Меню
Қашқадарё
АДВОКАТУРА ИНСТИТУТИГА НЕГА ЎГАЙ КЎЗ БИЛАН ҚАРАБ КЕЛИНДИ?
Тан олиш лозим, юртимизда ҳуқуқий маданият оша борган сайин фуқароларнинг муайян масалалар юзасидан "оқловчи"ларга мурожаати орта борди. Буни айниқса, шаҳарларимизда адвокатлик хизматлари, маслаҳатларини таклиф этадиган муассасалар сони кўпая борганида ҳам кўриш мумкин. Бироқ, таассуфки, амалдаги тизим инсонларнинг ҳақиқий суянчига, таянчига айлана олмади. Бунинг субъектив, яъни адвокат шахси билан боғлиқ омилларини ҳисобга олмай турган тақдиримизда ҳам, объектив сабаблари етарли бўлди.
Чунончи суд-ҳуқуқ тизимида адвокатура институтига ўгай кўз билан қараш давом этди, натижада адвокатларнинг қонун билан белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришлари ҳам қийинчилик билан кечди, суд ишини юритишда, томонлар тортишувида уларнинг таъсир доираси сезиларли даражада ошмади. Адвокатлар йўллаган сўровларга муносабат ҳам ҳаминқадар бўлди. Бу эса, табиийки, юридик хизматнинг сифат даражасига ўзининг салбий таъсирини кўрсатмай қолмади. Фуқароларда ҳам ҳаммаси прокурор билан судьяга боғлиқ бўларкан, деган таассурот уйғона бошлади. Ваҳоланки, дунё суд-ҳуқуқ амалиётининг бугунги кунини кучли адвокатура институтисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Мана шу жиҳатдан оладиган бўлсак, адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида Президентимиз томонидан алоҳида фармон қабул қилингани кўпчилик юртдошларимизни мамнун этди.
"Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонга кўра, адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахсларни самарали ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилди. Жумладан, жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб адвокат низоларни судгача ҳал қилиш, томонларни яраштириш бўйича чоралар кўриш, шунингдек, ҳакамлик судьяси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлди. Яна бир муҳим ҳолат, адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортиладилар.
Шубҳасиз, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтиришда мазкур фармоннинг ўрни беқиёс. Кучли ва адолатли адвокатура институти эса жамиятимизда адолат устуворлиги таъминланишига хизмат қилади.
Жамшид ПИРМАТОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати