Меню
Қашқадарё
АФИНА, УНИНГ ДЎСТЛАРИ ВА СМАРТФОНЛАР ҲАҚИДА
Ёзнинг одатий кунларидан бирида мен Техас штатига – Хьюстонга қўнғироқ қилдим. У ерда Афина яшайди, ёши 13 да. Қизалоқ биринчи марта айфонни 11 ёшида ишлатган. У телефонни олди, овозидан худди ҳозиргина уйқудан тургандек эди. Биз унинг севимли қўшиқлари ва телешоуси ҳақида суҳбатлашдик, сўнгра мен у ва дўстлари нима билан шуғулланишни ёқтиришларини сўрадим.
Афина ва унинг дўстлари аксарият вақтларини ўз телефонларини қўлдан қўймай ўтказишади. Менинг давримдаги одатий оқшомларини турли-туман мишмишларни муҳокама қилиб ўтказадиган ўсмирлардан фарқли равишда булар “Snapchat”да мулоқот қилишади. Бу мобиль-иловага бир зумда ғойиб бўладиган сурат ва тасвирларни жойлаштириш мумкин. Афина ва унинг дўстлари “Снэп страйк” даражасини бир меъёрда тутиб туришга алоҳида эътибор беришади, бу эса уларнинг қаторасига неча кун ўзаро “snapchat”лашган-ликларини кўрсатади. Вақти-вақти билан улар дўстларининг энг беўхшов суратларини телефонларига юклаб оладилар. “Найранг кўрсатиш учун зўр имконият”, дейди Афина (мен унинг чинакам исмини айтмайман, чунки у ҳали вояга етмаган). У менга ёзда вақтининг талайгина қисмини телефони билан ўз хонасида, ёлғизликда ўтказганини сўзлаб берди. Бу ҳолат улар учун меъёрий саналаркан, айтишича: “Айфон ва айпадларсиз ҳаёт қандай бўлишини биз тасаввур қила олмаймиз. Мен ҳатто ўйлайманки, телефонлар бизга реал одамлардан кўра кўпроқ ёқади”.
Мен 25 йил давомида авлодлар ўртасидаги фарқ мавзусини ўрганиб келаман. Буни 22 ёшимда, психология бўйича аспирантурада ўқиб юрган чоғимда бошлаганман. Одатда авлодга хос хусусиятлар аста-секин намоён бўла бошлайди. Авлодлар орасидаги энг катта фарқ илгари уларнинг оламга қай тарзда назар ташлашларида намоён бўларди. Бугунги ўсмирлар илгаригиларидан нафақат оламга қараш нуқтаи назаридан, балки ўзларининг бўш вақтини қандай ўтказаётганлиги билан ҳам ажралиб туради. Уларнинг кундалик ишлари атиги бир неча йил олдинги авлоднинг машғулотидан тубдан фарқ қилади. Ўсмирлар хулқига доир ўрганиш натижаларини таҳлил қилганим ва Афина мансуб авлод ёшлари билан мулоқотда бўлганим сари менга фарқ тобора яққолроқ кўрина бошлади. Смартфон ва ижтимоий тармоқлар Афина авлоди ёшларига катта таъсир ўтказди. Мен уларни “iАвлод” деб атайман. 1995 йилдан 2012 йилгача бўлган даврда туғилган бу болалар ёшлигидан смартфонларга ва ижтимоий тармоқларда ўз аккаунтига эга. Улар интернетсиз пайтлар ҳақида ҳатто эслай олишмайди. Бундан олдинги авлод ҳам интернет таъсири остида улғайди, аммо ўша пайтларда “ўргимчак тўри” бу қадар оммалашмаганди.
“iАвлод”нинг бирмунча каттароқ вакиллари 2007 йилда илк айфон тақдим этилган чоғда эндигина ўсмирлик даврига ўтган эди. 2010 йилда, айпад чиққан маҳалда эса улар юқори синфларда таҳсил олишарди. 2017 йилда 5 мингдан зиёд америкалик ўсмирлар орасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, уларнинг ҳар тўрттасидан учтаси айфон ишлатган.
Смартфон ва планшет пайдо бўлиши билан гаджетларнинг кўриш қобилиятига салбий таъсири борасида жамиятда хавотир ҳисси ҳам уйғонди. Лекин бу қурилмаларнинг ножўя таъсирига етарлича баҳо берилмаган. Смартфонларнинг истеъмолга кириб келиши ўсмирлар ҳаётининг ҳар бир аспектини тубдан ўзгартириб юборди. Уларнинг жамият билан ўзаро муносабатидан тортиб, руҳий соғлиғигача таъсир кўрсатмоқда.
