Меню

Қашқадарё

24.12.2016 2822

АФРИКА ТУЯҚУШЛАРИ ЭНДИ ГУВАЛАКДА

Косонлик Самандар Султоновнинг паррандачилик соҳасига қизиқиши баланд. У ана шу қизиқиши боис вилоятимиз учун ҳозирча ноанъанавий саналган ишни йўлга қўйди. Аниқроғи, ишбилармон маҳаллий шароитда Африка туяқушлари боқишни бошлади. Ҳозирда у раҳбарлик қилаётган "Дўст" хусусий фирмасида 18 та ана шу турдаги йирик қуш бор.

- Туяқуш парваришига анча вақтдан буён қизиқиб юрар эдим, - дейди тадбиркор. - Риштон туманидаги "STRAUS FARM" Ўзбекистон-Буюк Британия қўшма корхонасида маҳаллий шароитда туяқуш боқиш йўлга қўйилганини эшитиб, у ерга бордим. Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, туяқуш парваришлашнинг ўзига хос томонлари, лойиҳанинг истиқболлари хусусида етарли тушунчага эга бўлдим. Энди ишни бошлаш учун муайян миқдорда маблағ талаб этилар эди. Тижорат банкига мурожаат этганимда, менинг ушбу лойиҳам қўллаб-қувватланиб, тўла молиялаштирилди.

Тадбиркорнинг таъкидлашича, туяқуш парваришлаш мамлакатимизда нисбатан янги йўналишлардан бири. Шу боис ҳозирги кунда бу ишга қўл урган аксарият тадбиркорлар фақат уни кўпайтириш билан шуғулланишмоқда. Кўп ўтмай  уларнинг сони ортиб, ўз-ўзидан туяқуш тухуми ва гўшти истеъмол бозорига ҳам кенг чиқарила бошлайди.

Маълумотларга кўра, бошқа паррандаларникига қараганда туяқуш гўшти мазали, фойдали ва парҳезбоп. Фақат бу эмас, унинг терисидан қимматбаҳо кийимлар, қўлқоп, пойабзал, ҳамён ва сумкалар тикилса, тирноғидан бриллиант ва олмосни тозалашда ишлатиладиган кукун, патидан эса пар ёстиқлар, аёллар учун шарф ва бошқа кийим-кечаклар тайёрланади.

- Кўплаб касалликларга қондаги холестерин миқдорининг ошиб кетиши сабаб бўлади, - дейди вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази бош врачи ўринбосари Дилшод Каримов. - Шу боисдан ҳам шифокорлар мурожаат этувчиларга доимо таркибида холестерин кам бўлган маҳсулотлар истеъмол қилишни тавсия этишади. Туяқуш гўшти худди шу талабга жуда мос тушади ва парҳезбоп таом ҳисобланади. У қон-томир, ошқозон-ичак касалликларида, инфаркт, инсультнинг олдини олишда жуда фойдали. Шунингдек, иммунитетни мустаҳкамлашда, қон босими кўтарилиши ва тушиши, аллергия, астма каби қатор касалликларни даволашда қўл келади.

Тасниф берилишича, туяқуш 70 йилгача умр кўради. Катта ёшдаги туяқушнинг бўйи 2,7 метр, вазни 150 килограммдан ортиқ бўлади. Битта туяқуш 10-12 йил давомида қўйган тухумлардан чиққан жўжалар гўшти ўртача 72 тоннага етиши мумкин. Тухумининг оғирлиги эса 1,5-2 килограммдан кам бўлмайди. 12-14 ойлик туяқушнинг вазни 100-120 килограммгача бўлиб, ундан 20-25 килограмм лаҳм гўшт, 1,2-1,8 метр квадрат тери олинади.

- Туяқуш парваришининг ўзига хос нозик жиҳатлари ҳам бор, - дейди Самандар Султонов. - Уни парваришлашда жуда ҳам эътиборли бўлиш лозим. Уларни тўрт ойлик бўлгунига қадар ўстириш ўта мураккаб. Шу давр ичида нобуд бўлиш эҳтимоли катта. Кейинчалик ҳам озуқа рационига қатъий амал қилиш талаб этилади. Туяқушлар кенг ерда ўтлашни хуш кўрар экан. Шу боис, уй шароитида парвариш қилиш жуда қийин. Бизга туман ҳокимлиги томонидан 8 гектар сувли ер майдони ажратилди. Ўша жойда алоҳида ферма ташкил этиб, туяқушларни инкубатор усулида кўпайтиришни йўлга қўймоқчимиз.

