Меню
Қашқадарё
"АДАБИЁТ АТРОФИДАГИ ТЕКИНХЎР"ГА НЕГА НОБЕЛЬ МУКОФОТИ БЕРИЛГАНДИ?
Дунё адабиётининг йирик вакили Иосиф Бродский бошида нималар синмади, дейсиз. Шундай синовларга дуч келиши хаёлининг бир чеккасига келганмиди? Аммо у ҳаёт рўбарў қилган кулфатлардан, азоблардан ўкиниб, ортга чекинмади. Аксинча, берилган ҳар бир зарбадан имкон излашга уринди. Уни уқубат эмас, у уқубатни қийнади, тузум устидан кулди.
1963 йилнинг 29 ноябрида собиқ иттифоқдаги "Вечерний Ленинград" газетасида Лернер, Медведов ва Ионин томонидан имзо чекилган "Адабиёт атрофидаги текинхўр" номли мақола пайдо бўлди. Муаллифларнинг айтишича, Бродский ўз шеърларидаги икки парчани Бобишевдан, уч қаторини эса ўзининг "Намойиш" достонидан ўғирлаган.
Ушбу мақола нафақат шоирни таъқиб қилишга, балки уни ҳибсга олишга ҳам туртки бўлгандир. Бироқ, Бродскийнинг айтишича, унинг хаёлларини унга қилинган бўҳтон, келгусида пайт пойлаб турган ҳибс, суд ва ҳукмдан кўра, ўша вақтда севган аёли Марина Басманова билан алоқаларининг узилиши тамоман эгаллаганди.
1964 йилнинг 8 январида "Вечерний Ленинград" газетасида подборка (бир умумий сарлавҳа остида бериладиган бир неча кичик хабар ва мақолалар) нашр этилди. Унда газетхонларнинг "ишёқмас" Бродскийни жазолаш талаб этилган мактублари кенг ўрин эгаллаганди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас, яъни 13 февралда Бродскийни тўппа-тўғри кўчанинг ўзида соқчилар қуршовида ҳибсга олишди.
Ижод аҳли кўнгилчан ва ҳар нарсани юрагига яқин олади, деганлари рост экан. Бир кун ўтиб - 14 февраль куни камерада шоирда биринчи юрак хуружи юз берди. Бироқ уни даволанишга эмас, руҳий касалликлар шифохонасига жўнатишди. У ерда Бродскийни 3 ҳафта тутиб туришади, тағин бир неча кун тўполончилар бўлмасида. Шу пайтдан Бродский доимий тарзда стенокардия (юрак мускулларининг сиқилиши, шунинг натижасида юзага келадиган оғриқ)дан азият чеккан, ўз навбатида, бу касаллик унга доимо эҳтимолий ўлими яқинлиги ҳақида эслатиб турарди (бу унинг ашаддий кашандалигига ҳам халақит беролмаган). Балки шундандир, шоир 33 ёшида "Хуш келибсан, менинг кексалигим!", "Ҳаётим ҳақида нима ҳам дейишим мумкин?", дея таъкидлаганди.
Шу тариқа, Иосиф Бродскийни икки бор суд қилишди. Жараён қай тариқа "адолатли" кечганини судья ва шоирнинг қисқа савол-жавобида кўриш мумкин:
Судья: Меҳнат стажингиз?
Бродский: Тахминан...
Судья: Бизни "тахминан" қизиқтирмайди!
Бродский: Беш йил.
Судья: Қаерда ишлагансиз?
Бродский: Заводда. Геология гуруҳларида...
Судья: Заводда қанча муддат ишлагансиз?
Бродский: Бир йил.
Судья: Қайси вазифада?
Бродский: Фрезерчи бўлиб.
Судья: Умуман олганда, мутахассислигингиз қанақа?
Бродский: Шоир, шоир-таржимонман.
Судья: Шоирлигингизга ким иқрор бўлади? Ким сизни шоирлар қаторига қўшган?
Бродский: Ҳеч ким.
Судья: Бунга ўзи ўқиганмисиз?
Бродский: Нимага?
Судья: Шоир бўлиш учун-да? Олий ўқув юртини битиришга уринмаганмисиз, қаерда тайёрлашади... қаерда ўқитишади...
Бродский: Мен ўйламайман... Бунга таълим беришади деб ўйламайман.
Судья: Нимага?
Бродский: Ўйлайманки, бу... Худодан...
Судья: Сизда судга расмий илтимос борми?
Бродский: Мени нима учун қамашганини билишни хоҳлардим?..
Кўриб турибсизки, шоир ҳатто нима учун ҳибсга олингани ва не сабаб суд қилинаётганини билмаган. Судьянинг саволларида эса мантиқни топиш қийин. Ўзингиз ўйланг, ҳеч замонда биров бировни шоир сафига қўшадими ёхуд шоирлик мақомини берадими? Ахир ижодкор ўзганинг хоҳиш-иродаси билан шоирлик йўлини танламайди, бунга унинг қалби йўл кўрсатади, ўрни келганда, бутун вужудидаги дард-аламни гўзал ва латиф тарзда қоғозга тўкиб солишни амр этади. Қолаверса, ижодкорликнинг мактаби йўқ, шоирларнинг фабрикаси ё академияси йўқ! Шоирлик - бу қисмат. Шак-шубҳасиз, бу ерда гап асл адабиёт ҳақида кетмоқда. Барча билади-ку, "ясалган" шоирлар чин адабиёт элагидан ўтолмай, аросатда қолиб кетган, баъзилари буткул унутилган, баъзиларига эса ҳозиргача "тош отилади".
