йўловчиларини олиб Қарши шаҳрига қайтиб келди.
М.ШУҲРАТОВ
Суратларда: тадбирдан лавҳалар.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.