Меню

Қашқадарё

16.07.2016 2240

ҚАДРДОН ДЎСТЛАРНИНГ ТУТАШ ТАҚДИРИ

Асарда Тошкентда олий ўқув юртида бирга таҳсил олган қашқадарёлик икки дўст - Жамолиддин Аброров ва Файзулла Хуррамовнинг ибратли ҳаёт йўли акс этган.

Унда ёзилганидек, қаттол шўролар замонида Жамолиддин тенги авлод вакиллари мактаб партасиданоқ далага ҳайдалар ва қишлоқ хўжалигида мажбурий меҳнатда банд бўларди. Далада ғўза яганаси ёки чопиғи бошланди дегунча болаларнинг юраги безилларди. Устозлар уйма-уй юриб, болаларни чопиққа айтмаган кунлари улар учун катта байрам бўлар, маза қилиб футбол ўйнашарди.

Қаҳрамонларимиз халқнинг оғир меҳнатини, тошдек босиб турган дала залворини етук мутахассис бўлиб енгиллаштириш мақсадида Тошкентдаги нуфузли олий даргоҳда ўқишга қатъий аҳд қилишади.

Қаламга олинган йигитлардан бири - Чиялнинг Чувиллоқ қишлоғида туғилган танти, бир сўзли ва келбатли Файзулла эди. У 1957 йилда Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг агрономлик факультетига ўқишга кириб талаба деган шарафга эришди. Айнан шу ерда ўз табиатига мос, шаҳрисабзлик зукко ва мард Жамолиддин билан дўстлашди.

Асарда олис йилларнинг беғубор туйғулари, самимий мулоқотлар, ёшликнинг илк севги изтироблари гўзал тарзда очиб берилади. Айниқса, латофатли уйғур қизи Нуринисохонга нисбатан барча курсдош йигитлар бефарқ эмаслиги орадан олтмиш йил ўтиб "фош қилинади".

"Олтин давр" ниҳоясига етгач, ҳар икки йигит ҳам иш топишда қийналмади. Жамолиддин Шаҳрисабз, Файзулла Чироқчи давлат ташкилотчи-инспектори вазифасига тайинланди. Бу лавозим янги таъсис этилган бўлиб, жамоа ва давлат хўжаликлари устидан назорат олиб борар, замона зайли билан асосий эътиборни пахтачилик ва чорвачиликни ривожлантиришга қаратар эди. Уларнинг умри туну кун далада ўтар, баъзан хўжаликларда тунаб қолишар, йўл қўйилаётган қўпол камчиликларни тезкор равишда аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўришарди.

Жамолиддин тиришқоқлиги, изланувчанлиги, ўз устида тинимсиз ишлаши туфайли хизмат пиллапояларидан тез кўтарилди. Турли йилларда хўжаликда бош агроном, кейинроқ эса раис, туман партия қўмитасининг ташкилий ишлар бўлимида инструктор, Китоб тумани қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи, Шаҳрисабз тумани давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сотиш ва унинг сифати бўйича давлат инспекцияси бошлиғи, режа комиссияси раиси, уруғчилик инспекцияси бошлиғи бўлиб ишлади. Бийдай Макрид ҳудудини ўзлаштириш, пахта ва ғалла етиштириш, боғ ва токзорлар яратиш борасидаги жонкуярлиги, интизомли ва фидойилиги ҳамон тенгдошлари, ҳудуд аҳли томонидан илиқ хотирланади.  

Файзулла эса кўпроқ илм-фанга диққат қаратди. Аспирантурада ўқиб, пасттекислик, тоғолди лалмикор ерларда қовун-тарвузларнинг қурғоқчиликка чидамли серҳосил ҳамда ширин навларини яратиш бўйича илмий изланишлар олиб борди ва номзодлик илмий ишини ёқлади. Чироқчи тумани Охунбобоев совхозидаги 57 гектар ерга 57 хил маҳаллий, тилими тилни ёрадиган қовун навларини экиб, мамлакат миқёсидаги "Қовун сайли"ни ташкил этди.

Қачонлардир бу адиру биёбонларда бир гиёҳ ўстириш ҳам амримаҳол бўлган бўлса, Файзулла каби омилкор ва соҳибкор кадрлар уни боғу бўстонга, ҳосилдор маконга айлантира олишини яққол кўрсатди. Бу заҳматли ва фидокорона меҳнати қадрланиб, мазкур совхозга директор этиб тайинланди, назарияни амалиётда қўллаш вазифаси юклатилди.

Кўкдала тумани тузилгач, ижроия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, Чироқчи тумани давлатга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш ва сифати бўйича давлат инспекцияси раҳбари бўлиб ишлади.

Юрт бошига балои азим бўлиб ёғилган "пахта иши" оқибатида бу икки дўст ҳам жуда сиқилди, ичидан зил кетди, ҳафсаласи пир бўлди. Аксига олиб республика миқёсида "марказ"дан алоҳида топшириқ билан юборилган муштумзўр ва порахўр касларнинг танобини тортиб қўядиган бирор раҳбар йўқ эди. Шундай талотўп, алғов-далғов даврларда вилоятга Ислом Каримовнинг раҳбар этиб тайинланди ва "десантчи"ларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларига очиқ қарши  чиқиб, халқнинг нажот қўрғонига айланди.