Судья ва шоир суҳбатидан сўнг айбловчи томоннинг барча гувоҳлари ўз кўрсатмаларини "Мен Бродский билан шахсан таниш эмасман...", дея бошлаганди. Бу бир замонлар Пастернак таъқибга учраганидаги фойдаланилган мазкур таърифга ўхшаб кетади: "Мен Пастернакнинг романини ўқимаганман, лекин қоралайман!..".
1964 йил 13 мартида суднинг иккинчи кенгашида Бродскийга максимал даражада "текинхўрлик" кўрсатмаси билан ҳукм ўқилди - олис жойда беш йил муддатга мажбурий меҳнат жазоси тайинланди. У Архангельск вилоятининг Конош туманига сургун қилинди. Сургун ўталадиган жойга борадиган йўлда Бродский маҳаллий милиция бошлиғи Борис Одинцовни учратди. У шоирга энг хилват қишлоқчани танлашни ва бекинишни маслаҳат берди, ахир уни ўрмонзорга жўнатишлари мумкин эди, у ерда эса у хаста юраги билан узоқ яшамаган бўларди...
Борис Одинцовнинг маслаҳатига кириб, Иосиф Норинск қишлоғини танлайди. Ҳақиқатан қишлоқ анча олисда эди: 24 километрлик тупроқ йўл ёмғирли кунларда лойгарчиликка айланганида, ҳатто трактор ҳам зўрға бардош берарди. У Волковга берган интервьюсида сургунда ўтказган вақтини ҳаётимдаги энг бахтли дамлар, дея хотирлайди. У қисматнинг бу ўйинидан фожиа ясамади. Аксинча, ундан унумли фойдаланишга интилди. Энг муҳими, иродаси букилмади. Сургун жараёнида Бродский инглиз шеъриятини, шунингдек, Уистен Оден ижодини ўрганди:
"Ёғоч уйда ўтиратуриб хотирлайман, квадрат ўлчамидаги иллюминатор (кема ва самолётда маҳкам ёпиладиган қалин ойнали тўгарак туйнук, дарча) деразадан ҳўл, ботқоқ йўлда дайдиб юрган товуқларга назар ташлаганча, ҳозиргина ўқиб чиққанимга ярим-ёрти ишонаман... ҳали 1939 йилдаёқ инглиз шоирининг "Тажриба... тилни бойитади" сўзларига иқрор бўлишдан бўйин товлайман, олам эса аввалгидек қолмоқда".
1964 йилнинг 10 апрелида Бродскийни 3-сонли бригадага ишчи сифатида қабул қилишди. У ўғит сочиши, ўсимликдан ҳосил бўладиган шох девор учун ходачалар тайёрлаши, далани тошлардан тозалаши, мол-ҳолни ўтлатиши, трактор билан кузги экинларни сочиши, донга ишлов бериши керак эди. Бироқ қишлоқдагиларнинг хотирлашича, Иосифда бунинг бари у қадар амалга ошмасди: у ходачаларни тайёрлай туриб қонга беланган кафтларини артар, малина бутазорида бирмунча вақт йўқолиб қолганида, чорва тарқалиб кетарди...
Шубҳасиз, бу пайтда тегишли органлар Иосифни ўз ҳолига ташлаб қўйгани йўқ. Унга кўз-қулоқ бўлиб туришди - коношлик милиционерлар Норинскда тез-тез бўлиб туришарди, тинтув ўтказишарди. Қайсидир бир куни Бродскийни ҳаттоки Ленинграддаги уч кунлик таътилдан кечикиб келгани учун маҳаллий турмахонага қамаб қўйишди. Бу 23 майда бўлганди, 24 майда эса Иосиф ўзининг 25 ёшини нишонлаши керак эди. Туғилган кунга дўстлари келишди, улар Бродскийни турмадан озод этишнинг уддасидан чиқишди.
Бродский Норинскда 80 атрофида шеър ёзди. Бу пайтга келиб эса бутун жаҳон ва мамлакат бўйлаб маданият намояндалари шоирни озод этишларини сўраб тўхтовсиз чиқиш қилишарди, муносабат билдиришарди. Охир-оқибатда, улар ўз мақсадларига етишди. Муддатни қисқартиришди, 5 йилни шундоғам ўталган 18 ойга туширишди.
Адолат барибир қарор топди: тузум, ҳукумат, ўз даври ижодкорлари қоралаб келган, гўёки жамият юзидаги чипқондек қаралган шоир - Бродский 1987 йили Нобель мукофоти лауреати бўлди. Баъзида ўйлаб қоласан, баъзида эса иқрор бўласан - муҳаққақ ва асл адабиёт, асар, ижодкор ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини орадан йиллар, замонлар ўтиб топади. Шу боисданмикин, бу йўлга чиқишга кўпчилик жазм этмайди, юраги дов бермайди. Чинданам, бу йўл - фидойилик йўли, ижодга умри, бор-буди бағишланган садоқат йўлидир.
Азизбек НОРОВ