Меню

Қашқадарё

06.04.2018 2183

АДОВАТ ЭМАС - АДОЛАТ ЕНГАДИ

 

Пиру комил шайх  Баҳоуддин Нақшбандийнинг: "Кам егин, кам ухла, кам гапир" деган панду насиҳатларига амал қилдим. Аркону давлатга, барча мулозимларга ҳам айтар сўзим шу бўлди: "Кам енглар - очарчилик кўрмасдан бой-бадавлат яшайсизлар, кам ухланглар - мукаммалликка эришасизлар, кам гапиринглар - доно бўласизлар".

* * *

 Мен ҳаётим мобайнида беш нарсага қатъий эътиқод қўйдим. Улар: Оллоҳ - ул ҳар нарсага қодир куч, сидқидилдан сиғинсанг истаган муроду мақсадингга етказади. Тафаккур - фикрлаш ва мушоҳада қобилияти, қувваи ҳофизаси кучли инсон ҳар қандай мушкулу мушкулодни осон қилиш йўлини топа олади. Қилич - ул йигитнинг йўлдоши, эл-юрт осойишталигининг посбони, ҳар қандай душманни маҳв этиш қуроли, анинг қудрати ила динсизларни динга солмоқ мумкин. Имон - ул инсонни барча жонлилардан фарқлантириб тургувчи хусусиятдир. Имонли одам хиёнат қилмайди, қариндош-уруғлари, элу халқнинг ор-номусини ҳимоя қилади, ҳалоллик ва покликни фазилат билади. Китоб (битик) - барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл-идрокнинг, илму донишнинг асосидир, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.

 

* * *

 

Ҳар мамлакатда   адолат эшигини очдим, зулму ситам  йўлини тўсдим.

 

* * *

 

Ғаним лашкарини енгиш қўшиннинг кўплигидан, мағлуб бўлиш эса сипоҳнинг камлигидан бўлмайди. Балки ғолиб бўлмоқлик Тангрининг мадади ва бандасининг тадбири биландир.

 

* * *

 

 Гарчи ишнинг қандай якунланиши тақдир пардаси ортида яширин бўлса ҳам, ақли расо ва ҳушёр кишилардан кенгашу тадбир     истаб, фикрларини билмоқ лозимдир.

 

* * *

 

Агар икки хатарлик ёки бир  хатарлик ишни қилишга тўғри   келгудек бўлса, икковидан баробар қутулиш чораси топилмагач, бир хатарини ихтиёр этмоқ керак.

 

* * *

 

Бир ишга киришмай туриб, ундан қутулиб чиқиш йўлларини мўлжаллаб қўй.

 

* * *

 

Юз минг отлиқ аскар қила олмаган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш мумкин.

 

* * *

 

Дўсту душман билан муросаю мадора қилдим.

 

* * *

 

Адолат ва инсоф билан Тангрининг яратган бандаларини ўзимдан рози қилдим. Гуноҳкорга ҳам, бегуноҳга ҳам раҳм қилиб, ҳаққоният юзасидан ҳукм чиқардим. Хайр-эҳсон ишларим билан одамлар кўнглидан жой олдим.

 

* * *

 

Золимлардан мазлумлар ҳаққини олдим. Золимлар етказган ашёвий ва жисмоний зарарларни исботлаганимдан кейин, уларни шариатга мувофиқ одамлар ўртасида муҳокама қилдим ва бир гуноҳкорнинг ўрнига бошқасига жабр-зулм ўтказмадим.

 

* * *

 

Шижоатли кишиларни дўст тут, чунки Тангри таоло жасур кишиларни ардоқлайди.

 

* * *

 

Уламо билан суҳбатда бўл ва пок ниятли, тоза қалбли кишиларга талпин. Буларнинг ҳимматларидан улуш тиланиб, муборак нафаслари билан дуо-фотиҳа беришларини илтимос қил.

 

* * *

 

Азму жазм билан иш тутдим. Бирон ишни қилишга қасд қилган бўлсам, бутун зеҳним, вужудим билан боғланиб, битирмагунимча ундан қўлимни тортмадим.

 

* * *

 

Раият аҳволидан  огоҳ бўлдим, Улуғларини оға қаторида, кичикларини фарзанд ўрнида  кўрдим.

 

* * *

 

Давлат ишларининг тўққиз улуши кенгаш, тадбир ва машварат, қолган бир улуши эса қилич билан бажо келтирилур.

 

* * *

 

Ҳеч кимга ғазаб билан қаттиқ муомала қилмадим ва ҳеч бир ишда танглик қилмадим, токи Тангри  таолонинг ғазабига дучор бўлмайин ва ишимни бузиб, ҳолимни танг айламасин деб.

 

* * *

 

 Яхшиларга - яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим.

 

* * *

 

Содиқ ва вафодор дўст улким, ўз дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз душмани деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди.

 

Ҳар кимнинг қадр-қимматини, тутган мавқеини ва ҳар нарсанинг ўлчовини белгилаб олишинг ва шунга мувофиқ иш юритишинг керак.

 

* * *

 

Хароб бўлиб ётган ерлар эгасиз бўлса, холиса тарафидан обод қилинсин. Агар эгаси бўлсаю, лекин обод қилишга қурби етмаса, унга турли асбоблар ва керакли нарсалар берсинлар, токи ўз ерини обод қилиб олсин.

 

* * *

 

Менинг мақсадим - мамлакатда адолат ўрнатиш, тартиб ва тинчликни мустаҳкамлаш, фуқаронинг турмушини яхшилаш, юртимизда қурилишни кучайтириш, давлатимизни ривожлантиришдир. Сизлар бу ишларни амалга оширишда менга ўз маслаҳатларингиз билан кўмаклашишингиз керак. Мамлакатнинг аҳволи, девоннинг суиистеъмол қилинганлиги ва қилинмаётганлиги, оддий одамларнинг жойлардаги ҳокимлар томонидан эзилаётгани мендан кўра сизларга аёндир. Шулар ҳақида маълумот берингиз, бу каби адолатсиз ишларни бартараф этувчи ҳамда шариат ва қонунларга мувофиқ чора-тадбирларни айтсангизлар яхши бўлурди.

 

(Амир Темурнинг олим-уламолар олдида айтган нутқидан)

 

* * *

 

Курашиб эришилмаган ғалаба ғалаба эмас.

 

* * *

 

Адоват эмас - адолат енгади.

 

* * *

 

Аввал йўлдош - кейин йўл.

 

* * *

 

Давлат - лашкарлару фуқароларнинг садоқати ва фидойилиги-ла қудратлидир.

 

* * *

 

Ёзилган нарса авлодлар хотирасида қилинган ишдан ҳам узоқроқ яшайди.

 

Дилфуза  ва Сожида тайёрлади.

 

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!