Асарда икки тақдир, икки қисмат параллел  тарзда ёритиб борилади. Меҳнат, илм-маърифат, сабр-бардош, вазминлик, кўнгил очиқлиги, оилапарварлик, юртсеварлик ва ёруғ кунлар учун интилиш-ҳаракат қаҳрамонларга хос бош аъмол сифатида тараннум этилади. Улар бугунги дориломон кунларга етиб келганига шукроналик келтиради, жамиятда ўз ўрнини топиб олган фарзандлари истиқболидан қониқиш-мамнунлик туяди.

Жамолиддин Аброровни яқиндан таниган вилоят ҳокими Зафар Рўзиев (сўзбошиси билан), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси туманлараро бўлими раиси Жаббор Халилов, "Нуроний" жамғармаси  вилоят бўлими раиси Январ Иноятов, Ўзбекистон шифокорлар уюшмаси вилоят бўлими раиси Акрам Акбаров, вилоят деҳқонлар кенгаши раиси Шодиёр Хўжаназаров, "Чироқчи ишлаб чиқариш савдо" масъулияти чекланган   жамиятининг раиси Равшан Жўраевнинг мулоҳазалари китобни мазмунан бойитади. Улар Қашқадарё ерларининг ўзлаштирилиши, бунда Жамолиддин каби дарёқалб шахсларнинг ўрни борлиги жонли мисолларда очиб берилади.

Шаҳрисабз технология касб-ҳунар коллежи директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Исломиддин Аброров эса отасининг олижаноб ва улуғ сифат-фазилатларини ёдга олади. Табиатан оғир-босиқлиги, мустаҳкам иродаси, болалари уйқудан уйғонмай далага отланиши ва тун ярмидан оққан маҳалда қайтишини, вақти кам бўлса-да, оиласига ғамхўрлигини эслайди. Ўғли камолга етиб қай лавозимда ишламасин, ота руҳи унга доимо ёрдам-мадад бериб келади. Отаси билан ишлаган инсонлар унга тўғри йўлни кўрсатиб, керак ўринда рағбат ва эътиборини аямаётганидан ғурурланади.

Шаҳрисабз туман уруғчилик бўлими бошлиғи Зайниддин Аброров эса падари бузруквори ён дафтаридаги ўгитларни, касбига оид қайдларни йиғиб, ўзига дастуриламал қилиб олган экан:

"Инсонни Оллоҳ яратган мавжудотларнинг энг олий хилқати деймиз. Аммо айрим кишиларнинг табиатга ваҳшийларча муносабатини кўрганингда дилинг зирқирайди. Ахир яхши фарзанд онасини хўрламайди. Ер ҳам бизга онадир. Куни келиб, ҳаммамизни ўз бағрига олади".

 "Пахта яккаҳокимлиги ҳам ернинг, ҳам деҳқоннинг тинка-мадорини қуритди. Ҳосилдорликни деб ерга берилаётган заҳарли дорилардан у гиёҳвандга айланиб қолмасайди, деб қўрқаман. Ахир она заминимиз биздан кейин фарзандларимиз, невара-эвараларимизга ҳам керак-ку".

"Шаҳрисабзнинг тоғли ҳудудларида қиш чўзилади, ёз қисқа бўлади. Бу ерларда асосан сабзавотларнинг эртапишар навларини экиш ҳақида ўйлаб кўриш керак". Марҳум ватандошимизнинг ушбу мулоҳазалари унинг ички оламини, касбига қўйган муҳаббатини яққол очиб беради.

"Кеш" газетаси муҳаррири ўринбосари - масъул котиб Абдулла Йўлдошевнинг ва мухбир София Узоқованинг латифа ва қатралари китобнинг янада ўқишли ва қизиқарли чиқишини таъминлаган. Газета бош муҳаррири, китоб ҳаммуаллифи Собир Примов эса ўжар ва бир сўзли Жамолиддин акадан олган интервьюси тарихини келтириб, у киши тумандаги ҳар қарич ернинг имкониятию ҳосилдорлигидан тортиб, ҳар бир деҳқоннинг феъли, табиатигача  батафсил билишини, қишлоқ хўжалиги, айниқса уруғчилик бобида тенги йўқ эксперт бўлиб етишганини тан олади. 

Муаллифлар туман ва вилоят миқёсида ном қозонган шахсни хотирлаб, руҳини шод этиш орқали келгуси авлодларга ибратли ҳаёт йўлини чизиб беришади. Зеро, халқ ишончини қозонган ва Ватанга борини берган зотлар ҳеч қачон унутилмайди.

Албатта, асар жуъзий камчиликлардан холи эмас. Бу асосий қаҳрамонлар ҳақидаги тафсилотлардан озроқ четлашиш, макон ва объект ўртасидаги боғлиқликнинг изчил эмаслиги билан боғлиқ. Аммо бу ҳолат қаҳрамон ҳақида маълумотлар кам сақлангани, вақт тиғизлигида уларни тўплаш имкониятлари чеклангани билан боғлиқ субъектив сабаблардир. Бу дастлабки уриниш бўлиб, ҳаётий фактлар ва хотираларни янада бойитиб ва тўлдириб борилса, "Умр сўқмоқлари" қайта нашрда мукаммалроқ кўриниш олишига шубҳа йўқ.  

Лазиз РАҲМАТОВ

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!