Меню

Қашқадарё

24.03.2018 2546

ҚАДИМИЙ ВА ҚАДРДОН АЙЁМ

Таъкидлаш жоизки, мазкур айёмнинг халқимиз ҳаётидаги,  айниқса, ёш авлодни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги ўрни ва роли тобора ортиб бораётир. Бу йилги Наврўз сайли ҳам ёшлар ўртасида боқий қадриятлар, миллий ўйинлар, китобхонликни кенг тарғиб этиш каби бир қатор лойиҳаларни ўз ичига қамраб олди.

- Сайил ўтказилган майдонларда халқона ўйинлар, турли спорт мусобақалари, китобхонлик, шеърхонлик бўйича турли танловлар ўтказилди, - дейди Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши матбуот котиби Аҳрор Содиқов. - Шу билан биргаликда, кўплаб ижодкор ёшларимиз ўзларининг рассомлик, ҳайкалтарошлик, ҳунармандчилик кўргазмалари билан сайилда муносиб иштирок этди.

Бу каби лойиҳалар таълим масканларида бўлиб ўтган Наврўз тантаналари дастурларидан ҳам ўрин олди. Тадбирларда миллий қадриятларимизни акс эттирувчи кўргазмали чиқишлар намойиш этилди, ёшларни китобхонликка, спортга жалб этувчи турли беллашувлар ўтказилди.

- Наврўз байрами муносабати билан коллежимизда “Алпомиш ва Барчиной авлодлари” кўрик-танловини ташкил этдик, - дейди Муборак саноат касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Гулида Абдуллаева. – Унда ўқувчиларимиз икки жамоага бўлиниб, 6 та шарт бўйича беллашди. Айниқса, “Алпомиш” достони, ундаги халқимизга хос қадриятлар, анъана ва маросимлар асосидаги савол-жавобларга тайёргарлик, саҳна кўринишини олиб чиқишда ўқувчиларимиз кўп изланишди, зарур адабиётларни яна бир бор ўқиб чиқишди.

Наврўз ҳарбий қисм ва муассасаларда ҳам ўзгача шукуҳда нишонланди. Ўтказилган тадбирларда вилоятимиз санъат усталари, ёш ижодкорларнинг чиқишлари билан бир қаторда, уюштирилган турли спорт мусобақалари, ошпазлик санъати бўйича беллашувлар ҳам барчага янада кўтаринки кайфият бағишлади.

- Сайил биз, ҳарбий хизматчилар ва оила аъзоларимиз учун ҳақиқий байрамона руҳда ўтди, - дейди Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларига қарашли радиотехник ҳарбий қисм офицери, майор Музаффар Содиқов. - Шу куни барча дилдан яйради. Баҳорий таомлар тайёрланиб, дастурхонга тортиқ этилди. Санъаткорлар чиқишлари қалбларга бир олам завқ улашди.

Бир сўз билан айтганда, вилоятимизда бўлиб ўтган Наврўз сайли тантаналари ўзининг бетакрорлиги, ўзгача завқи билан юртдошларимизга олам-олам қувонч улашди, кўнгилларга баҳорий кайфият бағишлади. 

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Суратларда: тадбирлардан лавҳалар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!