Меню

Қашқадарё

10.10.2024 523

АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТНИ БИРГА ҚУРАМИЗ!

Мамлакат сиёсий майдонида ўзини сўл марказ позициясида намоён этиб келаётган "Адолат" социал-демократик партияси социал-демократия мафкурасига содиқ қолган ҳолда иқтисодий эркинликни тан олишда давлат иштирокини сақлаб қолиш, ижтимоий тенглик, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиёти каби ғояларни илгари суриб келади.

Партиямиз ўзининг яқинда бўлиб ўтган XII қурултойида 2025-2029 йилларга мўлжалланган, "Тенг имкониятлар ва адолатли жамият сари!" деб номланган янги Сайловолди дастурини эълон қилди.

Сайловолди дастуримизга, бир томондан, илғор миллий ва хорижий тажриба, иккинчи томондан эса замонавий социал-демократиянинг адолатлилик, эркинлик, тенглик ва бирдамлик каби халқчил ғоялари, мақсад ва вазифалари миллий қадриятларимизга уйғун ҳолда сингдирилди. Партия ҳуқуқий давлат барпо этиш, кучли ижтимоий сиёсат юритиш, иқтисодиётнинг барқарор ривожланишини таъминлаш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш каби 9 та йўналишда қатор вазифаларни белгилаб олгани ҳам дастурнинг номланиши ва унинг мазмуни ўртасида узвий боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.

Ҳуқуқий давлат барпо этиш - олий мақсадимиз

Сайловолди дастуримизнинг биринчи - "Ҳуқуқий давлат барпо этиш - олий мақсадимиз" деб номланган йўналишида барча фуқаролар ва мансабдор шахслар ўз ҳаёт тарзини қонун асосида йўлга қўйиши ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиси сифатида қайд этилган бўлиб, бунинг учун, энг аввало, жамиятда Конституция ва қонун устуворлигини таъминлаш лозимлиги таъкидланган.

Фуқароларимиз судни одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган деб эмас, аксинча, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган орган, деб қарашига эришиш муҳим саналади. Бунинг учун, аввало, судьялар томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг қонунийлиги, асосланганлиги ва адолатлилиги, судьянинг эса холислиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирувчи омиллар мавжуд бўлмаслиги лозим. Сайловолди дастуримизда бу борада фуқароларга енгиллик яратиш ҳамда судлар фаолиятида сифат ва самарадорликни ошириш мақсадида ҳар бир туман ва шаҳарда фуқаролик ишлари бўйича судларни ташкил этиш, судьялар ҳуқуқларини юқори даражада кафолатлаш ва иш юкламаларини мақбуллаштириш мақсадида "Судьялар мақоми тўғрисида" алоҳида қонун қабул қилиш, давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланишини назарда тутувчи "Давлат компенсацияси тўғрисида" қонун қабул қилиш ҳамда жиноятдан жабрланганларга кўмаклашиш жамғармасини ташкил этиш каби муҳим таклифларни илгари сурганмиз. Шунингдек, Cайловолди дастурда судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириб бориш ва уларнинг ихтисослашувини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Сайловолди дастурнинг мазкур йўналишида, шунингдек, жамиятни ўйлантириб келаётган яна бир муаммо - пиёдалар иштирокида содир бўлаётган йўл-транспорт ҳодисалари, уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этишга қаратилган кескин чоралар кўриш бўйича ҳам ташаббусларни илгари сурганмиз. Хусусан, ҳайдовчилар томонидан йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам бузганлик учун жазо чораларини кучайтириш, шу жумладан, транспорт воситасини маст ҳолда бошқарган ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган ҳолатларда  умрбод ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифи ниҳоятда долзарб ташаббус саналади.

Йўлларда пиёдалар ва автотранспорт воситалари ҳаракатланиши учун етарли даражада инфратузилма яратилмагани, йўллар пиёдаларга мослаштирилмагани ҳам мавжуд асосий муаммолардан бири ҳисобланади. Партиямиз мазкур муаммога ечим сифатида тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида пиёдалар ҳуқуқларининг устуворлигини сўзсиз таъминлашни таклиф этмоқда.

Адолатли фуқаролик жамияти ва демократик институтларни ривожлантириш

Ушбу йўналишда Олий Мажлис ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатларини янада кенгайтириш таклиф қилинган бўлиб, парламентаризм ва парламент демократиясини ривожлантириш йўлидаги вазифалар бирма-бир санаб ўтилган. Жумладан, "Рақамли парламент" тизимини такомиллаштириш, ҳудудий кенгашлар депутатларининг ваколатини кучайтириш, уларнинг ҳокимлар билан ҳуқуқий муносабатларида ўзаро тийиб туриш механизмини такомиллаштириш мақсадида маҳаллий Кенгаш депутатларига тегишли ҳокимларга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳуқуқини бериш каби янги механизмлар таклиф қилинган.

