Меню

Қашқадарё

09.04.2024 7178

Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ОТМ кафедралари бўлинмалари ва "Ёш таржимонлар" клуби очилади

Иқтидорли ёшлар - юртимиз келажаги

Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби Қарши давлат университети ва Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатларидаги элчихонасига бириктирилди.

Юртимиздаги ижод мактаблари фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган шу ва бошқа бир қатор муҳим чора-тадбирлар давлатимиз раҳбарининг жорий йил 1 апрелдаги қарорида белгиланди. Унга кўра, олий таълим муассасалари (ОТМ) ўзларига бириктирилган ижод мактабларида шу йил 1 майга қадар тил, адабиёт ва хорижий тиллар йўналишлари бўйича кафедраларининг бўлинмаларини ташкил этиб, 1 сентябргача "Устоз-шогирд" анъаналари асосида ижод мактаблари ўқитувчиларининг касбий ва илмий-ижодий маҳоратини ошириш чораларини кўришади. Шу билан бирга, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар йили соҳа ривожига катта ҳисса қўшган ижодкорларга бағишланган кўрик-танлов ва фан олимпиадаларини уюштиришади ҳамда ўқувчилар учун миллий қадрият ва анъаналарни кенг тарғиб этишга қаратилган маданий-маърифий кечалар, маҳорат дарслари ва ижодий учрашувлар ўтказишади.

Мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари эса янги ўқув йилига қадар ҳар бир ижод мактабига (ҳозир юртимизда уларнинг сони 9 та) хорижий тил бўйича камида иккитадан мутахассисни жалб қилиб, бу таълим муассасаларига хорижий давлатлардаги халқаро мактаблар билан ўқувчи алмашиш  дастурларини амалга оширишга кўмаклашади. 2024-2025 йиллар давомида юртимиздаги барча ижод мактабларида меҳнат қилаётган камида    50 нафар ўқитувчининг хорижий илғор таълим  муассасаларида малака оширишини ташкил этишади. Ўқитувчи ва ўқувчиларни турли йўналишдаги халқаро конференциялар, анжуманлар, фан олимпиадалари, танловлар, ихтисосликка оид кўргазмаларда иштирок этиш учун жалб қилишади. Ижод мактаблари кутубхона фондини хорижий адабиётлар билан бойитиш чораларини кўриб, уларга етакчи хорижий ахборот-кутубхоналари билан алоқа ўрнатишга кўмак беришади.

Қарорда бадиий адабиёт ва бошқа ижод соҳаларига меҳр қўйган иқтидорли ёшларни саралаш ва тарбиялаш, уларнинг истеъдодини ривожлантириш, келажакда ўзбек адабиёти ва санъати, оммавий ахборот воситалари учун муносиб кадрлар тайёрлаш, миллий ўзлигимиз, она Ватанимиз ва халқимизга садоқатли етук ижодкорларнинг янги авлодини камол топтиришга қаратилган яна кўплаб чора-тадбирлар жамланган. Мисол учун, мазкур ҳужжатга асосан 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ижод мактабларида ижтимоий ва ижодий фаол, кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган адиблар ва жамоат арбоблари иштирокида маҳорат дарслари ўтказилади. Айни пайтда жаҳон адабиётининг дурдона асарларини ўзбек тилига бадиий таржима қилиш мақсадида "Ёш таржимонлар" клублари очилади (шу пайтгача ижод мактабларида ўқувчиларда таржима қилиш кўникмасини шакллантириш учун "Ёш таржимонлар тўгараклари" фаолият юритган). 

Ёшларга мумтоз адабиётимиз, жумладан, жадид маърифатпарварларининг Ватанимиз тарихида чуқур из қолдирган бой илмий меросини ўргатиш учун "Матншунослик" дарслари ташкил этилади. Ҳар йили икки маротаба ўқувчиларнинг "Ижод боғидан гулдаста" номли тўпламларини нашр этиш амалиёти жорий қилинади. "Тасвирий санъат ва чизмачилик" фани негизида "Санъат" (ART) фани киритилади, 7-9-синфларнинг "Технология" фани доирасида робототехника асослари ўргатилади. Ижод мактаблари ўқувчиларини ўз ижодий фаолият натижаларини, жумладан, ижтимоий тармоқларда ва онлайн платформаларда тижоратлаштиришга ўргатиш бўйича амалий машғулотлар ўтказилади.

Бундан ташқари, янги ўқув йилидан бошлаб ижод мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчилари учун тегишли идора ва вазирликлар билан биргаликда теле- ва радиоканалларда режиссёр ёрдамчиси, овоз ёзиш режиссёри ассистенти, муҳаррир ёрдамчиси ва репортёр, босма нашриётларда муҳаррир ва дизайнер, театрларда санъатшунослик, актёрлик санъати, режиссёрлик ва бошқа касбларга ўргатиш бўйича амалий дарслар жорий қилинади.

- Шунингдек, мамлакатимиз Президентининг жорий йил 1 апрелдаги қарори билан ижод мактабларини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари ва уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда таълим сифати натижадорлигини ошириш бўйича "йўл харитаси" тасдиқланган, - дейди Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби директори Ёқутой Джамалова. - Ушбу мақсадли кўрсаткичлар ижод мактабларида таълим-тарбия жараёни ҳамда дарсдан ташқари машғулотларнинг сифатини яхшилаш, педагог кадрлар салоҳиятини оширишни тизимли ташкил этишга қаратилган бўлса, "йўл харитаси"да ижод мактаблари тўғрисидаги низомни такомиллаштиришдан тортиб, улар ўртасида соғлом рақобатни  шакллантиришгача чора-тадбирлар белгиланган.

Қарорга асосан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига "Менинг биринчи китобим" лойиҳаси доирасида ҳар бир ижод мактабидан камида икки нафар ўқувчининг ижодий ишлар тўпламини нашр этиш ҳамда анъанавий "Зомин семинари"да ҳар бир ижод мактабидан камида 5 нафардан ижодкор ўқувчиларнинг иштирокини таъминлаш вазифаси юклатилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги эса ҳар бир ижод мактабини "Туркий адабиёт дурдоналари" номли 100 жилддан иборат китоблар мажмуаси билан таъминлайди.

Темур НИЗОМОВ тайёрлади.

 

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!