Меню
Қашқадарё
Абдирашид МИРЗАЕВ: "СПОРТДАН СОҒЛИК ҲАМ, ДОВРУҒ ҲАМ ТОПДИМ"
Ана шундай кунларнинг бирида оқсоқолга Тожикистонда фахрийлар ўртасида самбо кураши бўйича катта мусобақа ўтказилиши, агар хоҳласа, у ҳам иштирок этиши мумкинлиги ҳақида хабар келади.
- Бораман, - дейди ёши етмишни қоралаган Адбирашид полвон қатъий. - Ёшлигимда бундай мусобақаларга чақиришмасди, икки-уч қишлоқдаги тўйкурашдан нарига ўтмасдик. Имконият бор экан, мусобақада қатнашаман, Ватаним шаънини ҳимоя қиламан.
Яқинларининг ҳай-ҳайлашига қарамай, Абдирашид полвон айтганини қилди. Ўзгача иштиёқ, шижоат билан мусобақага жўнаб кетди.
Гарчанд мусобақа фахрийлар ўртасида бўлса-да, баҳслар осон кечмаслиги аён эди. 50 дан ортиқ давлатдан номдор фахрий спортчилар келишган, ҳар бири ўзининг кучу шижоатини яна бир бор майдонда кўрсатишни истарди. Абдирашид бобо ҳам уларнинг қаторида туриб, белни маҳкам бойлади, тан беришни асло ўйламасди.
Баҳслар бошланди. Абдирашид полвон рақибларни бирин-кетин мағлуб этиб, тобора олдинга қараб илдамларди. Ўзи истаганидек, финалга чиқиб, якунда кумуш медаль соҳибига айланди. Унинг шарафига юртимиз байроғи баланд кўтарилди. Абдирашид полвон эса худди ёш боладек қувонар, кўз ёшларини тия олмас, юрт шаъни учун курашмоқ бахти не эканини илк бор қалбдан ҳис этганди.
Ана шунга ҳам 15 йилдан ошибди. Бу йиллар ичида у қанча-қанча турнирларда қатнашмади дейсиз. Мамлакатимизда ўтказилган турнирларда, халқаро миқёсдаги йирик мусобақаларда ҳам иштирок этди. Ўзи орзу қилганидек, шоҳсупага чиқишга, нуфузли ареналарда туриб, байроғимизни баланд кўтаришга, мадҳиямизни жаранг сочдиришга ҳам эришди.
Хусусан, миллий кураш бўйича Термиз шаҳрида ўтказилган Ал-Ҳаким ат-Термизий халқаро турнирида фахрийлар ўртасида шоҳсупанинг энг юқори поғонасига чиқди. Кўксини жаҳон чемпиони эканини акс эттирувчи олтин медаль безади. Қолаверса, Франциядаги халқаро турнирда, Жанубий Кореяда ўтган ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон миллий ўйинлар фестивалида совриндор бўлди. 2009, 2011, 2014 ва 2015 йилларда Ўзбекистон миллий кураш федерацияси томонидан "Энг яхши фахрий курашчи" сифатида эътироф этилди.
Шу билан бир қаторда, мураббийлик бобида ҳам кўплаб ютуқларга эришди. Бугун шогирдлари орасида миллий кураш, дзюдо ва самбо спорт турлари бўйича мамлакат ва Осиё чемпионлари, кўплаб халқаро турнирлар ғолиб ва совриндорлари бор. Айни пайтда ҳам "Абдирашид полвон Мирзаев" кураш клуби спортсевар ёшлар билан гавжум. Бугун бу ерда беш ёшдан 18 ёшгача бўлган юзлаб ўғил-қизлар кураш сирларини ўрганмоқда. 80 ёшни қаршилаган мураббий бобонинг эса шижоати вужудига сиғмайди. Гоҳ шогирдларига янги-янги кураш усулларини ўргатишга тиришса, гоҳида улар билан баб-баравар туриб машқ қилади, бирга югуради, сакрайди, умбалоқ ошади. Ҳамон тетик ва соғлом. Бунинг сирини эса ҳар доим спорт билан шуғулланганида деб билади.
- Ҳаётимда қандай ютуқларга эришган бўлсам, ҳаммаси спортнинг ортидан, - дейди у. - Спортдан соғлик ҳам, довруғ ҳам топдим, озми-кўпми элга, юртга танилдим. Айниқса, шогирдларим ютуқларини кўрганимда қалбим завққа тўлади. Меҳнатларим самара бераётганидан чексиз бахтиёрлик ҳис этаман. Шундай паллаларда чарчоқларни унутиб, улар билан янада кўпроқ ишлагим, янада катта ютуқларни қўлга киритишига ҳисса қўшгим келаверади.
Абдурашид полвон Мирзаевнинг мамлакатимиз спорти ривожи, ёшлар камолоти йўлида амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари давлат даражасида ҳам муносиб эътироф этилмоқда.
Жумладан, Президентимизнинг "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози" фахрий унвони билан тақдирлангани унинг меҳнатига берилган яна бир муносиб баҳо бўлди.
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган сурат.