Меню

Қашқадарё

17.08.2021 2376

АФҒОНИСТОН - ХАСТА ОНАДИР, УЗОҚ МУДДАТКИ АЗОБ ЧЕКИБ КЕЛАДИ

Сараланган сатрлар

Айни кунларда Афғонистонда юз бераётган воқеалар барчани ҳушёрлик, сергакликка ундаши шубҳасиз. Қурол кучи ёрдамида ҳокимият алмашинуви қўшни давлатда фақат бугун содир бўлаётгани йўқ. Аслида толибонлар бундан аввал ҳам ҳокимият тепасига келишган, ўшанда ҳозиргига нисбатан анча жангарироқ кайфиятда бўлганликлари-да рост. Нима бўлганда ҳам, улар радикал ҳаракатда бўладими, ё "юмшоқ" ёндашувдами, масаланинг бир жиҳатини унутмаслик керак: ҳукуматлар янгиланиши халқ ҳаётини асло енгиллаштираётгани йўқ. Урушлар, бошбошдоқликлар, қуролли ҳаракатлар шундоқ ҳам қийналиб яшаётган кишилар ҳаётини баттар чоҳга улоқтирмоқда.

Эътиборлиси, мазкур ҳодисалар бадиий адабиётда ҳам ўз аксини топган. Америкада яшовчи афғон ёзувчиси Холид Ҳусайний "Минг қуёш шуъласи", "Шамол ортидан югуриб", "Тоғлар ҳам садо берди" каби романларида урушларнинг афғон халқи бошига келтирган кулфатларини қаламга олади.

Холид Ҳусайний 1965 йилда Кобулда афғон дипломати оиласида туғилган бўлиб, 1980 йилда унинг оиласи АҚШга кўчади. Шу ерда у тиббиёт факультетига ўқишга киради. Илк романи "Шамол ортидан югуриб" дунёнинг қирқдан ортиқ тилида 10 миллион нусхада нашр этилиб, бестселлерга айланади. Китоб асосида Голливуд киноижодкорлари томонидан фильм суратга олинган.

Қуйида "Тоғлар ҳам садо берди" романидан айрим лавҳаларни сараладик. Китоб гарчи юксак бадиий талабларга жавоб бермаса-да, Афғонистонда яқин йилларда кечаётган воқеалар кишилар ҳаётига нечоғлик салбий таъсир этаётгани, бахт, юксак мақсадлар, тинч ва фаровон ҳаёт фақат орзулигича қолиб кетаётгани  ҳақидаги мулоҳазалар ҳар бир кишини теран мушоҳада сари бошлайди...

"Кобул бир орол каби. Баъзилар уни шиддат билан ривожланяпти деса-да, балки шундайдир ҳам, лекин Кобул мамлакатнинг бошқа шаҳарларидан бутунлай узилиб қолган. Менга келсак, шаҳардан кўра қишлоқларни, кенгликларни афзал кўраман. Олис вилоятларни, ҳақиқий Афғонистонни яъни".

*  *  *

Баъзи инсонлар учун, айниқса, аёллар учун никоҳ бу (гарчи қанчалар омадсиз никоҳ бўлмасин) - янада даҳшатли бахтсизликдан халос бўлиш йўли саналади.

*  *  *

"Биз - афғонлар шеъриятни севувчи халқмиз. Энг оми афғон ҳам Саъдий, Ҳофиз Шерозий ёки Хайём рубоийларидан атиги битта бўлса-да ёддан биларди".

*  *  *

Кейинги кечган йилларимиз ҳақида нималарни айтиб берай, жаноб Маркос? Тинкаси қуриган бу мамлакатнинг сўнгги кунларидан яхши хабарингиз бор. Бу қора кунларни қайта ёзиш ниятим йўқ. Ҳолбуки, мамлакатнинг ҳадсиз азобларни бошидан ўтказаётганини мендан-да ўқимишли, мендан-да сўзамоллар аллақачон қаламга олишган.

Мен буни биргина сўз билан ифодалай оламан, холос: уруш. Тўғрироғи, урушлар. Бир эмас, икки эмас, саноқсиз урушлар. Бири катта, бири кичик, бири ҳақ, бири ноҳақ урушлар. Сохта қаҳрамонлар, бадкирдорлар ясаган уруш. Ҳар янги пайдо бўлган қаҳрамоннинг қотилга хусумати. Номлар ўзгарди, худди чеҳралар ўзгаргани каби. Менга эса бари бирдек эди, ҳаммасининг даврида ҳам снайперлар, миналар, бомбалар ҳужуми, талончилик, зўравонлик, қотилликлар давом этарди.

*  *  *

1980 йиллари бутун мамлакатни қамраб олган уруш даҳшати Кобул ҳудудига у қадар кириб келмаган эди. Аҳоли оммавий равишда шаҳарни тарк этаётганди. Кўчамиздаги кўплаб оилалар тугунларини тугиб, Ғарбнинг бирон бир ерида ўрнашиш мақсадида Покистон ё Эрон томон йўл олган эди...

1990 йилларда уруш ниҳоят шаҳар чегараларидан ошиб ҳам кирди. Кобул худди онасининг қорнидан Калашников автоматларини ушлаб тушган ваҳшийлару қурол тутган талончилар қурбонига айланди. Реактив снарядлар уча бошлагач, жаноб Ваҳдати уй ичида қолиб, ҳовлига чиқишга изн бермасди. Бир пайтлар осуда ва саришта кўчамиз уруш майдонига айланганди. Ҳар бир уй ўқдан вайрон бўлган, снарядлар бошимиз устидан ғизиллаб учарди. Баъзи кунлар бирпас тин олар эдик, атрофда бир неча соат осудалик ҳукм сурарди. Сўнг яна ўша даҳшат бошланар, кўчалар одамларнинг оҳ-зорига тўлиб-тошарди.