Тадбиркор фақат туяқушлар билан чекланиб қолмоқчи эмас. У паррандачиликнинг янада янги, маҳаллий шароитимиз учун мос ва фойдали турларини йўлга қўйиш устида иш олиб бормоқда. Бугун номигагина иш қиладиган давр эмаслигини, ишласа, янги фаолият турларини йўлга қўйса, бунинг ортидан фойданинг салмоғи ошиши, элга, юртга нафи тегишини яхши билади. Эндиликда у Африка туяқушлари ёнига 500 дона Америка куркаларини ҳам олиб келиш устида иш олиб бормоқда.

- Мутахассислар билан маслаҳатлашиб, интернет сайтларидан ўқиб Америка куркаси ҳақида етарли маълумотга эга бўлдим, - дейди тадбиркор. - Уларни бизнинг иқлим шароитимизда бемалол парваришласа бўлар экан. Америка куркасининг гўшт унумдорлиги маҳаллий куркалардан тўрт, беш баробар юқори. Бир дона курка 45 килограммгача гўшт беради. Унинг гўшти ҳам мазали ва фойдали хусусиятлари бобида дунё истеъмол бозорида ўз ўрнига эга. Ҳозирча бу борада музокаралар олиб бораяпмиз. Насиб этса, уч-тўрт ойдан сўнг мамлакатимизда биринчилардан бўлиб маҳаллий иқлим шароитида Америка куркаларини парваришлашни ҳам йўлга қўяман.

Африка туяқуши, Америка куркаси! Уларнинг ёнида, албатта, маҳаллий жўжаларимиз ҳам парваришланади. Бу Самандар Султоновнинг яна бир режаси. Айни дамда тадбиркор 500 дона жўжа парваришлашни ташкил этиш учун жой ҳозирламоқда. Ушбу лойиҳалар ортидан фаолиятини янада ривожлантириб, ўнга яқин янги иш ўрнини яратиш ниятида.

Албатта, мамлакатимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳити тадбиркорларимизни ҳам бугунги кун билан ҳамнафас бўлишга, янги, истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга ундамоқда. Самандар Султонов ҳам мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, янги марраларни забт этиш устида иш олиб бормоқда. Паррандачилик соҳасида алоҳида мактаб яратиш, иш ўрнини кўпайтириш, меҳнати ортидан элга, юртга наф келтириш унинг қатъий мақсади.

ҚИЗИҚАРЛИ ФАКТЛАР

Дунёдаги энг катта қуш Африка туяқушидир.

***

Туяқуш узун ва бақувват оёқлари ёрдамида соатига 70-90 километр тезлик билан югура олади.

***

Дунёдаги энг катта ҳужайра туяқуш тухуми ҳисобланади.

***

Туяқуш тухуми қанчалик катта бўлмасин, ўз вазнига қараганда жудаям кичик. Тухумнинг вазни она туяқуш вазнининг атиги 1,5 фоизига тўғри келади.

***

Туяқуш тухумини пишириш учун уни камида 40 дақиқа қайнатиш керак.

***

Туяқуш бемалол қизиб турган чўғни ея оларкан. Унинг ошқозони учун бу хавфли эмас.

***

Туяқушлар бошини қумга яширишни хуш кўради. Бунга сабаб кўпчилик ўйлаганидек, қўрққанидан эмас, балки паразит ҳашаротлар жонига текканидан экан. Туяқушнинг калласида текинхўр ҳашаротлар кўп бўлади. Улардан қутулиш учун кўзларини юмиб олиб, бошини бироз  иссиқ қумга тиқиб туради, сўнг бошини чиқаради ва қоқинади.

***

Эму туяқуши ва кенгуру орқага тисарила олмайди, фақат олдинга юради. Шу боисдан ҳам уларни Австралия армиясининг рамзи сифатида танлашган.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!