Меню
Қашқадарё
“АФАНДИНИНГ БЕШ ХОТИНИ” ЭЪТИРОФГА САЗОВОР БЎЛДИ
Театр фестивали
Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг “Ниҳол” талабалар театр-студияси томонидан саҳналаштирилган “Афандининг беш хотини” спектакли олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Йилнинг энг фаол талабалар театр студияси — 2022” республика танловида учинчи ўринни эгаллади.
Тошкентдаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ўқув театр биносида ўтказилган финал босқичида танловнинг ҳудудий ва минтақавий босқичларида сараланган 10 та театр студияси иштирок этди.
- Институтда ёш актёрларнинг маҳорати йилдан-йилга шаклланиб бормоқда, - дейди ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректор Азамат Хайриддинов. – Албатта, бу саъй-ҳаракатлар бесамар кетмаяпти. 2017 йилги танловда талабаларимиз саҳнага олиб чиққан “Манқурт” асари “Энг яхши спектакль” номинациясида биринчи ўринни эгаллади, 2021 йилда эса Акбар Бердиев “Энг яхши режиссёр” эътирофига сазовор бўлди.
Хуллас, бу йилги натижалар ҳам чакки эмас. “Афандининг беш хотини” танловда совриндор бўлиш билан бирга, яна 15 миллион сўм пул мукофотига ҳам лойиқ кўрилди.
Абдураззоқ МУРОДОВ