Меню
Қашқадарё
АБДУЛЛА ОРИПОВ НОМИДАГИ МАКТАБГА ЎҚУВЧИЛАР САРАЛАНМОҚДА
- Фарзанди мактабимизнинг 5-синфида ўқишини истаган ота-оналардан 80 га яқин ариза келиб тушди, - дейди мактаб директори Хуршида Норхўжаева. – Халқ таълими вазирлиги, Давлат тест маркази ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси мутахассислари томонидан ўтказилган психологик-педагогик тест натижаларига кўра улар орасидан энг иқтидорли 30 нафар ўғил-қиз саралаб олинади. Ҳозир фақат 5-синфда ўқийдиган ўғил-қизлар тест топширишаяпти. 6-, 7-, 8-синфларга мўлжалланган синовлар 15-20 август кунлари оралиғида ўтказилиши мўлжалланган.
Вилоятимизнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар 10 та саволдан иборат тест топшириқларини бажардилар. Саволлар уларнинг ёши ва дунёқарашидан келиб чиққан ҳолда тузилган бўлиб, болаларнинг ижодий тафаккур қобилиятини аниқлашга йўналтирилган.
- Мен она тили, инглиз тили фанларига жуда қизиқаман, - дейди Чироқчи туманидан келган Шаҳзод Раббимов. – Ушбу мактабда ана шу фанлардан чуқурлаштирилган ҳолда билим берилишини эшитиб, ота-онам олиб келишди. Тестдан аъло натижа билан ўтсам, Абдулла Орипов номидаги мактаб-интернатда ўқийман.
Эслатиб ўтамиз, мазкур янги мактаб-интернат 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, фарзанди шу ерда ўқишини истаган ота-оналардан 200 дан зиёд аризалар келиб тушган. Ўқувчиларнинг иқтидори психологик-педагогик диагностика тести ёрдамида аниқланса, билими она тили, адабиёт ва инглиз тили фанларидан тузилган тест саволлари орқали синовдан ўтказилади. 2017-2018 ўқув йилида мактабнинг ҳар бир синфига 30 нафардан иқтидорли ўқувчи қабул қилинади.
Х.ҚИЛИЧЕВА
С.НАРЗИЕВ олган суратлар.