Меню
Қашқадарё
АЧЧИҚ ҚАЛАМПИРНИНГ ХАРИДОРИ КЎП
Бу ишлар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 январдаги “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Мақсад эса мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинлари таркибини диверсификациялаш, фермер ва деҳқон хўжаликлари даромадини ошириш, рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар етиштириш кўламини кенгайтиришдан иборат.
Айтиш жоизки, мамлакатимизда мазкур тармоқни жадал ривожлантириш учун илк бор чет эл тажрибасига қатъий мурожаат қилинмоқда, жараёнга ресурстежамкор технологиялар жорий этилаяпти. Аҳамиятлиси, 2018 йилнинг март-апрель ойларида фермер хўжаликлари буюртмасига асосан уларнинг ерларига хориждан келтирилган юқори ҳосилли аччиқ қалампир навлари тўлиқ экилиши таъминланиши лозим. Бироқ юртимиз деҳқонлари жаҳон стандартларига тўла мос келувчи аччиқ қалампир етиштириш борасида етарли кўникма ва билимга эга эмас. Бу эса уларни соҳадаги энг сўнгги янгиликлар, чет элда кенг қўлланаётган ушбу маҳсулотни парваришлаш агротехнологиялари, касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш усуллари билан батафсил таништиришни тақозо этади.
Миришкор туманида Тошкент давлат аграр университети ташаббуси билан ташкил этилган ўқув-амалий семинарда ана шу масалага асосий эътибор қаратилди. Тадбирга жорий йилдан аччиқ қалампир етиштириш билан шуғулланувчи фермер ва деҳқон хўжалиги раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахассислари жалб қилинди.
Семинарда Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳамда Жанубий Кореянинг KOPIA ташкилоти вакиллари ҳам иштирок этиб, мамлакатимиз тупроқ-иқлим шароитида аччиқ қалампир етиштириш, яратилган янги навлар, бу борадаги хориж тажрибаси, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш имкониятлари ҳақида йиғилганларга маълумот беришди.
- Аччиқ қалампир асосан жанубий минтақаларда жойлашган мамлакатларда ўстирилади, - дейди Тошкент давлат аграр университети илмий ишлар проректори Мақсуд Адилов. – Бугунги кунда у ташқи бозорда талаб юқори бўлган маҳсулотлар сирасига киради. Унинг экспортбоплиги, нархи аччиқлик даражасига қараб белгиланади. Маълум меъёрларга жавоб берувчи қалампир эса жуда юқори баҳоланади. Агар биз ҳам жиддий ҳаракат қилсак, ушбу маҳсулотни етказиб берувчи етакчи мамлакатга айлана оламиз. Асосийси, унга доим харидор топилади.
Тадбирда қалампир экишда ҳудуд иқлими эътиборга олиниши кераклиги, ўртача шўрланган ерларда яхши ҳосил бериши, уни шўр сув билан суғориб бўлмаслиги таъкидланди. Қолаверса, тадбир давомида ривожланган мамлакатларда фойдаланилаётган, аччиқ қалампирни қуритиш ва қайта ишлашга ихтисослашган ихчам қувватлар ва энергиятежамкор технологиялар, уларнинг хусусиятлари ҳақида тақдимот намойиш қилинди.
Бундан ташқари, KOPIA ташкилоти вакили ўз мамлакати - Жанубий Кореяда сабзавотчиликнинг мазкур тармоғи ривожи, соҳада эришилаётган ютуқлар, истеъмол бозори аҳволи ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан ўртоқлашди. Хорижлик профессор қашқадарёлик деҳқонлар етиштирган маҳсулотини Жанубий Кореяга экспорт қилиш борасида катта имкониятга эга экани, фақат аччиқ қалампир сифатли бўлишини таъминлашга устувор аҳамият қаратиш кераклигини айтиб ўтди.
Семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан жавоб олишди.
Тадбир сўнгида қатнашчиларга Тошкент давлат аграр университети олимлари томонидан тайёрланган, аччиқ қалампир етиштиришда эътибор қаратиш лозим бўлган, илмий асосланган тавсиялар жамланган махсус қўлланмалар тарқатилди.
Мирзоҳид ЖЎРАЕВ тайёрлади.