Бугунги ўсмирлар бир вақтлардаги тенгдошларига қараганда алкоголь таъсирига кам берилувчан, демакки, спиртли ичимлик истеъмоли туфайли келиб чиқадиган касалликларга ҳам камроқ чалинадилар. Аммо психологик нуқтаи назардан улар илгариги ўсмирларга қараганда жуда нозик. 2011 йилдан бери ўсмирлар ўртасида руҳий тушкунлик ва ўз-ўзига суиқасд кўрсаткичларида шиддат билан ўсиш кузатилган. Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, “iАвлод” охирги бир неча йил ичида психик саломатликда энг оғир даража остонасида турибди.
2010-йилларнинг юқори синф ўқувчилари уй вазифаларини бажаришга 1990-йиллар аввалидагиларга қараганда кам вақт сарфлашади. Улар бўш вақтларида нима билан машғул? Хонада ўз телефони билан андармон бўлиб ёлғиз ўтираверади, уларнинг руҳий ҳолати эса меъёрида эмас. Қизиқ жиҳат: “iАвлод” вакиллари бир том остида ота-оналари билан аввалги тенгқурларидан кўра кўпроқ вақт ўтказишади, лекин орадаги муносабатни яқин деб бўлмайди. “Дўстларим ўз оиласи билан қандай муносабатда эканлигини айта оламан, улар деярли бир-бирлари билан гаплашишмайди”, дейди менга Афина. “Улар шунчаки “ҳа, тушунарли”, дейишади ва айни пайтда ўз телефонлари билан овора. Уларни ўз оиласи билан муносабатлари у қадар ҳам ташвишга солмайди”. Афина ёзда кўп вақтини дўстлари билан мулоқотда ўтказди, фақат бу мулоқотнинг катта қисми “snapchat” ёки мобиль-хабарлар орқали кечди. Бунда ҳам ғайритабиий ҳеч нарса йўқ. 2000 йилдан бошлаб, ҳар куни ўз дўстлари билан шахсан учрашадиган ўсмирлар сони 40 фоизга тушиб кетди, бу айниқса, охирги йилларда яққол кўринади.
“Monitoring the Future” томонидан ўтказилган сўров натижалари эътиборни тортади. 1975 йилдан бошлаб ҳар йили мактабнинг битирувчи синф ўқувчиларига 1000 тача савол бериб кўрилди, 1991 йилдан бошлаб бу гуруҳга 8-,10-синф ўқувчилари ҳам киритилди. Уларга ҳаётдан қониқиш даражаси, шахсий мулоқот (юзма-юз)га қанча вақт сарфлаши ёки спорт билан шуғулланишга доир саволлар берилди. Шу билан бирга, ижтимоий тармоқлар, онлайн-мулоқот ва интернет-серфингга қанча вақтлари кетиши билан ҳам қизиқиб кўрилди. Натижалар бир хил: ҳаётдан қониқиш даражаси ва ўз гаджетининг экранига тикилиб ўтказилган вақт бир-бирига тескари мувозанатда. Яъни ўзини бахтсиз деб ҳисоблайдиган 8-синф ўқувчисининг ҳаётдан қониқиш даражаси 55 фоиз ва у бир ҳафтада ижтимоий тармоқда 10 соатдан кўпроқ вақт ўтказади. Интернетда бир ҳафтада 6 соатдан 9 соатгача вақт ўтказадиганларнинг ўзларини бахтсиз деб билишлари 47 фоизга тенг.
“Facebook”да саҳифаси бўлган коллеж ўқувчиларига икки ҳафта давомида сўровда иштирок этиш таклиф қилинди. Бир кунда 5 марта улар ўз кайфиятлари ва ижтимоий тармоқдан қанчалик фойдаланганликлари ҳақида ахборот бериб туришди. Таҳлил шуни кўрсатдики, улар ушбу сайтдан қанчалик кўп фойдалансалар, ўзларини шунчалик бахтсиз ҳис қилишар экан.
“Сиз дўстни осонгина топасиз”, дейди бизга ижтимоий тармоқлар. Бироқ аслида олинган таҳлил натижаларига асосланиб чизилган “iАвлод”нинг қиёфаси жуда қайғули. “iАвлод” – бу ёлғиз, жамиятдан узилиб қолган одамлар. Ҳар куни ижтимоий тармоқни зиёрат қиладиган, дўстлари билан юзма-юз кам кўришадиган ўсмирлардан “мен ўзимни тез-тез ёлғиз ҳис қиламан”, “мен тез-тез ўзимни ўз ўрнимда эмасдек сезаман”, “кўпроқ яхши дўстинг бўлса қанийди, деб тез-тез ўйлайман” каби таъкидларни кўп эшитиш мумкин. Ўзини ёлғиз ҳис қиладиган ўсмирлар сони 2013 йилда жуда ошди ва ҳозиргача шу даражада қолмоқда. Ижтимоий тармоқларга муккасидан кетган 8-синф ўқувчилари ўртасида тушкунлик хавфи спорт билан шуғулланадиган, бирор диний хизмат билан банд ёки одатда шунчаки уй ишлари билан машғул тенгқурларига қараганда 27 фоизга юқори...