*  *  *

Дарахтлар, гуллар қуриб, ҳовли сарғайиб қолди. Бир пайтлар жаннатдек бўлган ҳовлидан асар ҳам қолмаган эди. Талончилик қилишди. Ҳарбийлар келиб, қўлларига нима илашса олиб кетишди: жиҳозлар, суратлар, турк гиламлари, ҳайкалчалару кумуш шамдонлар, биллур вазаларни - барини йиғиштириб олиб кетишарди. Мен тик турганча уларни кузатардим. Нима ҳам қила олардим? Энсасига милтиқ тиралган кекса бир одамнинг қўлидан нима ҳам келарди?

*  *  *

"Мен бу мамлакатда уруш ҳукмдорлари ва толибонлар қуршовида ишлаяпман. Ҳамма нарсани кўрдим. Ҳеч нарса мени ҳайратга сололмайди".

*  *  *

Идриснинг тили айланмасди. Сўзлай олган тақдирда ҳам, керакли сўзни топа олмасди. Агар бу иш толибонлар ёки Ал-қоиданинг, ёки бўлмаса, ўзини улуғ деб санаган восвос Мужаҳиддин қўмондоннинг иши бўлганида ҳам бирор нима деган бўларди. Аммо бунда на Бин Ладинни, на Ҳикматёрни ва на Мулла Умарни айблаб бўларди. Бу хунрезлик ортидаги сабаб минг чандон даҳшатли эди. Идриснинг хаёлидан "шафқатсиз" деган сўз сирпаниб ўтди. Одатда одамлар шундай дейишади: шафқатсиз қотил. Худди шафқатли қотил бўладигандек.

*  *  *

Э.Б.: 1955 йилда Францияга кўчиб келишингизга нима сабаб бўлган?

Н.В.: Афғонистонда аёлларга бўлган муносабатни кўра билиб туриб, қизимга бундайин ҳаётни раво кўрмадим.

Э.Б.: Қандай ҳаёт, яъни?

Н.В.: Қизимнинг бирор сўз айтишдан, бирор хато ҳаракат қилишдан чўчиб, бир умр бошини эгиб, озодликдан маҳрум тилсиз қулдек, маъюс бир ожизага айланишини истамас эдим. Ғарбда эса, ўзимизнинг Францияда ҳам бундайин оғир ҳаётни бошидан кечирадиган аёллар қаҳрамон ҳисобланади.

Э.Б.: Қизингиз бу учун сиздан миннатдор бўлса керак?

Мадам иккинчи сигаретини ёқди.

Н.В.: Месье Бустулер, фарзандлар ҳеч қачон биз истагандек бўлиб етишмайдилар.

*  *  *

Агар сени кўчки босиб қолиб, бутунлай қор тагида қолиб кетсанг, қайси томонинг юқорию қайси томонинг  пастки қисм эканлигини айта олмас экансан. Сен кавлаб ташқарига чиқиб олишни истайсан, аммо нотўғри йўлни танлайсан, натижада эса ўлиминг томон кавлаб чиққан бўласан.

*  *  *

Бир марта онасидан Кобулда яшаганларида ити бор эдими, деб сўраган эди. "Мен итларни ёқтирмаслигимни биласан-ку, - деган эди онаси. - Итлар ўзларини ҳурмат қилмайди. Уларни шунча тепиб, урсанг-да, ҳамон сенга меҳр кўрсатади. Бу қандайдир мунгли кўринади".

*  *  *

Афғонистон барчамизнинг онамиз ҳисобланади. Бироқ у хаста онадир. Узоқ муддатки азоб чекиб келади. Онаизор оёққа туриб кетиши учун ўғилларига эҳтиёж сезиши - ҳақ гап. Аммо шу билан бирга қизларига ҳам бирдек муҳтождир.

*  *  *

Бу дунё қалбингдагиларни кўрмас экан, бир парча эту устухон остида қолган умид ва орзулару қайғулар борасида тариқча бўлса-да қайғурмас экан. Дунё шундайин содда, шундайин бемаъни ва шундайин бешафқат экан.

*  *  *

Бир куни уйга келиб, жўмрак очиқ қолганига кўзим тушди. Ерда шиша синиқлари сочилиб ётар, газ плитасида олов ёқилганича қолиб кетган. Шунда отамни ортиқ ёлғиз қолдириб кетиб бўлмаслигини тушундим. Қаровчи ёллашга қурбим етмаганидан, уйда ўтириб ишласа бўладиган иш изладим. Бундай ҳолатда ишнинг ёқиш-ёқмаслиги муҳим эмас эди.

Санъат эса кутиб туради. Кутишга мажбур.

*  *  *

"Сен кимнингдир мавжудлигини ҳис қилган бўлсанг, мен эса кимнингдир йўқлигини ҳис қилиб яшадим. Ҳеч қандай сабабсиз ғалати оғриқ бор эди. Мен худди шифокорга қаери оғриётганини тушунтириб бера олмаётган бемор каби эдим".

НАСРИДДИН тайёрлади.

 

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!