Сайловолди дастурнинг ушбу йўналишида, шунингдек, сўз ва матбуот эркинлиги, ахборот олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқини тўлақонли рўёбга чиқариш, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган ОАВ мустақиллигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият юритиши учун шарт-шароитларни янада кенгайтириш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириб бориш билан боғлиқ устувор вазифалар белгиланган. Айниқса, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёлғон маълумотлар тарқалиши ва фирибгарликнинг олдини олишга қаратилган механизмни жорий этиш, хусусан, огоҳликка чорловчи контентларни янада кўпайтириш, ёлғон хабарлар ва фирибгарликнинг янги турлари ҳақида доимий, ўзига хос шаклда огоҳлантириб турувчи "стопфейк" (STOP FAKE) платформасини яратиш каби таклифлар ҳақиқатан долзарб аҳамиятга эга.

Иқтисодиётнинг барқарор ривожини таъминлаш

Сайловолди дастуримизнинг миллий иқтисодиётимизнинг барқарор ривожини таъминлаш билан боғлиқ вазифаларни ўз ичига олган учинчи йўналишида энг устувор вазифа давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган даромадларни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган иқтисодий-ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш экани алоҳида қайд этилган. Бу борада, айниқса, солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ҳаётга жорий этиш ва шу орқали даромадлар тенгсизлигини камайтиришга эришиш таклиф қилингани айни муддаодир.

Партиямизнинг божхона ва солиқ имтиёзларини соҳавий тақдим этилишига оид таклифи ҳам эътиборга моликдир. Мазкур таклиф саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларининг ошишига, янги технология ва инновацияларни жорий этиш кўламининг кенгайишига, пировардида янги иш ўринларининг яратилишига хизмат қилади.

Кучли ижтимоий сиёсат - халқ фаровонлиги кафолати

Биз инсонга ғамхўрлик қилиш, барча учун муносиб ҳаётни таъминлаш давлатнинг асосий вазифаси бўлиши керак деб ҳисоблаймиз. Шунга ҳамоҳанг, Сайловолди дастурда олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари учун "Кафолатланган биринчи иш жойи" лойиҳасини амалга ошириш, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва уларни ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, шунингдек, адолатли ва хавфсиз меҳнат шароитларига эга бўлишини ташкил этишга кўмаклашиш ҳамда "Фахрийлар тўғрисида"ги қонунни ишлаб чиқиш кабилар алоҳида кўрсатилган.

Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, узлуксиз таълим тизимини мунтазам такомиллаштириш, хусусан, мактабларда технология фанини ўқитишни замон талаблари асосида йўлга қўйиш ва робототехника фанини жорий этиш, сунъий интеллект асосида "ақлли мактаб" дастурини таълим тизимига жорий этиш, талабалар турар жойлари барпо этишни кенгайтириш, олий таълим муассасаларида ўқув адабиётлари сифатини яхшилаш, Ўзбекистон Республикасининг "Илм-фан ходимлари кунини белгилаш тўғрисида"ги қонунини қабул қилиш кабилар ҳам Сайловолди дастуримиздан ўрин олган бўлиб, улар ўта долзарб аҳамиятга эга таклифлар ҳисобланади.

Халқ саломатлиги - улкан бойлик, фаровон турмуш гарови

Сайловолди дастуримизда тиббиёт соҳаси даромад олиш манбаига айланиб қолмаслиги учун нодавлат тиббиёт ташкилотларини "тижорат ташкилоти"дан нотижорат ташкилотга ўтказиш, нодавлат тиббиёт муассасаларида тиббий хизматлар учун тўловлар миқдори устидан давлат назоратини ўрнатиш таклиф қилинган. Албатта, хусусий секторнинг давлатнинг муайян қонун-қоидалари асосида фаолият юритиши ва давлат назорати остида бўлиши лозимлиги нуқтаи назаридан бундай таклифлар социал-демократия мафкурасига тўлиқ мос келади.

Партиямиз "ақлли тиббиёт" тизимининг ҳуқуқий асосларини ишлаб чиқиб, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, "электрон поликлиника" ва "ягона электрон анкета" тизимларини йўлга қўйишни мақсад қилган. Шунингдек, фармацевтика ва тиббиёт ходимлари орасидаги яширин келишув ва ноқонуний мулоқотга чек қўйиш, фармацевтларнинг тиббиёт муассасаларига ғаразли ҳомийлигини тўлиқ тақиқлаш, бу каби ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилгани айни муддаодир.

Оилани мустаҳкамлаш, хотин-қизларни қўллаб- қувватлаш, ёшларнинг имкониятларини кенгайтириш

Партия Сайловолди дастурининг ушбу йўналишида хотин-қизлар ва гендер тенг ҳуқуқлилик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, айниқса, ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш чораларини кучайтириш масалаларига оид аниқ таклифлар илгари сурилган.

Зўравонликнинг турли кўринишларига учраган аёлларга ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича махсус электрон платформа яратиш, қонунчиликка ижро ҳокимиятида раҳбарларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлишига оид қоида киритиш бўйича таклифлар илгари сурилгани диққатга сазовордир.

Ёшлар ва болаларнинг ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш, уларнинг таълим-тарбия олиши ва интеллектуал ривожланиши масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилган. Бу борада республикамиз ҳудудларида фаолият юритувчи ёшлар технопаркларини янада ривожлантириш, замонавий ёндашувлар асосида ёшларда китобхонлик маданиятини янада такомиллаштириш, ёш ихтирочи олимлар учун патент олиш жараёнини янада соддалаштириш каби илғор ташаббусларни алоҳида кўрсатиш мумкин.

Болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида вояга етмаган шахсларга нисбатан жинсий зўравонлик учун жазоларни кескин кучайтириш, 14 ёшга етмаганларга нисбатан жиноят содир этган жиноятчиларга умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини қўллаш каби долзарб таклифлари илгари сурилган.

Коррупцияга қарши курашиш - устувор вазифамиз

Сайловолди дастуримизда коррупцияга қарши курашишга оид қатор таклифлар илгари сурилган. Зеро, жамиятда коррупцияга қарши курашмасдан адолатни таъминлашнинг имкони йўқлиги маълум. Бунда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мақомини кенгайтириш, коррупция фактларини "дастлабки ўрганиш" (коррупцион суриштирув) институтини киритиш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, партиямиз коррупция билан боғлиқ жиноятлар, айниқса, талон-торож қилиш ҳолатлари учун жазони кучайтирувчи, етказилган зарарларни ўн баробар миқдорда ундиришни назарда тутувчи нормаларни қонунчиликка киритиш, давлат даромадига ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) вазирлик ва идоралар ғазнасига эмас, тўлалигича давлат бюджетига тушишини таъминлаш тарафдори.

Тинчликсевар, прогрессив ташқи сиёсат, миллий манфаатлар устуворлиги

"Адолат" партиясининг ташқи сиёсий устуворликлари прагматизм, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, асосий ҳамкорлар ўртасида мувозанатни сақлаш тамойилларига асосланади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро жараёнлардаги иштироки сезиларли даражада кенгайди. Анъанавий ҳамкор ва етакчи мамлакатлар, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан алоқаларни янада ривожлантириш, улар билан мувозанатли ва доимий мулоқот олиб бориш орқали мамлакатимизнинг миллий манфаатлари фаол илгари сурилмоқда. Айниқса, Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик алоқалари ҳар қачонгидан кўра анча кенгайгани эътиборга моликдир.

Шу билан бирга, мамлакатимиз тинчликпарвар  ташқи сиёсатини изчил давом эттириш билан боғлиқ олдимизда ҳали бир қатор вазифалар ҳам бор. Сайловолди дастурда Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини халқаро майдонда илгари суриш мақсадида парламент дипломатияси имкониятларидан унумли фойдаланиш вазифаси қўйилган. Зеро, парламент дипломатияси бевосита хорижий мамлакатлар билан икки ва кўп томонлама муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг Сайловолди дастури мамлакатимизни ҳар томонлама мувозанатли ва тизимли ривожланиш йўлини таклиф қилувчи стратегик ҳужжатдир. Унинг асосида ижтимоий адолат, имкониятлар тенглиги, қонун устуворлиги ва инсонга ғамхўрлик қадриятлари ётади. Биз айнан шундай ғояларгина Ўзбекистоннинг барқарор ривожланиши ва равнақ топиши учун кафолат бўла олади деб ишонамиз. Адолат учун бирлашайлик!

Абдукамол РАҲМОНОВ,

Ислом ҲАМРОЕВ,

Ўзбекистон "Адолат" СДП сиёсий кенгаши раиси ўринбосарлари

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!