Меню
Қашқадарё
АДАШГАНИНГИЗНИ ТАН ОЛИНГ, ДАДАСИ
Ўтган умри давомида қилган хатолари боис энди ич-ичидан азоб чекаётган суҳбатдошим исми шарифини сир тутишимни истади. Дардини боровга айтолмай, ҳеч нарсадан таскин топмаётганидан куйинади.
Унга қулоқ тутиб, ичидаги борини менга тўкиб-сочишга ундайман ва у секин гап бошлади:
- Мен Қарши шаҳрида туғилиб, юртимизнинг ҳамма ёшлари қатори бу даврни мароқ билан ўтказдим. Ёшлик унутилмас давр, ҳеч нарсани ўйламайсан, ҳеч бир ташвишинг йўқ.
Орадан йиллар ўтди, улгайдим. Шуниси ачинарлики, ёшлик даври жуда тез ўтиб кетаркан. Бир дунё орзуларим бор эди. Кўнгил қўйган йигитим билан аҳдлашиб ҳам қўйган эдик. Лекин орзу бошқа, ҳаёт бошқа экан...
Уйдагилар қистови билан қўшни маҳалладаги отамнинг намозхон ўртоғи ўғлига узатилдим. Такдир экан, кўникдим. Турмуш ўртоғим жуда интилувчан, меҳнаткаш, оилапарвар инсон эди. Икки нафар ўғил ва бир нафар қиз фарзанд кўрдик. Худойим уларнинг умрини узоқ, бахтли-саодатли қилсин.
Хўжайиним кунларнинг бирида эй йўқ, бе йўқ “шу кундан бошлаб намоз ўқийсан ҳижоб тақасан, бу юришинг шариатга тўғри келмайди” деб қолди. Унинг сингиллари, онаси намоз ўқимасди. Ҳамма аёллар сингари ўзбекона кийиниб юрардилар. Фақат оиладан раҳматли қайнотам намоз амалларини канда қилмасди.
Хуллас, хўжайинимнинг қистови билан ҳижобга кирдим, секин-аста намозни ўрганиб, амалларини бажара бошладим. Турмуш ўртоғим намозга берилиб, гоҳида ишга ҳам бормай қўйди. Куни бўйи диний китоблар ўқий бошлади. Ўртоғлари билан ҳам учрашишни камайтириб, ўйга ўзига яхши таниш бўлмаган одамлар билан тез-тез йиғила бошлади.
Тахминан 2004 йилнинг ёз ойлари эди. Мени олдига чақириб, қўлимга китоб берди ва “шу китобни ўқийсан, тушунмаган жойларингни мендан сўра”, деб “Ислом низоми”ни узатди. Кейин билсам, бу китоб мамлакатимизда фаолияти тақиқланган “Хизб ут-Тахрир” диний экстриместик оқимининг асосий китоби экан...
Назорат остида шу китобни ўқидим. Кейин қўшни маҳалладаги “Наргиза” исмли аёл “хизб”га содиқлик қасамини ичирди. Шундан сўнг у билан фаолият олиб бордим: қариндошлар ва ўзимга яқин бўлган таниш-билишларни ҳам шу оқимга киришга даъват қилардим. Хўжайиним ҳам бор кучи билан фаолият қилганлиги сабабми ёки тиришқоқлиги билмадим, оқимнинг анча-мунча аъзоларига раҳбарлик қилиш унга топширилганди.
Куз фасли охирлари эди. Ички ишлар ходимлари уйимизда тинтув ўтказишди, оқим ғояларига оид бир қанча адабиётлар ва варақаларни топишиб, турмуш ўртоғимни ҳам олиб кетишди. Кейинчалик мен ҳам терговга жалб этилдим. Қилмишларимиз жиноят эканлигини англадим. Болаларим ёшлиги сабаб менга қамоқ жазоси беришмади, 3 йил синов муддати тайинланди. Турмуш ўртоғим узоқ йилга қамалди.
Аввалиги хўжайинимни кўргани тез-тез бориб турдим, маблағ ҳам бор эди. Ҳозир эса топганим болаларимдан ортмайди. Яхшиям онам раҳматлидан тикувчилик ҳунарини ўрганган эканман. Шунинг ортидан фарзандларимни боқаяпман. Хўжайинимнинг ака-укалари бир-икки марта ёрдам беришди, кейинчалик ҳаммаси қўлини тортди.
Турмуш ўртоғим билан навбатдаги учрашувимизда “ўз фикрингизни ўзгартиринг, адашганингизни тан олиб, тезроқ фарзандларингиз олдига қайтинг, уларга ота меҳрини беринг. Улар ҳам катта бўлиб қолишди”, десам парво ҳам қилмади...
Афсус, минг бора афсус!