Меню

Қашқадарё

05.04.2024 5422

“Абдулла Орипов ижоди билимдонлари” танлови ўтказилди

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 83 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими томонидан “Абдулла Орипов ижоди билимдонлари” танлови ўтказилди.

Танлов 2 босқичда ташкил этилди. Даставвал марказ вилоят бўлимининг Telegram ижтимоий тармоғидаги qashqadaryo_ziyo каналида онлайн- викторина ўтказилиб, 5 кун давомида Абдулла Орипов ҳаёти ва ижоди бўйича саволлар эълон қилиб борилди. Биринчи бўлиб тўғри жавоб йўллаган иштирокчилар эса кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритишди.

- Абдулла Орипов ижодига бағишланган онлайн-викторинада минглаб иштирокчилар қатнашиб, ўз жавобларини йўллагани шоир ижодига қизиқиш юқори эканини кўрсатади, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Қашқадарё вилояти бўлими мутахассиси Лазизбек Нарзуллаев. – Эътиборли жиҳати, ушбу босқичда ғолибликни қўлга киритганлар орасида она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари, ижодкорлар, адабиёт билимдонлари баробарида умумтаълим мактабларининг 5-синф ўқувчилари ҳам бор. Баъзи ўринларда ана шу ўқувчилар Абдулла Орипов шеърларини ўзидан катталардан кўпроқ билишини намоён этганини ҳам эътироф этиш даркор.

Қарши шаҳридаги Маънавият масканида ўтган танловнинг иккинчи босқичида иштирокчилар “Шеърий парча” ҳамда “Савол-жавоб” шартлари орқали билим ва иқтидорларини намоён этишди.

Оқшомдан бошлангай одатда тонглар,

Сукутдан узилгай, гулдурос, бонглар.

Бошинг букма сира, хокисор банда,

Эрта руҳинг топгай олий оҳанглар.

Танлов иштирокчиларига дастлабки – “Шеърий парча” шартида Абдулла Орипов ижодига оид ана шундай тўрт мисра шеър ҳавола қилиниб, унда тушириб қолдирилган иккита сўзни топиш сўралди.

Сўнг ушбу парчани шарҳлаб бериш талаб этилиб, бунда шеър мазмун-моҳияти нечоғлик очиб берилишига асосий эътибор қаратилди.

Танловнинг  иккинчи -  “Савол-жавоб” шартида 2 тадан саволга жавоб бериш сўралди. Саволларнинг бири шоир шеърлари билан, иккинчиси ҳаёти ва ижодий фаолияти билан боғлиқ бўлди.

Мисол учун, Абдулла Орипов “У кетса, юлдуз-ку юлдуз, Қулаб тушса арзийди осмон” деганда, нимани назарда тутган? Шоир ижодига бефарқ бўлмаган, адабий жараёнлардан бохабар, мантиқий фикрлаган иштирокчилар саволларга осон жавоб топишди. Хусусан, юқоридаги саволнинг жавоби Она эканини шеър ихлосмандлари дарҳол билади.

Якуний натижаларга кўра, Қарши давлат университети стажёр ўқитувчиси Жобир Исматуллоев 1-ўринни эгаллади. Қарши шаҳридаги 23-мактаб ўқувчиси Мафтуна Темирова 2- ва Шаҳрисабз туманидаги 48-мактаб ўқитувчиси Ҳилола Қодирова 3-ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва иштирокчиларга диплом, эсдалик совғалари ва китоблар топширилди.

Б.САЙФИЕВ

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!