Меню

Қашқадарё

08.08.2017 1975

АДАБИЁТ ВА САНЪАТ – МИЛЛАТ КЕЛАЖАГИНИ БЕЛГИЛОВЧИ КУЧДИР

Энг аввало, шуни таъкидлаш керакки, учрашув ниҳоятда нозик лутф билан соҳа вакилларига ҳурмат-эҳтиром руҳида ўтди. "Адабиёт ва санъатнинг нақадар қудратли кучга эга экани ҳақида сиздек зукко инсонлар ҳузурида сўз юритишга, очиғини айтсам, мен бироз тортинаман", деди Президентимиз. Шу билан бирга, "Бугун биз "ижодкорларимиз ишламаяпти", деб сизлардан, сизлар эса "давлат ёрдам бермаяпти", деб бизлардан гина қилиб ўтиришимизнинг мавриди эмас. Келинглар, бугун ўз олдимизга "Ким айбдор?" деб эмас, "Ким нима қилиши керак?" деган саволни қўяйлик", дея гапнинг дангалини, ростини айтдилар. Ва тадбир ҳам ўтиб кетган воқеа-ҳодисалар таҳлилига эмас, галдаги кенг кўламли вазифаларнинг аниқ ижросига қаратилди.

Мисол учун, фахрий унвонлар берилишида санъаткорнинг кўп йиллик меҳнатлари, соҳа ривожига қўшган ҳиссаси, тажрибаси, тайёрлаган шогирдлари ҳам инобатга олиниши кераклиги кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлди. Чунки енгил-елпи қўшиқ айтиб, асосан тўйлардан бўшамаган қўшиқчилар айрим ҳолларда "хизмат кўрсатган артист" унвонини олар, бунга чин санъаткорлар тугул, оддий томошабинлар ҳам ҳайрон қоларди. Бу борада Президентимизнинг қатъий тарзда айтган "...биз бу юксак унвонларнинг нуфузи ва обрўсини сақлашимиз лозим" деган фикрлари аҳамиятли бўлди. Чунки юксак унвонга сазовор бўлган инсон бошқалардан узилиб, осмонда эмас, халқ орасида, улар билан ҳаммаслак, керак жойда ўрнак бўлиши лозимлигини яхши биламиз. Ҳолбуки, бошқаларга намуна эканини, ёшлар унга ҳар жабҳада тақлид қилишини била туриб, очиқ-сочиқ кийинган, маза-матрасиз хиргойиларни телевизорга олиб чиққан, турмушидаги икир-чикирларни дунёга достон қиладиган айрим санъаткорлар ҳам йўқ эмаски, бугун бу борада жиддий ўйлаб кўрмаса бўлмай қолганди.

Шу сабаб Президентимиз хушовоз хонанда Санобар Раҳмонованинг дилбар қўшиқларини, экранда, саҳнада ўзини тутишини, асл ўзбек қизи қиёфасини яратганини эсга оларкан, унинг қанча-қанча қизларимизга ибрат бўлганини айтди. Айни пайтда клиплардаги Ғарбга тақлид, очиқ кийинишни қаттиқ қоралади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, "Ўзбекконцерт" қошида "Ўзбекистон халқ артистлари" клуби ташкил этилиши, мазкур клуб аъзолари юқорида тилга олинган камчилик ва муаммоларни ечиши, ёш истеъдод эгаларини тарбиялашга ҳисса қўшиши бўйича билдирилган таклифлар санъатни муқаддас деб биладиган барча ижодкорларни қувонтирди.

Бугун санъатни саноатлаштиришга бўлаётган уринишлар ҳеч кимга сир эмас. Баъзи давлатларда санъат ва адабиёт манфаатлар ифодачисига айланиб қолгани-да бор гап. Бундай шароитда чинакам ижод   фақат ва фақат заволга юз тутиши тайин. Мамлакатимиз раҳбари ана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда "Ўзбекистонда адабиёт ва санъат, маданият, оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат бизнесга айланмаслиги шарт ва биз бунга ҳеч қачон йўл қўймаймиз", деди. Чунки бу соҳалар пул топиш, фақат иқтисодий манфаат кўриш илинжидаги кишилар сабаб ижобий ўзгаришларга, янгиланиш ва тараққиётга юз тутмайди. Аксинча орқага кетади.

Тадбиркор одам ижодий ишларга аралашиб, ўзини ҳам, санъат деган муқаддас тушунчани ҳам беобрў қилмасин, деганида Президентимиз айни ҳақиқатни айтди.

Йиғилишда, шунингдек, ижодкорларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, муносиб иш ва турмуш шароитини яратиб беришга хизмат қиладиган "Илҳом" жамоат фонди, Зомин ва Паркент туманларида ижодкорлар учун замонавий ижод уйлари - коттежлар қурилиши режалаштирилгани, жойларда имтиёзли кредит асосида ижодкорлар учун уйлар қурилиши хусусидаги фикрларни барча қўллаб-қувватлади.

Умуман, Президентимиз билдирган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар соҳа ривожига хизмат қилади, миллат келажагини белгиловчи куч - адабиёт ва санъат тараққиётида муҳим ўрин тутади. Шундай экан, давлатимиз раҳбари билдирган ишончга муносиб бўлиш йўлида изланиш, меҳнат қилиш - бугун ҳар биримизнинг шарафли бурчимизга айланмоғи даркор.

Ойгул ХАЛИЛОВА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, "Дўстлик" ордени соҳибаси

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!