Меню

Қашқадарё

26.04.2024 4791

Абу Райҳон Беруний ва Абу Муин Насафий ҳақидаги драмалар жамланган “Жавоҳирот” китоби тақдимоти ўтказилди

Вилоят мусиқали драма театрида филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмоновнинг “Жавоҳирот” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан ташкил этилган ушбу тақдимотда тарихчилар, адабиётшунос олимлар, бадиий сўз ихлосмандлари, ёшлар, ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этиш жоиз, Нафас Шодмоновнинг “Нуҳ кемаси”, “Ҳисобини билганлар”, “Оқсарой”, “Қобил ила Ҳобил”, “Бахши”, “Широқ”, “Нахшаб афсонаси”, “Оқсарой” каби драмалари мутахассислар ва томошабинлар эътирофини қозонган.

“Жавоҳирот” китобидан ўрин олган “Абу Райҳон Беруний” ҳамда “Абу Муин Насафий” номли икки драмаси эса миллатимиз ўтмишини безаган, жаҳоншумул аҳамиятга молик шахслар ҳаёт йўлига доир муҳим эпизодларни бадиий жилвалантириши билан ўзига хосдир.

“Астрономия ва математика, астрология ва жўғрофия, антропология ва этнография, археология ва фалсафа, ботаника ва минерология унинг буюк номисиз қашшоқлашиб қолган бўларди”, дея таъриф берилган Абу Райҳон Беруний ҳақида яратилган асарлар кўп. Янги драма қомусий олим ҳаёти ва илмий фаолиятига янгича назарни акс эттиргани билан аҳамиятлидир.

Абу Муин Насафий “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Баҳрул калом” сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган зот саналади. Ислом оламида “Ҳақиқат қиличи” номи билан танилган буюк ватандошимиз ибоҳия, хорижия, мўътазилия, қадария, жабария каби ботил фирқаларга асосли раддиялар берган ва динимиз софлигини сақлашга катта ҳисса қўшган.

“Жавоҳирот” китоби Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан нашрга тайёрланди ва Тошкент шаҳридаги “Адабиёт” нашриётида 1000 нусхада чоп этилди.

Тақдимотда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Комила Карамова, фалсафа фанлари доктори, профессор Санжар Чориев, филология фанлари доктори Шаҳобиддин Нуриддинов, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Муяссар Тиловованинг китоб аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазалари тингланди.

- Абу Райҳон Беруний ва Абу Муин Насафий каби зотлар ҳақида сўз айта олишнинг ўзи катта жасорат, юксак билим ва салоҳиятни тақозо этади, - деди Комила Карамова. – Нафас Шодмоновнинг “Жавоҳирот” китоби нафақат воҳамиз, балки юртимиз илмий жамоатчилиги, зиёлилари учун ўзига хос туҳфа бўлди. Бўлимимиз ана шундай сара, етук асарларни нашрга тайёрлашни мақсад қилган ва бу анъана бардавом бўлади.

Тадбир доирасида, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Абу Муин Насафий” спектакли ҳам намойиш этилди.

Б.САЙФИЕВ

Суратларда: тақдимотдан лавҳалар.

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!