Меню
Қашқадарё
АЧЧИҚ ТУТУН ҲАМЛАСИ
Замонавий давлатчиликда ҳам барча мамлакатларда бўлгани сингари юртимизда атмосфера ҳавосининг мусаффолиги – қонун муҳофазасида. Бироқ минг афсуски, айни хазонрезги мавсумида кўча-кўйда хазон, анғиз ва ўсимликнинг бошқа қолдиқларини тутатаётганлар нафақат димоғингизу кўзингизни, балки кўнглингизни ҳам ачиштириб юборади.
Эколог мутахассисларнинг ҳисоб-китобига қараганда, бир тонна қуруқ барг ёқилганда ҳавога 30 килограмм зарарли чиқинди ажралиб чиқади. Уларнинг таркибида инсон ҳаёти учун ўта хавфли моддалардан бири – диоксин ҳам аниқланган. Шу билан бирга чанг, ис, азот, канцерогенларнинг аралашуви натижасида ҳосил бўлган ҳаво қатлами нафас олиш учун қийинчиликлар туғдиради, ўпка ва қизилўнгач зарарланишига олиб келади, буйрак ва жигар фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Бу тутун таркибидаги бензапирин эса саратон хасталигини келтириб чиқарувчи ҳисобланади.
...Беихтиёр болалик чоғларим кўз ўнгимда гавдаланади. Тароватли куз пайтида укаларимни ҳам эргаштириб қишлоқ четидаги ўрикзорга борардик. Шунда ерга гилам бўлиб тўшалган қирмизи, алвон, тилларангу заъфарон тусли хазонларни кўриб ҳайратланардик. Катталар эса хаскаш билан эринмай уларни завқ билан тўпларди. Мол-ҳол учун қишга яхшигина озуқа жамғариб оларди. Биз дарахтларни силкитиб, ҳосил бўлган барглар ёмғиридан завқланардик.
Деҳқонларимиз хазонни ерга қўшиб ағдариб ёки ўрага кўмиб юборишни маъқул кўришган. Ундан ҳосил бўлган чиринди ерга ҳам мадор ҳисобланган.
Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан берилган маълумотларга қараганда, воҳамиз бўйича бир йилда атмосфера ҳавосига ташланаётган ифлослантирувчи моддалар 236 минг тоннадан ортиқ экан.
– Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида жойларда қурилиш ва бинокорлик материаллари, маиший чиқиндиларни тўплаб ёқиш ҳамда махсус техник қурилмасиз очиқ аланга олдириб битум эритиш каби ҳолатлар аниқланиб, қонун бузилишларига йўл қўйган 58 нафар мансабдор шахс ва фуқароларга Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг тегишли моддаси бўйича жарима қўлланилган, - дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг жамоатчилик ва ОАВ бўйича мутахассиси Карима Ёдгорова. – Амалда жорий этилган экологик меъёрларни бузиб, атмосферага зарар етказганлардан 10 миллион 485 минг 150 сўм миқдорида жарима ундирилган. Шох-шаббаларни ва ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёққанлиги сабабли жами 6 нафар фуқаро 3 миллион 136 минг 500 сўм миқдорида жаримага тортилган.
Мазкур ҳолатни ўтган йили мос даври билан солиштирганда, бундай нохуш ҳолатлар камайиш ўрнига ортганини кўрамиз.
Жарималар – ўз йўлига. Улар миллионлаб, миллиардлаб сўм бўлмасин, табиатга, инсон саломатлигига етказилган зарарни қоплай олармиди?!
Хазон уюми тепасидаги биродар! Тўхтанг! Гугурт чақишга шошилманг. Шоирлар севиб куйлаган олтин кузни “кашанда” фаслга айлантирманг...
Дилфуза ЖУМАЕВА