Бир кунда 3 соат ва ундан ортиқроқ вақтини электрон гаджет билан ўтказадиган ўсмирларда ўз жонига қасд қилишга мойиллик кучайиб боради. Қуйидаги далил эса ўсмирлар изоляциясининг яхши-ёмон даражасини бирмунча яққолроқ ифодалай олади: 2007 йилдан бошлаб, ўсмирлар ўртасида қотиллик камайган, аммо ўз жонига қасд қилиш даражаси ошган. Бу эса шуни кўрсатадики, ўсмирлар бир-бирлари билан кам вақт ўтказганликлари учун бошқа бировга эмас, ўз-ўзига қасд қилади. 2011 йилда кейинги 24 йилда биринчи марта ўз жонига қасд қилиш даражаси ўзга жонига тажовуз қилишдан юқорилаб кетди.
Ҳозирги авлод бошидан кечираётган бу руҳий парокандалик билан смартфонлар ўртасида қандай боғлиқлик бор? Гап шундаки, ижтимоий тармоқлар сиз билан алоқани кундузи ҳам, кечаси ҳам тутиб тура олади, шунингдек, улар диққат-эътибордан қолиш қўрқувини ҳам келтириб чиқаради. Замонавий ўсмирлар оқшомларга кам боришади, юзма-юз мулоқотда кам бўлишади, лекин агар бу ҳодиса рўй берса ҳам бутун жараён батафсил ва эътибор билан “Facebook”, “Snapchat” ёки “Instagram”да ўз аксини топиб боради. Бу тадбирга таклиф қилинмаганлар бундан сайт орқали хабар топади ва ўзини таклиф қилишмаганини ўзига таъкидлайди. Ўзини эътибордан қолган каби ҳис қилиш даражаси ўсмирлар орасида ўтган давр ёшлариникига қараганда жуда юқори кўрсаткичда турибди. Бу ҳолат қизлар орасида кўпроқ. Бундай қизлар сони 2015 йилда 2010 йилдагига қараганда 48 фоизга кўпайган. Айнан шу кўрсаткич йигитлар ўртасида 27 фоизга ўсган. Қизлар ижтимоий тармоқлардан кўпроқ фойдаланади, демакки, улар ўзларисиз вақт ўтказаётган дўст-яқинларининг сурат ва изоҳларини ҳам кўпроқ ўқийди, кўради, сўнг ўзини якка-ёлғиз ва кераксиздек сезади. Афинанинг ҳикоя қилишича, у “Instagram”га суратини жойлагач, бошқалар бу сурат ҳақида нима дейишини ўйлаб жуда асабийлашади: “баъзида суратимга кераклича “лайк” йиға олмаганимдан изтироб чекаман”.
Депрессия симптомлари аниқланаётган қизлар сони ошиб бораяпти – 2012 йилдан 2015 йилгача бўлган даврда бу кўрсаткич 50 фоизга кўтарилган. Бу йигитлар орасида 21 фоизни ташкил қилади.
Сан-Диего университетидаги талабалардан улар телефонларини уйқу вақтида нима қилишларини сўрадим. Жавоблардан маълум бўлишича, деярли ҳаммалари телефон билан бирга ухлашади, уни ёстиқ ё чойшаб тагига қўйишади, хуллас, қўл узатса етадиган ерда бўлиши шарт. Улар ижтимоий тармоқларни уйқу олдидан кўздан кечиришади, эрталаб ҳам биринчи бажариладиган иш шу. Улардан айримлари одатда гиёҳвандлар ишлатадиган ибораларни қўллашади: “биламан, мен бундай қилмаслигим керак эди, лекин ҳеч ўзимни тия олмайман”. Бошқалари ўз телефонини вужудининг бирор аъзоси ёки маҳбубидай кўради: “телефоним ёнимда бўлса, ухлаётганимда ўзимни хотиржам ҳис қиламан”.
1991 йилдагига солиштирганда, 2015 йилда ўсмирлар орасида уйқуга тўймаслик ҳолати 57 фоизга ошган. Атиги 4 йилда – 2012 йилдан 2015 йилгача уйқуга тўймасликдан азият чекадиган ўсмирлар сони 22 фоизга кўтарилган. Бу кўрсаткич ўсмирларнинг аксарияти смартфонлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган пайтга тўғри келгани шубҳали.
“www.mk.ru” сайтидан олинди.
Рус тилидан Хуршида АБДУЛЛАЕВА таржимаси