Меню

Қашқадарё

19.02.2019 1839

АФҒОН УРУШИ ЖАНГЧИ-ФАХРИЙЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ

Дастлаб жангчи-фахрийлар фахрий қоровул қўшинлари иштирокида ва ҳарбий оркестр садолари остида Қарши шаҳридаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.

Маълумки, Афғон урушида Қашқадарёдан 4 минг 20 киши қатнашиб, 104 жангчи ҳалок бўлган, 4 нафари бедарак йўқолган. Айни пайтда вилоятимизда ушбу уруш заҳматларини кўрган уч ярим мингга яқин жангчи-фахрий истиқомат қилмоқда.

 

Ўзбекистон "Veteran" жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси эса Афғонистон ва бошқа чегара ҳудудларда хизмат қилган 65 минг нафарга яқин жангчи-фахрийлар, уруш ногиронлари, ҳарбий ҳаракатларда ҳалок бўлган жангчиларнинг оила аъзоларини ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоялаш, соғлиғини қайта тиклашга кўмаклашиш мақсадида 1994 йилнинг 2 февраль куни ташкил этилган бўлиб, шу асосда бирлашма жангчи-фахрийларни ишга жойлаштириш, ёш авлодни ҳарбий хизматга тайёрлашга кўмаклашиш, уй-жой муаммосини ҳал қилиш, жангчи-фахрийлар ва уруш ногиронларидаги жароҳатлар билан боғлиқ руҳий ўзгаришларни бартараф этиш бўйича фаолият олиб бораётир.

Тантанали тадбир қатнашчилари Қарши шаҳридаги "Ватанпарварлар боғи"да ҳам бўлиб, бу ерда давлат раҳбари ташаббуси билан ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида бажарилаётган ишлар билан танишишди. Маданият ва аҳоли дам олиш марказида концерт дастури намойиш этилди. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев сўзга чиқиб, иштирокчиларни қутлади. Жангчи-фахрийларга эсдалик совғалари топширилди. Афғон уруши қатнашчиларининг қаҳрамонликлари акс этган "Унутилмаган қаҳрамонлар" ҳужжатли фильми барчада катта таассурот қолдирди.

- Ҳарбий хизматни Туркманистонда ўтаётган чоғимизда 1985 йилнинг мартида Афғонистондаги урушга жалб қилинганмиз, ўшанда ҳали 19 ёшда эдим, - дейди Қаҳрамон Раҳмонқулов.  - Покистон билан чегара яқинидаги артиллерия батальони таркибида кўп жангларни кўрдик, Асмар операциясида жароҳатландим ҳам. Булар ҳақида таълим муассасаларида ўтадиган тадбирларда ҳикоя қилиб бераман, чунки уруш хотиралари ёшларни тинчликни қадрлашга, юрт ҳимояси шарафли бурч эканига ўргатади.

Тантана муҳташам тўйхоналардан бирида давом этди.

Н.ХЎЖАЕВ

Суратларда: тадбирдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!