Меню
Қашқадарё
АБУ-Л-МУЪИН АН-НАСАФИЙ ЗИЁРАТГОҲИ
Абу-л-Муъин ан-Насафий калом илмининг буюк намояндаларидан бири бўлиб, у Абу Мансур Мотуридий асос солган мотуридия таълимотининг дунёда кенг миқёсда тарқалишида муҳим роль ўйнаган аллома ҳисобланади. Тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов раҳбарлигида нашр қилинган “Ўзбекистон - буюк алломалар юрти” номли китобда шундай дейилади:
“У (Абу-л-Муъин ан-Насафий)нинг “ан-Насафий” нисбаси билан аталиши хусусида эса барча тарихнавислар якдиллик билан бир хил ёзганлар. Шу билан бирга, баъзи манбаларда ан-Насафийнинг бир қанча муддат Самарқандда яшаганлиги ва сўнгра узоқ йиллар Бухорода муқим истиқомат қилганлиги ҳақида ҳам хабарлар келтирилган...”
Абу-л-Муъин ан-Насафий зиёратгоҳида Хитой ипак қоғозига битилган Қуръони карим қўлёзмаси мавжуд. Бу муқаддас китобнинг бўйи 60, эни 41 сантиметрни ташкил қилади. Мазкур Қуръон учун уста Зариф деган киши томонидан баландлиги 1 метру 60 сантиметрлик лавҳ ясалган. Лавҳда ҳижрий йил ҳисоби билан 1266 (милодий йил бўйича 1851) санаси ёзиб қолдирилган. 12 қатордан иборат форсий шеър лавҳга ўйиб битилган. Шеърнинг мазмуни қуйидагича:
“Эй бандани яхши кўрувчи ва банданинг дўсти, унутишдан қочиб, сенга умид қўлини чўзаман. Бу жаҳонда мағиздан пўстгача сен ўзингсан. Бундан бошқасини сендан сўрашга хоҳиш-истагим йўқ. Сенинг кўмагинг менга раҳнамо бўлсин. Менинг жойим ҳар доим сенда бўлсин. Эй узр истаб келганларнинг узрини қабул қилувчи, сенинг мағфиратинг кўп гуноҳкорлар учун шафоатдир. Сенинг номинг зикри билан менинг жоним чиқсин. Бу йўлни кўрсатувчи мендан пинҳондир...”
Зиёратгоҳ атрофида катта қабристон бор. Зиёратгоҳ билан қабристонни қўшиб ҳисоблаганда, ҳудуд 50 гектардан кўпроқ майдонни эгаллайди. Қабристонда 100 дан ортиқ ҳар хил мармар тошларга битилган ёдгорликлар бор. Ёдгорликларга қараганда, қадимий Ибсан қишлоғидан чиққан олимлар ҳам шу ерда дафн қилинган.
VIII-XII асрда яшаган олимлар ҳақида маълумот берган ас-Самъоний (1113-1167) ўзининг “Ал-Ансоб” (Насабнома) асарида: “Ибсан - Насафдан бир фарсах узоқликдаги қишлоқ. Абу Яъқуб Юсуф ибн Абу Бакр ал-Ибсаний шу қишлоқдан. Бу киши шайх, қори, чиройли сийратли ва кўп ибодат қилувчилардан эдилар. Абу Бакр Муҳаммад ал-Баладийдан таълим олганлар. Насафда бўлганимда Ал-Азрақийнинг “Ахбору Макка” китобини шу кишидан ўқиганман. Ҳижрий 478 (милодий 1086) йилнинг сафар ойида туғилиб, ҳижрий 552 (милодий 1158) йилнинг сафар ойида вафот этганлар”, деб ёзади.
Бу каби яна кўплаб маълумотлар ҳали ўрганишга, тадқиқ қилишга арзийдиган ва шуни кутиб ётган манбалар, ўтмиш сирлари бисёрлигидан дарак беради. Айниқса, мазкур зиёратгоҳ ҳудуди ўзида катта бир тарихни асраб турибди. Шукурки, ватанимиз мустақилликка эришганидан кейин юртимиздаги шундай зиёратгоҳ ва қадамжоларга бўлган муносабат тубдан ўзгариб, улар кўркам ва обод жойларга айлантирилди. Энди Президентимиз кўрсатмасига биноан Абу-л-Муъин ан-Насафий зиёратгоҳи янгидан чирой очиши аждодларга бўлган юксак эҳтиромни билдирса, бу ерда ташкил қилинадиган кутубхона эса улар қолдирган бой маънавий меросни ихлос билан ўқиб-ўрганиш истагида бўлган юртдошларимиз учун катта бир туҳфа бўлиши шубҳасиз.
Руҳиддин АКБАРОВ,
Қарши тумани