Меню

Қашқадарё

13.10.2020 1765

АБУЛ МЎЪИЙН АН-НАСАФИЙ ЗИЁРАТГОҲИДА ҚАНДАЙ ЎЗГАРИШЛАР БЎЛДИ?

Суратли таққос

Хабарингиз бор, Президент ташаббуси билан улуғ аллома Абул Мўъийн ан-Насафий абадий қўним топган масканни обод қилиш, у зотнинг илмий меросини чуқур тадқиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар қилинмоқда.

  Шу ўринда бир мулоҳазаки, буюк инсонлар вафот этса ҳам, ҳатто орадан минг йиллар ўтиб кетган бўлса-да, одамларга ундан манфаат етавераркан. Буюк ватандошимиз асарлари  берадиган билим, маънавий озуқа - бу энди алоҳида, улкан масала, аммо биргина у боис амалга оширилган  бунёдкорлик ишларининг ўзиёқ буюклардан етадиган нафнинг кичик бир улушини кўрсатиб турибди.

Хўш, аллома абадий қўним топган Қарши тумани Қовчин қишлоғидаги зиёратгоҳда нималар ўзгарди?

Бу борада аниқ тасаввур ҳосил қилишингиз учун эътиборингизга мажмуанинг бундан 4-5 йил олдинги ва ҳозирги суратларини ҳавола қилмоқчимиз.

 

 Айтиш жоиз, аввал зиёратгоҳга қабристон ёнлаб тупроқ йўлдан кириб бориларди. Ҳозир бу йўллар асфальтланган, қабристон эса кўркам ғиштин девор билан тўсилди, деворга ўзига хос безаклар ўрнатилди. Йўл белгиларига менгзаш устунларда Абул Мўъийн ан-Насафий ўгитлари акс этган. Ҳали мажмуа ҳудудига кирмаёқ китоб шаклидаги монументда зиёратгоҳ ҳақида маълумот берувчи улкан лавҳа қўйилди. Унинг орқа томонида эса зиёратчилар учун меҳмонхона тикланмоқда. Сал нарида автотураргоҳ бўлади.

Кираверишни аввал янтоқ, ажриқ босиб ётарди, ҳозир бу ерлар йил-ўн икки ой гулу гулзор. Буни ўтган йили Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳида бўлган мисрлик олим ҳам ҳайрат билан эътироф этганди: "Декабрда, айни қишда гул ўсиб турибди!"

 

Кириш дарвозасига етмай туриб, катта илонизи ариқ оқиб ўтарди. Ажриқ, қурум босиб ётиб, кўрган кўнгилга ҳеч ўтиришмасди. Эндиликда у текисланиб, ичига манзарали тош териб чиқилди, катта чархпалак ўрнатилди. У гўёки тарих ғилдираги айланиши, ҳақиқат, адолат барибир тантана қилишидан далолат бериб тургандек.

Чархпалакдан ўнг тарафда қассобхона - қурбонликлар шу ерда қилиниб, эҳтиёжманд, кам таъминланган оилаларга тарқатилади.

Кейинроқда таҳоратхона - зиёратга, ибодатга келганлар покланиб олишлари учун барча шароит муҳайё этилган. Аввал шуларнинг ўрнида кимнингдир ҳовлисининг адоғи, молхона ё қўйхонаси бўларди-да.

 

Аввалги икки қатор ғишт терилиб, темир панжара қўйилган дарвоза бутунлай олиб ташланиб, ўрнида муҳташам залли, гумбазли дарвозахона барпо қилинди. Бу ердан кириб бораркансиз, сеҳрли бир оламга қадам қўяётгандек ҳис этасиз ўзингизни. Масжид гумбазлари узра бепоён осмон кенгликлари кўзга ташланади.

Олдин зиёратгоҳ ҳовлисини ҳайҳотдек ҳовуз эгаллаб ётар, ичида суви ҳам бўлмасди. Ҳозир унинг ўрнида масжид ва мақбара томон борадиган узун йўлак барпо этилган. Тўрдаги эски масжид янгиланиб, ёнидан янгиси қўшилди. Мақбара қайтадан таъмирланди.

Кўп асрлик кириш дарвозаси эса узоқ мозий намунаси сифатида сақлаб қолинди. Унга, неча юз йиллардан бери сақланиб қолаётган ғиштларга боқиб, умрнинг ўткинчи экани, шундай экан, ҳаётнинг ҳар дамини унумли ўтказиш зарурлиги ҳақидаги ўйларга бериласан киши.

 

Дарвоқе, боя айтганимиз - илонизи ариқ бўйида кўп асрлик тутлар ҳам сақлаб қолинди. Уларнинг атрофи ўралиб, дарахтнинг ёши ҳақидаги маълумотлар келтирилди.

Айвонлар, ўриндиқлар бир зум нафас ростлаб, ҳаёт гўзалликларидан баҳра олишга, ўтмиш ва бугун ҳақида мушоҳада юритишга фурсат ҳозирлайди.

Қизиққан киши мажмуадаги кутубхонага кириб, диний-маърифий китоблар мутолаа этиши мумкин. Мажмуада Хитой ипак қоғозига битилган Қуръони карим қўлёзмаси мавжуд, бир вақтлар духтархона, яъни хотин-қизлар мадрасаси бўлган. Буям зиёратгоҳга бўлган қизиқишни оширади.

Бир сўз билан айтганда, Абул Мўъийн ан-Насафий зиёратгоҳидаги ўзгаришларнинг санаб адоғига етиш қийин. Энг яхшиси, уни бориб, ҳар бир киши ўз кўзи билан кўриши керак.

Б.САЙФИЕВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!