Меню

Қашқадарё

20.03.2018 1686

ҚАДИМ ҚАДРИЯТЛАР ТАРОВАТИ

Турли тадқиқотларда Наврўз байрамининг келиб чиқиши турлича кўрсатилиб, у маълум тақвимлар, саналар, воқеликлар билан асосланади. Бироқ Наврўз байрамини нишонлаш одамларнинг Ер ҳақида, унинг коинотдаги ўрни ҳақида мулоҳаза юрита бошлаган даврларига тўғри келиши маълум.

Қадимги ривоятларга кўра, яхшилик маъбуди – Аҳурамазда ёз фаслига ва ёвузлик маъбуди - Аҳриман қиш фаслига ҳукмронлик қилар экан. Ёзнинг биринчи кунида (21 март куни) Аҳурамазда Аҳриман устидан ғолиб чиққани боис аждодларимиз бу кунни муқаддас ҳисоблаб, байрам қилишган. Қадим аждодларимиз йилни икки фаслга бўлган: етти ойлик ёз (hama – 21 мартдан 21 октябргача) ва беш ойлик қиш (zayana – қолган ойлар). Демак, улар ёз ойининг бошланишини байрам қилишган ва бу маросим худди бизнинг Наврўз байрамимизга тўғри келади.

Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” китобида ёзилишича, “Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу куни яратилганлар. Уни пайғамбарлар ҳам улуғ тутганлар, чунки қуёш шу кунда яратилган ва уни подшоҳлар ҳам улуғлаганлар, чунки у замоннинг биринчи кунидир”.

Халқ орасида эса Наврўзнинг келиб чиқиши ҳақида энг оммалашган афсоналар ушбу байрамни подшоҳ Жамшид жорий қилганлиги билан боғлиқ. Жамшид – форсий ва ҳиндий халқларнинг қадимги аждодлари бўлмиш орийларнинг афсонавий шоҳи, одил ҳукмдордир. У бутун Ер юзига шоҳ бўлиб, барча одамлар, ҳайвонлар, дев-парилар ва жинлар устидан ҳукмронлик қилган. У олтиндан тахт ясатиб, баҳорги тенгкунликда унга ўтирган ва девлар уни олиб осмонга учишган. Шу кунни у Янги кун – Наврўз байрами сифатида тарихда муҳрлаб қолдирган.

Жамшид Наврўзни оммавий тарзда нишонлашни буюрган. Унинг ўлимидан сўнг шоҳлар Фарвардин (Ҳамал) ойнинг барча кунларини нишонлайдиган бўлдилар. Улар ойни 6 қисмга ажратиб, биринчи беш кунлигини “Зодагонлар байрами”, иккинчисини “Наврўзи шоҳий”, учинчисини “Наврўзи аҳли дарбор”, тўртинчисини “Наврўзи муқаррабон”, бешинчи беш кунлигини “Наврўзи сипоҳиён” ва олтинчисини “Наврўзи халқ” (ёки “Наврўзи деҳқонон”) деб муқаррар қилдилар.

Кейинчалик зардўштийлик тақвими бўйича Наврўз икки қисмга бўлиб нишонланган. Ҳамал ойининг биринчи беш кунлиги “Наврўзи омма” деб аталади ва бу кунлар ҳамма учун байрам эди. “Наврўзи хос” эса олтинчи кундан бошланиб, подшоҳ қасрининг дарвозалари оммага ёпилиб, хосларга очилар эди. Шу боис бу кунларни “Наврўзи малик” ҳам деганлар.

Бу борада яна бир қизиқарли маълумот шундан иборатки, қадимги Эрон шоҳларидан бири Ардашер бинни Ҳурмуз Сосонийлар тахтига ўтиргач, “Наврўзи омма” ва “Наврўзи хос”ни бирлаштириб, тақвимни ислоҳ қилади ва унга аниқликлар киритади. Чунки йил кабиса қилинмаганлиги боис Ашконийлар давридан Сосонийлар даврининг бошланишига қадар Наврўз байрамини нишонлаш Ҳамал буржидан Саратон буржига ўтиб қолган эди. Ҳатто маълум бир муддат (III аср) Наврўз байрамини ёзда қуёшни тик туриш кунига (21 июнь) нишонлаганлар.  Беруний бу ҳақда шундай маълумот беради: “Наврўз ўтмиш замонларда қуёшнинг Саратон буржига кириш пайтига тўғри келар эди. Кейин у орқага сурилиб, баҳорга келтирилди”.

Хуллас, Наврўз ҳақида бу каби ривоят ва афсоналар жуда кўп. Улар Наврўз байрамининг қачондан бошлангани ҳақида аниқ маълумот бермаса-да, унинг тарихи жуда қадим замонларга бориб тақалишини англатади. Наврўз байрами ўзининг босиб ўтган ҳар бир даврида янада сайқалланиб, янги удумлар, қадриятлар, анъаналар билан бойиб келмоқда.

Қадим-қадимдан Наврўз холис ниятли кишиларнинг севимли айёми бўлиб келган. Ўша кунларда ҳатто уруш-жанжаллар ҳам тўхтаган, гина-кудуратлар кечириб юборилган. Шоҳлар эл ичидан энг муносиб кишиларни тақдирлашган, беморлар, қариялар ҳолидан хабар олиниб, муҳтожларга ёрдам кўрсатилган. Дастурхон безатилиб, баҳорий таомлар тайёрланган. Чор атроф тозаланиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Эътиборга молик томони, мустақиллик йилларида юртимизда Наврўз байрамини нишонлашда халқимизнинг ана шу эзгу қадрият ва анъаналари, урф-одатлари яққол ўз ифодасини топмоқда.

 

Рўзибой ҚУРБОНОВ, ўқитувчи

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!