Меню
Қашқадарё
АҚШнинг машҳур S&P Global Platts агентлиги Oltin Yo‘l GTL лойиҳаси ҳақида мақола эълон қилди
Oltin Yo‘l GTL лойиҳаси доирасида синтетик дизель ёнилғиси ва реактив ёнилғи (авиакеросин), нафта ва суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқариш 2021 йилда бошланади, дея хабар беради S&P Global Platts минтақамизда қурилаётган бу йирик корхона бош директори Фахриддин Абдурасуловнинг гапларига асосланган ҳолда.
-Режамизга кўра, барча қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-ростлаш ишлари жорий йилнинг охиригача якунланиб, маҳсулот ишлаб чиқариш 2021 йилда бошланади, - дея бош директорнинг сўзларидан иқтибос келтиради агентлик.
Ф.Абдурасуловнинг таъкидлашича, энергетика бозорларидаги беқарорлик мажмуани ишга тушириш билан боғлиқ режаларга ўз таъсирини кўрсатмади, зеро лойиҳа бўйича корхона томонидан газ сотиб олиш ва сотиш ҳамда тайёр маҳсулот етказиб бериш бўйича узоқ муддатли келишувлар имзоланган.
-Бироқ Ўзбекистон жаҳон бозорининг тўлақонли иштирокчиси эканлигини ҳисобга олсак, келажакда маҳсулот нархи ва ишлаб чиқариш ҳажмлари, эҳтимол, бозордаги вазиятдан келиб чиқиб ўзгартирилиши ҳам мумкин, - деди у. – Шу билан бирга ишончимиз комилки, маҳсулотларимиз нархи рақобатга бардош бера оладиган даражада бўлади, чунки синтетик суюқ ёнилғи корхонамиз мулкдори саналган “Узбекнефтгаз” АЖнинг ўз газидан ишлаб чиқарилади.
Агентлик қайд этишича, Ўзбекистонда коронавирус пандемиясининг тарқалишига қарши шу йил март ойининг ўртасида амалга киритилган карантин чоралари ҳам лойиҳа билан боғлиқ режалар ва унинг доирасидаги ишларни бажариш муддатларига таъсир кўрсатмаган.
-Oltin Yo‘l GTL лойиҳасининг мамлакат иқтисодиёти ривожи учун ниҳоятда муҳимлигини ҳисобга олиб, қурилиш-монтаж ишлари карантин талаблари, хавфсизлик ва бирламчи ҳимоя чораларига қатъий риоя этган ҳолда, жадал суръатларда давом эттирилаяпти, - деди Ф.Абдурасулов. – Маълумки, GTL маҳсулотлари Ўзбекистон ёқилғи-энергетика мустақиллигини таъминлаш ва мустаҳкамлаш борасида стратегик аҳамиятга эга бўлади. Ишлаб чиқаришимиз бошлангач, республикага дизель ёнилғиси ва авиакеросин импорт қилиш ҳажми кескин камаяди. Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватлари кенгайтирилганидан сўнг эса мазкур корхонага заводимиздан нафта етказиб бериш бошланади ва бу полимер маҳсулотлари ҳажмининг кўпайишига олиб келади.
Эътироф этиш жоизки, АҚШнинг S&P Global Platts агентлиги мунтазам равишда нефть, табиий газ, нефть-кимё маҳсулотлари ва саноат металлари нархларини эълон қилиб боради ҳамда соҳа янгиликлари ва амалдаги котировкалар акс эттирилган қатор ахборот бюллетенларини нашр этади. Буюк Британиянинг Argus Media компанияси билан биргаликда жаҳон нефть ва нефть маҳсулотлари бозоридаги энг катта таъсирга эга котировка агентликларидан ҳисобланади. Ҳар йили «Top 250 Global Energy Company Rankings» - дунёнинг энергетика соҳасидаги 250 та энг йирик компаниялари рейтингини чоп этиши билан ҳам машҳур.
Ўз мухбиримиз