Меню
Қашқадарё
АДОЛАТ – СУДНИНГ БОШ ТАМОЙИЛИ
Муҳтарам Президентимизнинг чуқур таҳлил ва танқидий ёндашувга асосланган ушбу нутқида соҳада йўл қўйилган хато ва камчиликлар очиқ ва холис танқид қилиниб, уларни бартараф этиш йўллари ҳамда истиқболдаги қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Барчага маълум ҳақиқат шуки, дунёга келган ҳар инсон бахтли яшашни истайди ва бунга унинг тўла ҳаққи бор. Халқимизнинг ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш йўлидаги эзгу саъй-ҳаракатларидан кўзланган мақсад-муддао ҳам аслида шу: бугунги кунимиз кечагидан, эртамиз бугунги кунимиздан кўра бахтли ва фаровон бўлишига эришиш. Ана шундай улуғ ва хайрли мақсадларимизнинг рўёбга чиқиши кўп омил ва мезонларга боғлиқ. Аммо улар ичида адолатни қарор топтириш энг зарурий шарт ҳисобланади. Зотан, ижтимоий адолат таъминланган давлатда халқнинг бунёдкорлик салоҳияти, яратувчанликка интилиши ва иштиёқи ҳосил бераверади.
Зеро, адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келган. Соҳибқирон бобомиз Амир Темур куч-қудрат адолат, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликда мужассам, деган ҳикматга амал қилган. У зотнинг давлат муҳрида битилган “Куч – адолатда” ҳикмати ҳақиқатпарварлик ва ростлик инсон кучига куч қўшиши, ўз навбатида, кучли шахс ҳамиша ҳақгўй бўлишини англатган.
Йиғилишда қайд этилганидек, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.
Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг 80, 81, 83, 93, 107, 110, 111-моддаларига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилиб, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Бу ўзгаришлар мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Кенгашга конституциявий мақом берилиши унга юклатилган вазифаларни мустақил ва самарали амалга оширишнинг муҳим кафолати ҳисобланади. Халқаро стандартларда бундай амалиёт доим юксак эътироф этилган бўлиб, кўпгина ривожланган демократик давлатлар конституцияларида ҳам бундай вазифани амалга оширувчи органлар фаолиятини тартибга солувчи нормалар ўз ифодасини топган.
Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишларидан бири – судьялар томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши масалалари бўйича жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқиш ҳисобланади. Бу бир томондан судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини мустаҳкамласа, бошқа тарафдан судьялар масъулиятини янада оширади.
“Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари”га кўра, судьялар одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя қилиши, одил судлов обрўсига, судьянинг қадр-қимматига салбий таъсир кўрсатиши ёки унинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийиши шарт. Ҳалоллик, муносиблик ҳамда поклик судья ўз вазифаларини лозим даражада бажаришининг зарур шарти ҳисобланади.
Судья ҳар қандай ҳолатда ўз қасамёдига содиқ қолиши, унинг учун қонун ҳамма нарсадан устун бўлмоғи лозим. Зеро, судья фақат қонунга бўйсуниб иш кўрар экан, ўзининг бутун фаолияти ва хулқи билан фуқароларда Конституциямизга ҳурмат ҳиссини шакллантиришга кўмаклашиши ҳамда қонунга итоат этиш намунасини кўрсатиши зарур. Яъни судья ҳар доим ва ҳар жойда ўзини шундай тутиши керакки, токи жамиятда суднинг одил ҳамда мустақил эканига ишонч қарор топсин.
Давлатимиз раҳбари бугунги изчил ислоҳотлар ҳар бир судьянинг олдига қатъий талаблар қўяётганини таъкидлаб, энг муҳим вазифамиз – мамлакатимизда тинчлик ва фаровонликни мустаҳкамлаш, халқимизни ҳаётдан мамнун қилишдан иборатлигини, бунинг учун халқимиз судьяларнинг фаолиятидан, қабул қилаётган қарорларидан рози бўлиши кераклигини уқтирди. Суд тизимида адолат тамойилларига нечоғлик риоя қилинаётгани ҳақида атрофлича тўхтаб ўтилди.
Асосий мақсадимиз, - деди Президентимиз, - фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантиришдан иборатдир.
Халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш бугун олдимизда турган энг муҳим вазифалардан биридир. Шу маънода, Юртбошимизнинг ўз соҳасини яхши билмайдиган, пухта касб ва ҳаёт тажрибасига, юксак маънавий-ахлоқий савияга эга бўлмаган юрист кадрлар ҳеч қачон судья лавозимига тайинланмаслиги керак, деган фикри ҳаётийлиги билан эътиборга моликдир.
Президентимиз бу муаммоларнинг ечимини ҳам ўзи кўрсатиб, бу борадаги ишларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида ихтисослашган ўқув муассасаси – Одил судлов академиясини ташкил этиш ҳақидаги амалий таклифини барчамиз мамнуният билан қабул қилдик. Сабаби, суд ходимларининг билим ва малакаси ҳамда масъулиятини ошириш одил судловни рўёбга чиқариш кафолатидир.
Шунингдек, йиғилишда адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтириб ўтилди.
Президентимиз ўз нутқида ушбу жиҳатга жиддий эътибор қаратиб, айрим ҳамкасбларимизнинг судьялик қасамёдига зид хатти-ҳаракатларини рўй-рост очиб ташлади. Айнан маънавий фазилатларнинг етишмаслиги туфайли айрим судьялар ўртасида қонунга зид ҳаракатлар содир этиш, нопоклик, тамагирлик, одамларнинг дарду ташвишларига лоқайд қараш, адолат мезонларига хилоф равишда қарорлар қабул қилиш ҳолатлари учраб келаётгани ҳақида куюнчаклик билан сўзлади. Очиғини айтганда, суд ва судьялар фаолияти билан боғлиқ кўплаб бу каби ачинарли мисолларни эшитиш жуда оғир бўлди. Бундан жуда хижолат чекдик.
Нега шу пайтгача кўз ўнгимизда рўй берган иллатларга бепарво бўлдик, муросасозлик қилдик? Ўзимиз кўриб-билиб турган нуқсонларни бартараф этмадик? Шу тобда мана шу саволлар ҳар бир судья ва суд ходимини қийнаётган бўлса ажабмас.
Шунга кўра, юртимизда одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, ҳалол, юксак ахлоқий, маънавий ва касбий фазилатларга эга, онгида адолат, тилида ҳақиқат ва дилида поклик бўлган судьялар таркибини шакллантириш учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Судьялик – бу машаққатли, шу билан бирга, шарафли касб ва юксак мақом эканини чуқур англаган ҳолда, судьялик шаънига доғ туширадиган ҳар бир ғайриқонуний хатти-ҳаракатга “фавқулодда ҳолат” сифатида қараб, бунга йўл қўйган ходимларга нисбатан муросасизлик муҳитини кучайтиришимиз, сафларимиз софлигини таъминлашимиз керак. Йиғилишда таъкидланганидек, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугунги кунда давлат бошқаруви органларида фаолият кўрсатаётган барча инсонлар қатори судьялар фаолиятининг ҳам кундалик қоидаси бўлиб қолиши зарур.
Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида халқимиз дилидаги, жамиятимиздаги оғриқли бир муаммони кун тартибига қўйган эди: “Биз кейинги пайтда одамлар билан мулоқот қилишни унутиб қўйдик. Уларнинг ичига кириб, очиқ ва самимий гаплашиш, дардини эшитиш фаолиятимизда, афсуски, охирги ўринга тушиб қолди”.
Судьялар билан учрашувда ҳам бунга алоҳида тўхталиб ўтилди. Кейинги пайтда мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат беради, деди давлатимиз раҳбари. Айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлиги қатъий таъкидланди.
Ҳаёт, инсон бор экан, суд идораларига мурожаатларнинг кўп бўлиши ҳам табиий. Албатта, барчани бирдай рози қилиш имконсиз иш. Бироқ, халқимиз дардига бефарқ бўлмасдан, мурожаатлар ўз вақтида қонуний ва самарали ҳал қилинса, одамлар адолат таъминланаётганини ҳис этса, бир сўз билан айтганда, бу масканда адолат овози жаранглаб турса, шикоятлар аста-секин камаяди. Бу ҳақиқатни ҳар биримиз англаб етишимиз, аввало, ислоҳотларни ўзимиздан, тафаккуримизни ўзгартиришдан бошлашимиз керак.
Шу маънода, бугунги кунда судьялар ва суд ходимларини оддий одамларга яқинлаштириш ҳаёт талаби десак, янглишмаймиз. Буни қандай шаклда амалга ошириш кераклигини ҳам давлатимиз раҳбари аниқ-тиниқ кўрсатиб берди. Шу мақсадда илгари сурилган фикр – ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳақидаги таклиф кенг жамоатчилик томонидан тўлиқ маъқулланмоқда.
Ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ишларни маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларида кўриш кўламини кенгайтириш бўйича ҳам амалий кўрсатмалар берилди. Бу каби тадбирлар судьялар ва халқ орасидаги узилишга чек қўяди ҳамда уларни бир-бирига яқинлаштиради.
Тадбирда яна бир муҳим таклиф – халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибаларини оммалаштириш учун “Судьялар клуби” ва “Суд ҳимоясида” рукнлари остида марказий телеканаллар ва газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақида амалий фикр илгари сурилди.
Таъкидлаш жоизки, халқ осойишталиги ва фаровонлигини таъминлашда раҳбар шахслар зиммасига ҳамиша юксак мажбурият юклатилган. Уларга ана шу масъулиятли вазифаларни қанчалик бажара олганига қараб баҳо берилган. Ҳозир ҳам бу ҳаётий қоида ўз аҳамиятини йўқотмаган. Аксинча, у янги давр талаблари негизида янада такомиллашиб бормоқда. Судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш ана шу жараён билан узвий боғлиқ. Бундан буён судьялар фаолиятига ҳам, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо беради.
Президентимиз таъбири билан айтганда, жонажон Ватанимиз, олижаноб халқимизнинг ишончини қозониш, унинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш учун фақат тинимсиз меҳнат, изланиш ва ташаббус кўрсатиб яшаш даркор. Одамлар буни кундалик ҳаётда сезиши, кўриши зарур.
Ҳар биримиз зиммамиздаги бу улкан масъулиятни тўла ҳис этиб, жамият ва давлат олдидаги бурч ва мажбуриятларимизни англаш баробарида, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, судьялик қасамёдига содиқлик, ҳалол ва покликни фаолиятимизнинг асосий мезонига айлантирмоғимиз зарур. Зеро, мамлакатимизда тобора жадаллашаётган ислоҳотларнинг янги босқичи биз судьялар зиммасига ҳам катта масъулият юкламоқда.
Абдуқаюм МАҲКАМОВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси